Аммо орамизда шундай инсонлар борки, имконияти чекланганига қарамай, қисматнинг ногоҳ тушган оғир юкидан синмайди. Шукрни шиор қилиб, иродасини тошдек мустаҳкамлаб, кўпчиликка ибрат бўлиб яшай олади.
Эзгуликка тўла қалби, сабри, тинимсиз интилиши ва меҳнати билан намуна бўлиб яшаётган бундай инсонларни ҳақиқий жасорат соҳиблари дегимиз келади.
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Маллаишайх маҳалласида яшовчи 30 ёшли Шамшода Ҳамдамова ана шундай матонат эгаларидан. Оламни кўриш бахтидан эрта мосуво бўлган эса-да, қалб кўзи билан дунёни теран англайди. Бугун ижод маҳсули, изланишлари орқали жуда кўп ютуқларни қўлга киритмоқда. Ҳаётда эришган муваффақиятларини санасак, бармоқлар етмайди.
— Мен ҳеч қачон ногиронман, ожизман деган фикрни онгимга сингдирмаганман. Ота-онамнинг меҳрга тўла нигоҳини, акам ва синглимнинг самимий табассумини ўз кўзларим билан кўриб, вояга етдим, — дейди Шамшода Ҳамдамова. — Устозларимнинг нурли чеҳрасига боқиб, таълим олдим. Тенгдошларим билан қўл ушлашиб, кўчаларни чангитиб, қувноқ болалигимни ўтказдим. Кейинчалик кўзим хиралаша бошлади. Бу синов мени синдирмади, аксинча, янада тоблади. Ҳаётнинг ҳар бир неъматига шукр қилиш, бор имкониятдан унумли фойдаланишни ўргандим. Қалбимдаги нурни атрофдагиларга ҳам улашишга ҳаракат қилиб яшай бошладим. Йиллар давомида ота-онам кўз нуримни тиклаш илинжида бормаган шифо маскани, кўрсатмаган шифокори қолмади. Афсуски, мактабни тугатиш арафасида кўриш қобилиятимни бутунлай йўқотдим. Бу кўргиликни енгиб ўтиш, ҳаётга шунчаки мослашиш мен учун жуда оғир бўлди. Энг зўр шифокорлар муолажасини олсам-да, кўзимга нур қайтмади. Яқинларим қўлимдан ушлаб, пойтахтдаги тажрибали профессорлар қабулига олиб борганида кўнглимда умид учқуни милтиллаб, тузалиб кетишимга қаттиқ ишонардим. Кейин эса эшик ортида туриб эшитганим — уларнинг “Фойдаси йўқ, қизингизнинг кўзи энди бутунлай кўрмайди” деганлари кўксимга наштардай санчиларди. Ахир мен ҳам орзулари осмон қадар баланд, қалбида мусаффо ниятлар мужассам қиз эдим. Ўзимга яраша беғубор орзуларим, катта мақсадларим ва улкан муҳаббатим бор эди. Тенгдошларим қатори ҳаётнинг гўзаллигидан баҳра олиш, завқланишга ҳақли эдим. Аммо қисмат бу неъматни мендан эрта тортиб олди. Шундай бўлса-да, йиғлаб-сиқтаб ўзимнинг ҳам, яқинларимнинг ҳам кўнглини вайрон этмасликка қарор қилдим. Бу дардни пешонамга битилган азалий ёзув деб қабул қилишга интилдим. Кўзи ожиз қиз бўлиб, бутун оғирлигимни ота-онам елкасига ташлаб қўйишни истамадим. Билим олишга қаттиқ киришдим, ижод олами, тафаккур гулшанига ақл-идроким ва бор иқтидорим билан сингиб киришга интила бошладим.
“Илк устозларим ота-онам ва бобом”
Ҳа, бу оламда инсонга яшаш учун кучни ҳеч ким туҳфа қилмайди. Ҳар ким ўз толеига битилган ҳолатни ҳаёт ҳақиқати сифатида тўғри англай олиши керак. Бунинг учун эса ирода мустаҳкам бўлиши шарт. Тўрт мучаси соғ бўлмай туриб дардни унутиш, ғам-ғуссани енгиб, яна ҳамма қатори яшашга бел боғлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Ана шундай оғир дамларда яқинларнинг беминнат меҳри, чексиз муҳаббати кишига яшаш учун куч ва умид бағишлайди. Шамшода ҳам ота-онаси, акаси ва синглисининг қўллови ҳамда меҳри билан ўзини мустақил бошқаришни ўрганди.
Болалигидан ошно бўлган китобларга ва ижод оламига меҳри янада ортди. Шеъриятга қизиқиши болалигидаёқ уйғонган эди. Бобосининг мўъжазгина кутубхонасидаги саноқсиз китоблар, оила даврасидаги баҳрубайтлар, шеърхонлик кечалари юрагига илк илҳом уруғини сочганди.
9-синфда ўқиб юрган кезларидаёқ “Тўлин ой” номли илк китобини нашр эттирди. Ўттиз ёшида ўндан зиёд шеърий ва насрий китоблар муаллифи бўлди. Айниқса, “Ёш китобхон” кўрик-танловининг республика босқичида кетма-кет иккинчи ўринни эгаллаб келаётгани унинг билим ва ижодга чанқоқлигининг яна бир ёрқин далилидир.
— Адабиётга қизиқишим болалигимда уйғонган. Бу йўлда биринчи устозларим ота-онам ва бобом бўлган, — дейди Шамшода. — Талабалик йилларимда университетнинг зиё масканида топилмаган айрим манбаларни бобомнинг шахсий кутубхонасида мутолаа қилганман. Касби ўқитувчи бўлган отам адабиётдан сабоқ берарди. Сара асарларни ўқишимда кутубхоначи бўлиб ишлаган онамнинг таъсири ҳам беқиёс. Ёшим улғайгани сари жиддий мазмундаги адабиёт намуналари мени бутунлай ўзига ром этди. Бешинчи синфдан бошлаб шеър ёзишни машқ қилганман. Дастлаб Бухоро давлат университетининг филология факультетида, кейин эса шу университетнинг магистратура босқичида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олдим. Бу орада “Гапирувчи” дастури асосида компьютерда ишлаш кўникмаларини ўзлаштирдим. Бу имконият мен учун янги бир олам эшигини очди ва илму ижод йўлида мустақил изланишлар олиб боришимга яқин кўмакчи бўлди.
Ютуқлар сарҳисоби
“Ёш китобхон” кўрик-танлови Шамшоданинг ҳаётида алоҳида саҳифа очди. 2021 йилда беллашувнинг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, 30 миллион сўм мукофотни қўлга киритди. 2022 йилда ҳам иккинчи ўринга сазовор бўлиб, 50 миллион сўм билан тақдирланди. Буни қарангки, Шамшода 2025 йилда ҳам иккинчи ўринни эгаллади ва 75 миллион сўм эгаси бўлди. Ёш ижодкорларнинг Зомин семинаридаги иштироки эса унинг ижодида янги йўналиш шаклланишига туртки берди.
Шамшода 2024 йилда “Дуэл” адабий танловида болалар шеърияти йўналиши бўйича ғолиб деб топилиб, 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. 2025 йил Шамшода учун халқаро майдонда ҳам муваффақиятли бўлди. У “International Online Concorso — 3rd Season” ҳамда Туркиянинг “Туркия юлдузлари” халқаро ижодий танловларида болалар адабиётига оид насрий асарлари билан иштирок этиб, ҳар иккисида ҳам биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, ўтган йили Россия илм-фан ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро “Интеллектуал билимдон” олимпиадасида жаҳон адабиёти фанидан биринчи ўринни эгаллади.
Бугун Шамшода Бухоро шаҳридаги 24-кўзи ожиз болалар махсус мактаб-интернатида фаолият юритиб, ўзи ташкил этган ёш ижодкорлар тўгарагида иқтидорли ўқувчиларни шеърият сир-синоатлари билан таништирмоқда. Иқтидорли қизнинг ижоди ва изланишларидаги ютуқларини бирма-бир сарҳисоб қилар эканмиз, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсати изчил ва самарали йўлга қўйилганига яна бир бор амин бўламиз.
“Шундай меҳнаткаш қизим борлигидан фахрланаман”
— “Ёш китобхон” танловига тайёргарлик жараёнида Шамшода атиги 4 соат ухлаб, йигирма соат мутолаа қиларди, — дейди онаси Назмия Раззоқова. — Ўқилиши оғир китобларни ҳам матонат билан ўзлаштирарди. Баъзан қизимнинг қаттиқ чарчаганини кўрганман. Лекин унинг сабри ва иродаси бунга йўл қўймади. Она сифатида шундай меҳнаткаш, қаноатли қизим билан фахрланаман.
Шамшоданинг “Кўнгил гулшани”, “Онам кўзларида бошланар баҳор”, “Тошкўйлакли тошбақа”, “Қуёш парчаси”, “Тилсимли шахмат”, “Мусаффонинг тилаклар ракетаси” каби китоблари аллақачон ўқувчилар меҳрига сазовор бўлган.
“My Miracle” ва “Қасоскор сичқонча” асарлари эса АҚШда инглиз тилида нашр этилди. 2024 йилда чоп этилган “Фил бола ва пингвин қиз ҳангомалари” китоби махсус давлат гранти асосида нашр қилинди. Асарнинг махсус аудио варианти тайёрланди. Шунингдек, Брайл ёзувида ҳам чоп этилди. Айни пайтда Шамшода Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг таянч докторанти.
Замондошларимиз орасида Шамшода сингари матонатли хотин-қизлар талайгина. Улар ҳар бир ишдан ҳикмат топиб яшашга интилади. Гарчи ҳаёт синовлари сабаб имконияти чекланган бўлса-да, шукр қилиб, яшаш учун ўзида куч ва мақсад топа билади.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири