Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такоминлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш асосий устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.

 Шундан келиб чиқиб, Нурафшон шаҳридаги Президент мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими билан ҳамкорликида “Китоб — беминнат устоз” мавзусидаги маърифий учрашув ташкил этилди.

 Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, халқ шоири Маҳмуд Тоир иштирок этди.

Адабий тадбирда шоирлар ўз ижодидан шеърлар ўқиди. Ёшлар учун яратилаётган янгидан-янги имтиёз ва имкониятлар уларнинг юксак ахлоқ ва кучли билим соҳиби бўлиб етишишида муҳим омил бўлаётгани урғуланди. Ёшликнинг рангор фасли, шижоат ва интилишлар палласининг қадру баҳоси ҳақида гурунг қизиди.

 Эртамизнинг муносиб давомчилари учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 1000 дона бадиий китоб совға қилди, деб ёзмоқда Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати.