Қутловда сўнгги йилларда прокуратура органлари фаолиятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида улар халққа яқин бўлиб, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бевосита жойларда таъминлаётган тизимга айлангани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, ўтган йилда қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 54 мингга яқин мурожаат, жумладан 29 мингга яқин тадбиркорнинг масалалари ижобий ҳал этилгани прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди.

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли профилактика ишлари асосида оғир тоифадаги маҳаллалар сони қарийб 1,5 баробар камайди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида минглаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, давлат ва жамият манфаатларига етказилган катта миқдордаги зарарлар ундирилди.

Президент табригида рақамлаштириш, кибержиноятларга қарши курашиш, тергов жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш долзарб вазифа экани алоҳида таъкидланган. Прокуратура ходимлари қонун устуворлиги ва адолат тимсоли бўлиши, халқ ишончини оқлаши зарурлиги қайд этилган.

Давлат раҳбари ўз қутловида прокуратура органлари ходимларига масъулиятли ва шарафли хизматида улкан муваффақиятлар тилади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан прокуратура ходимларидан бир гуруҳи орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Бугунги тадбирда Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Нодира Хакимова ушбу юксак мукофотларни топширди.