Тадбирда Адлия вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этиб, шу вақтда қадар амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.

Таъкидланишича, вазирлик томонидан Фармоннинг мазмун-моҳияти юзасидан давлат органлари ва аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилида. Хусусан:

- Вазирлар Маҳкамаси билан бирга ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг 1 300 нафардан ортиқ ходимлари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди;

- барча ҳудудларда ҳокимликлар, давлат органлари ҳудудий бўлинмалари масъул раҳбар ва ходимлари учун топшириқлар ижросини “вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида ташкил этиш борасида амалий семинарлар ўтказилди;

- топшириқларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, мазмун-моҳиятини тушунтириш, тўлиқ ва натижали ижро этилишини ташкил этишга доир ҳуқуқий-услубий қўлланма тайёрланиб, 169 та давлат органларига юборилди;

- адлия органининг қуйи тизими орқали топшириқлар ижросини “жойига чиқиб” амалда назорат қилиш, ўрта ва қуйи бўғинларда ишларни реал ҳолатини, муаммоларнинг асл сабабларини ўрганиш ва ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш амалиёти йўлга қўйилди;

- давлат органлари ва ташкилотларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолияти “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” рукни остида телевидениеда кўрсатувлар ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар орқали кенг жамоатчиликка етказилмоқда.

Фармацевтика, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш, темир йўл соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилинди.

Қонун ҳужжатлар лойиҳалари пухта ҳамда профессионал даражада тайёрланганлиги ўрганилиб, уларнинг ижро этилмаслик хавфи лойиҳа босқичидаёқ экспертиза қилинмоқда.

Натижада жорий йилнинг 1-чорагида 293 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 75 таси ёки 25,6 фоизи қонунчилик ҳужжатлари нормаларига зид эканлиги, жиддий (концептуал) камчиликлар мавжудлиги сабабли ташаббускор вазирлик ва идораларга қайтарилди.

Топшириқлар ижроси тармоқ ва ҳудудлар кесимида доимий назоратга олинган бўлиб, тизимли ишлар ташкил этилмоқда.

Бугунги кун ҳолатида 13 мингта топшириқлар давлат органлари ва ташкилотлар иш юритувида ижро жараёнида турибди.

Вазирлик томонидан топшириқлар ижросини муддатида ташкиллаштириш юзасидан идораларга 50 та тақдимнома ҳамда 22 та кўрсатмалар киритилди.

Йиллик манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар дастури асосида ўрганишлар ташкил этилиб, уларда ижро тизимини самарали ташкил этиш ҳамда ижро натижадорлигини таъминлаш бўйича аниқ таклиф ва зарур тавсиялар берилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг март-апрель ойларида Пенсия жамғармаси тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилиши, Энергетика вазирлиги тизимида республика иқтисодиёти ва аҳолисини энергия ресурслари билан таъминлаш, нефть-газ соҳалари ўрганилди.

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан таҳлил натижаларини Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.

Ҳар ҳафта Вазирлар Маҳкамаси аппарати йиғилишида ижро интизоми бўйича камчиликларга йўл қўйган вазирликлар, идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларининг тегишли ўринбосарлари, ижро интизомига масъул мутахассислари ҳисобитини эшитиш тартиби жорий этилди.

Ҳафтанинг пайшанба ва жума кунлари Адлия вазирлигида вазирликлар, идоралар ҳамда ҳокимликларнинг ижро интизомига масъул бўлган ходимларига топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича амалий ва методик кўмаклашилмоқда, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.