Бу каби рақамлар, ўз навбатида, сўнги пайтда иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлардан далолат беради. Шу ўринда Президентимизнинг 2020 йил 28 май куни ўтказилган йиғилишдаги ушбу сўзлари ёдга келади:
— Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монополь корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз...
Шундай экан, ўтган вақт мобайнида масъул идоралар ўз зиммаларидаги ишларни ривожлантириш, монополияга қарши курашиш юзасидан қатъий чоралар кўриш, мутлақо янги тизим яратиш, умуман барча соҳада шиддат билан ўзгараётган даврда рақобатга тайёр бўлиш юзасидан юклатилган вазифаларни қандай бажаряпти? Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, давлат харид нархларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар амалда қандай натижалар беряпти?
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шоҳруҳ ШОРАҲМEТОВ билан суҳбатимизнинг асосий мазмунини шу каби саволларга жавоблар белгилади.
— «Рақобат» сўзининг талқини кўп қиррали. У олдинга интилтирувчи куч, бозордаги ишлар ва хизматларнинг сифатига ҳамда нархига бевосита таъсир кўрсатувчи тизим ҳисобланиб, рақобатга зид хатти-ҳаракатлар нафақат мамлакат иқтисодиётига зарар етказади, балки истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳам поймол бўлишига олиб келади.
Демак, рақобат муҳитини таъминлаш қонун устуворлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шундан келиб чиқилганда, мамлакатимизда монополияга қарши курашиш тизими фаолиятининг ҳуқуқий асослари бугунги кун талабларига нечоғлик жавоб беради?
—Ҳақиқатан, иқтисодиётни ривожлантиришда самарали рақобат муҳитини яратиш — давлатнинг энг устувор вазифалардан бири. Бу мақсадга эришиш учун товар ва молия бозорларида монополияни босқичма-босқич камайтириш, иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш, имтиёз ва преференциялар бериш тизими самарадорлигини ошириш, нархни ортиқча тартибга солишдан воз кечишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни, улар эса, ўз навбатида, пухта ишланган ҳуқуқий асосларни талаб этади.
Президентимизнинг 2019 йил 14 январдаги «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан, Монополияга қарши курашиш қўмитасини алоҳида давлат ташкилоти сифатида ажратиш мақсадга мувофиқ деб топилди ҳамда 2020 йил 6 июлдаги «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, қўмита Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Президентга ҳисобдор қилиб белгиланди.
Қўмита томонидан янги тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, қабул қилинган ҳужжатлар рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратиб келиняпти. Кейинги пайтда 42 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди. Мисол учун Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси тасдиқланди ва унинг асосий йўналишлари этиб давлат иштирокидаги корхоналар, шу жумладан, ДУКларнинг асослантирмасдан ташкил этилишига, йўл қўймаслик ҳамда рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини чеклаш, «сот ёки тушунтир» тамойилини жорий этиш белгиланди.
Бу ва бошқа ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш доирасида сўнгги икки йилда ДУКлар сони 22 фоизга, давлат улуши мавжуд МЧЖлар сони 23 фоизга, жами давлат иштирокидаги корхоналар эса 35 фоизга қисқарди.
— Президентимиз 2022 йил 8 апрель куни «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Унда қўмита зиммасига яна қандай янги вазифалар юклатилди?
— Фармонда иқтисодиётда товар ва молия бозорларидаги рақобатни янада ривожлантириш ҳамда монополияга қарши курашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, молиявий жарималарнинг аниқ миқдорлари ва уларни қўллаш тартибини назарда тутувчи янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда, рақобатга қарши ҳаракатларнинг бошқа турлари учун жавобгарлик ҳам назарда тутиляпти. Яъни, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хомашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишига ноқонуний тўсиқлар қўйгани, лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат корхоналари ва юридик шаҳслар томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилгани, монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотлар, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этгани учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.
Бундан ташқари, 13 та фаолият тури бўйича хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Иқтисодиётда рақобат муҳити ҳолатини баҳолаш тизимини татбиқ этиш мақсадида Рақобат ривожланиши индексини жорий этилади. Қўмита ҳузурида Рақобат сиёсати ва табиий монополиялар муаммолари бўйича тадқиқотлар маркази ташкил этилади.
— Кейинги пайтда монополияга қарши комплеанс тизимини жорий этилишга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни «тартибга солиш гильотинаси» тамоилини қўллашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу амалда қандай самара беряпти?
— Аввало, ушбу рақамларга эътибор қаратмоқчиман. Ўтган йил бошида давлат иштирокидаги корхоналар сони икки ярим мингдан ортиқни (2541 та) ташкил этган, уларнинг қарийб ярми (1210 та ) унитар корхона шаклида фаолият юритган. Бу мамлакатимиз иқтисодиётида давлатнинг иштироки юқорилигича қолаётгаанини ва 55 фоизга тенглигини кўрсатади. Ҳолбуки, ушбу кўрсаткич Жанубий Кореяда — 22 фоизни, Германияда — 18, АҚШда — 11 ва Японияда — 5 фоизни ташкил этади.
Айни пайтда мамлакатимизда ҳам бу борада қатъий режа ишлаб чиқилган. Давлат иштирокидаги корхоналар сонини 2025 йилга бориб 75 фоизга қисқариши мўлжалланган. Шу боис бу мақсадга эришишда замонавий тимзимларни қўллашга катта эътибор қаратиляпти.
Монополияга қарши комплаенс — фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар хавфини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган ички ташкилий чора-тадбирлар ва таомиллар тизими ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги «Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан бу тамоилни жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом ва «йўл харитаси» тасдиқланди. Унга мувофиқ,
монополь корхоналарнинг камида 80 фоизида ушбу тизимини жорий қилиш назарда тутилган. Бугунги кунда 79 та, шундан 10 та давлат иштирокидаги корхонада, 33 та монополь, 14 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ва 22 та давлат бошқаруви идорасида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилди.
Ҳукумат қарорида барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишида уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш мажбурий ўтказилиши белгилаб қўйилди. Қўмита томонидан 820 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рақобатга таъсири баҳоланган, шундан қарийб 70 фоизида рақобатга зид нормалар мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимлик органларининг 1,5 мингта рақобатга зид қарорлари бекор қилинди.
2021 йил 1 январдан буён 1000 га яқин белгиланган бюрократик жараёнлар қисқартирилди. Хусусан, 68 та лицензияланадиган фаолият ва 34 та рухсатномалар бекор қилинди ҳамда тартибга солишнинг муқобил усулига ўтказилди. Натижада, тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 125 миллиард сўм маблағи иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қоладиган бўлди.
Давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш мезонларини (табиий монополия, стратегик манфаат соҳасида фаолият юритадиган ва бошқалар) белгилаш, ҳар йили улардан келиб чиқиб, «сот ёки тушунтир» тамойили, яъни агар маълум бир корхонани давлатда ушлаб туришнинг зарурати асослаб берилмаса, уни сотишга мажбур бўладиган янги амалиёт жорий этиляпти.
— Маълумки, бундан икки йил олдин қабул қилинган 2020-2024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегиясида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, рақобатга зид ҳарактларни бартараф этиш вазифалари белгилаб берилган эди. Унинг амалий натижалари қайси соҳаларда кўзга ташланмоқда?
— Мазкур стратегияда кўрилаётган чоралар туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан кўплаб озиқ-овқат (алкоголсиз ичимликлар, шарбатлар, нон, нон маҳсулотлари, гўшт ва сут маҳсулотлари, қандолатчилик маҳсулотлари ва бошқалар) ҳамда айрим ноозиқ-овқат товарлар (мебель, гилам ва гилам маҳсулотлари, тўқимачилик ва бошқалар) бозорларида рақобатнинг ривожланишини таъминлаб, қурилиш материаллари, кабель ва сим маҳсулотлари, пул ўтказмалари хизматлари соҳасида йирик компанияларнинг монополияси тугатилганлиги қайд этилган.
Бу йўналишларда олиб борилган ишлар қатор соҳаларда рақобат муҳити юзага келаёганини кўрсатмоқда. 250 дан ортиқ товар ва молия бозорлари ҳамда Тошкент, Жиззах, Андижон, Наманган, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида рақобат муҳити ҳолати диагностикаси амалга оширилди. Натижада 17 та товар ва хизматлар бозорларига киришни эркинлаштириш ҳисобига етарли рақобат шаклланди ва монополия ҳолатидан чиқарилди, монополь ташкилотлар сони 20 фоизга (2017 йилга нисбатан) камайди.
Бир қатор товар бозорларида тадбиркорларга кириш имконияти енгиллаштирилди. Жумладан, металл маҳсулотлар ишлаб чиқариш бозорида индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди, бу эса бевосита 50 та тадбиркорга ишлаб чиқаришни тиклашга имкон яратди.
Темир йўл вокзаллари биноларида хусусий сектор вакилларига хизмат кўрсатиш учун шароит яратилди. Олдинги даврда тадбиркорларга хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил қилиш тақиқланган эди. Авиаташиш бозорида «очиқ осмон» режими жорий қилиниши ва парвозларга слот ажратилишидаги сунъий тўсиқларни бартараф этишга имкон берди.
Монополиялар ва бозор иштирокчиларнинг рақобатга зид ҳаракатларини бартараф этишга қаратилган ишлар доирасида улар томонидан 5,8 мингдан ортиқ суистеъмолга йўл қўилгани аниқланиб, 140 мингдан зиёд тадбиркор ва истеъмолчининг 260 миллиард сўми қайтарилди ёки кейинги уч йилда ишбилармонларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиниши 4 бараварга ошди. Масалан, ички бозорда пахта ёғи 34 та техник чигит етказиб берувчи ўртасида нархларни сунъий равишда кўтариш мақсадидаги келишувлари аниқланди ва бартараф этилди. Натижада чигит нархини 31 фоизга пасайтирилишига эришилди.
Шу ўринда қўмита томонидан 9,8 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг 572 миллиард сўмлик манфаатлариининг табиий монополиялар томонидан бузилиши ҳолатлари олди олинганини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз бўлади.
— Давлат харидлари доирасидаги савдолар, шунингдек, товар-хом-ашё биржалари савдоларида шаффофлик ва тенг рақобат шароитлари қандай таъминланяпти?
— Давлат хариди товар, иш, хизматларни давлат буюртмачилари томонидан пул тўлаш асосида амалга оширилади. Кейинги пайтда унинг доирасида ўтказилган тендер (танлов) савдоларида 9 мингта рақобатни чекловчи омилларнинг олди олинди ва 2,5 триллион сўм бюджет ҳамда корпоратив маблағларини иқтисод қилишга имконият яратилди. 10 та соҳа ва тармоқларда, жумладан, халқ таълими, мактабгача таълим, автомобиль йўллари, кимё саноати, газ таъминоти, спорт, соғлиқни сақлаш, миллий гвардия, маданият, инновацион ривожланиш соҳаларида давлат харидлари самарадорлиги ўрганилди. Ташкил этилган харид.уз веб-порталида, ғолиб ташкилотнинг таъсисчиси ва бенифициарлари тўғрисидаги маълумотлар таҳлили йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, давлат харидларини шаффофлиги таъминлаш ҳамда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш мақсадида аффилланган шахсларни аниқлашга хизмат қилувчи деморепорт.узех.уз электрон тизими жорий қилинди.
Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йнли қабул қилинган товар-хомашё биржалари савдолари тартибга солишни такомиллаштириш ва уни ривожлантиришга қаратилган қарорларига биноан, юқори ликвидли ва монополь маҳсулотлар сони кенгайтирилди. Биржа савдоларида форвард ва фьючерс шартномалари жорий этилди, ЎзРТХБда Электрон логистика савдо портали ишга туширилди.
Сўнги 2 йилда биржалар орқали сотилиши таъминланган юқори ликвидли ва монополь маҳсулотлар сони 27 тадан 45 тага етказилди (ёки жами савдоларининг 87 фоизи), натижада тадбиркорларга қўшимча 140,7 триллион сўмлик маҳсулотларни сотиб олиш имконияти яратилди.
Минерал ўғитларни тўлиқ биржа савдоларига қўйилиши туфайли «Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг соф фойдаси 2 баробар, «Навоиязот» АЖда 28, «Фарғонаазот» АЖда 20 баробарга ошди.
Манипуляцияларни аниқлаш воситаларининг кучайтирилиши, лицензия талабларига риоя этилиши назоратга олиниши биржа иштирокчилари томонидан 150 га яқин қонунга зид ҳаракатлари бартараф этиш ва 3,8 миллиард сўмлик ортиқча олинган маблағлар тадбиркорларга қайтарилди.
Бензин, шакар, пахта чигити, кальцийланган сода, цемент нархларини ошиши ҳолатларини бартраф қилиш ва уларни барқарорлаштиришга эришилди, Масалан, биржа савдолари орқали бензин сотиб олувчи кунлик харидорлар сони 9 баробарга ошди (40 тадан 368 тага) ва етарлича рақобат муҳити шаклланди. Худди шундай ҳолат суюлтирилган газ бозорида ҳам кузатиляпти. Харидорлар сони шу йилнинг апрель ойида март ойига нисбатан икки баробарга ошиши эвазига маҳсулот нархи ўртача 11 фоизга арзонлашди.
— Соҳа ва тармоқларда рақобат муҳити юзага келса, иқтисодиёт ҳам ташқи рақобатга тайёр бўлади. Бу борадаги энг заиф жойлардан бири етук мутахассисларни тайёрлаш ва улар малакасини ошириш бўлиб келган. Бу борадаги муаммоларни ҳал этишда «муз»жойидан кўчдими?
— Кўчаяпти дейишга асосларимиз бор. Чунки, қўмитанинг бевосита ташаббуси билан Андижон, Қорақалпоқ, Термиз давлат университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига 2020/2021 ўқув йилида «Монополияга қарши бошқарув ва рақобатни ривожлантириш» магистратура мутахассислигига қабул квоталари ажратилди. Тошкент шаҳридаги Инха университетида эса, «Бизнес менеджмент» магистратура йўналишида ўқув жараёнига «Ривожланаётган бозорларда стратегик бошқариш» (Стратегиc Манагемент ин Девелопинг Маркетс) ва «Тадбиркорлик сиёсати» (Энтрепренеуршип Полиcй) фанлари жорий этилди.
Рақобат сиёсати соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Қўмита ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида англашинув меморандуми имзоланди. Шунингдек, тизим ходимларининг доимий равишда малакасини ошириб бориш мақсадида Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда мунтазам равишда ўқув семинарлар ташкил этилиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари 379 тани ташкил этади. Шундан ҳар йили кадрлар алмашиши ҳисобига ходимларни қайта тайёрлаш (ўқитиш) ни қамраб олиш 15 фоиз атрофида бўляпти. Бу эса кадрлар малакасини ошириш етарли даражада эмаслигини кўрсатади.
Айтиб ўтканимиздек, қўмита ҳузурида Рақобат сиёсати ва табиий монополиялар муаммолари бўйича тадқиқотлар маркази иш бошлайди. Унинг вазифаларидан бири қўмита марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари малакасини ошириш бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва ўқув курсларни ташкил этиш ҳисобланади. Ўқув курсларда иқтисодий ислоҳотлар натижалари, монополияларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш бўйича маҳаллий ва ҳалқаро экспертларни жалб этган ҳолда, малака ошириш амалга оширилади.
Бундан ташқари қўшимча равишда иқтисодиёт тармоқларида фаолият олиб бораётган бошқа ташкилотлар ходимларини малакасини ошириш бўйича «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун асосида давлат харидлари, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари, монополияга қарши комплаенс тизими, ҳуқуқбузарликлар хавфини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар ва таомиллар масалалари бўйича ўқув курслари ташкил этилади ва ходимларнинг соҳадаги билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб борилади.
— Айни кунда ва яқин истиқболда иқтисодиётимизда рақобат муҳитини яратиш ҳамда монополияга қарши курашишда, энг аввало, қандай муаммоларни ҳал этиш зарур бўлади, деб ўйлайсиз?
— Таҳлилларга таянадиган бўлсак, охирги икки йилда 20 та янги монополлашган ва 108 та маҳаллий маҳсулотларга тўйинмаган бозор аниқланди. Бугунги кунда 100 дан ортиқ товар бозорида монополия ҳолати сақланиб қолмоқда, шу жумладан, металлургия, нефтни қайта ишлаш, кимё, автомобиль ва машинасозлик, тоғ-кон саноати соҳаларида ҳамда йирик табиий монополия соҳаларининг атрофидаги ёндаш бозорлар ҳам улар томонидан эгаллаб олинаётгани кузатилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 8 апрелдаги «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги фармонига кўра, халқаро молия институтлари ҳамда етарли тажрибага эга илғор халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда, 2023 йил 1 январдан бошлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳар йили Олий Мажлис Сенатига ахборот тақдим этиб борадиган Рақобат ривожланиши индексини жорий қилиш белгиланган.
Бунда, товар ва молия бозорларидаги рақобат муҳити, товар ва молия бозорларга кириш учун тўсиқларнинг бартараф этилганлиги, энергия ресурсларидан ишончли ва барқарор фойдаланиш имконияти ҳамда ушбу ресурслар билан таъминланганлик, хусусий мулк дахлсизлиги ва ер муносабатларининг ривожланганлиги, транспорт ва коммуникация тармоқларидан (шу жумладан, интернет) фойдаланиш, логистика самарадорлиги, муқобил транспорт воситаларининг ўзаро боғлиқлиги (cоннеcтивитй) ва ривожланганлиги асосий баҳолаш мезонлари сифатида кўзда тутилади.
Ушбу индекс товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини яхшилашга ва монополияга қарши курашиш сиёсатини самарадорлигини оширишга қаратилган. Мазкур индекс концепциясини ишлаб чиқишда Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагини жалб қилиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти (ОЭСР) билан ҳаморликда «Сиеменс Интегритй Инитиативе» компаниясининг молиявий кўмаги доирасида уч йиллик «Рақобатбардошликни таъминлашнинг адолатли бозор шартлари» лойиҳасига йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳа доирасида Жазоир, Хорватия, Саудия Арабистони, Сербия, Жанубий Африка Республикаси билан бир қаторда,Ўзбекистон Республикаси бенефициар сифатида танлаб олинган ҳамда уни татбиқ этиш бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланган. Бунда асосий эътибор товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини янада яхшилашга ва тадбиркорлик субъектлари учун юқори даражали рақобатбардош майдон яратишга қаратилади.
Айни пайтда бундай долзарб муаммоларни ҳал этиш устида ишлар кетяпти. Уларнинг ҳал этилиши яқин истиқболда монополлашган товар бозорлари сонини камида 45 фоизга, монополь корхоналар сонини 40 фоизга қисқартириш, эксклюзив ҳуқуқ ва имтиёзларни тақдим этишни кўзда тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг камида 60 фоизини бекор қилиш, иқтисодий эркинлик индексида инвестицион фаолият эркинлиги индикатори бўйича кўрсаткични 20 дан 80 гача ошириш каби вазифалар ижросини таъминлашда мустаҳкам таянч бўлади.
«Янги Ўзбекистон» мухбири
Абдурауф ҚОРЖОВОВ суҳбатлашди