Шу боис, ҳоким ёрдамчилари жойлардаги Президент Халқ қабулхоналари томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланмоқда, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиб келиняпти. Жумладан, Президент Халқ қабулхоналари ходимлари ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчиси билан елкама-елка туриб маҳаллалардаги ҳар бир хонадонни ўрганиш ишларида фаол қатнашди. Аҳолининг муаммолари ва мурожаатлари таҳлил қилинди. Натижада қатор муаммолар борлиги аниқланган бўлса, уларнинг ечимлари ҳам ўз вақтида ҳал этилмоқда. Эътиборлиси, камбағаллик даражаси юқори бўлган аҳоли вакилларига мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб имтиёзли кредитлар ажратиш орқали, нафақат камбағалликдан чиқариш, балки ўз хонадонида тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмак берилмоқда.

Аниқ мисоллар келтирсак. Пойтахтимизнинг Сергели тумани “Нурафшон” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Мирзоҳид Хидиров аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳамда бандлигини таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга оширди. Бу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларга жами 15 — 6 та ишлаб чиқариш, 4 та чорвачилик, 2 та балиқчилик, 3 та иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратилиб, 30 дан ортиқ иш ўрни яратилди.

Халқ дарди бугун бизнинг, том маънода, ҳам ишимиз, ҳам дардимизга айланди. Эътибор қилган сайин муаммолар ва қилиниши лозим бўлган ишлар биз ўйлагандан кўп эканини кўряпмиз, англаяпмиз. Энг муҳими, камбағаллик даражаси юқори бўлган оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш бўйича фуқароларнинг ўз имкониятларидан фойдаланяпмиз.

Нурафшон маҳалласи ерли ҳовлилардан иборат бўлгани учун иссиқхона қуриш, шу орқали деҳқончилик қилиш имконияти мавжуд. Фақат ишни бошлаб олиш учун оилаларга кўмак ҳамда ишонч, бугуннинг тили билан айтганда, мотивация керак. Маҳалладаги 133-а уйда яшовчи Аброр Мирхўжаев хонадонини ўрганганимизда оиланинг бир йиллик даромади ўртача 30-40 миллион сўмни ташкил этиши аниқланди. Оиланинг кам даромадли экани маълум бўлгач, 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ишни йўлга қўйиб олишига кўмаклашилди.

Ҳоким ёрдамчиси М.Хидиров ташаббуси билан мазкур хонадонда янги технологиялар асосида иссиқхонада балиқ етиштириш йўлга қўйилди. А.Мирхўжаев бу бўйича Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги балиқчилик кластерида иш ўрганиб, тажриба тўплаб қайтди. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси билан бирга Янгийўл туманидаги Балиқчилик илмий-тадқиқот институтига ҳам бориб ўз билимини оширди, балиқчиликни қандай йўлга қўйишни, бу борада муваффақиятга эришиш учун нималарга жиддий аҳамият қаратиш лозимлигини мутахассислардан ўрганди.

Айни пайтда А.Мирхўжаев ҳовлисида исиқхона қурилиб, 10х6 ўлчамдаги ҳовузда балиқ боқиляпти. Бир неча ойлардан кейин, яъни сентябрь ойига бориб ҳовузда 3 тонна балиқ етилиши кутилмоқда. Бу ўртача 120 миллион сўм даромад дегани. Сентябрь ойининг ўзида иккинчи навбатдаги балиқ етиштиришга киришилади. Унгача тажриба ортади, шунинг учун тадбиркор кўпроқ балиқ чавоқлари ташламоқчи.

Ҳисоб-китоб қилиб кўрдик: битта ҳовузда 5–6 тоннагача балиқ етиштирса бўларкан. Бу 200–240 миллион сўм даромад келишини билдиради. Бир йилда жами 300–400 миллион сўмгача даромад олиш мумкин экан. Тадбиркорларимизда бу соҳага қизиқиш тобора ортмоқда.

Тумандаги 46 маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан 260 дан ортиқ фуқарога кредит ажратилиб, 1000 га яқин иш ўринлари ташкил этилди, 2800 га яқин ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди. Натижада кўплаб оилалар камбағалликдан чиқарилди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқда.

“Биз ҳам давлатимиз томонидан берилаётган имкониятдан фойдаланайлик”, деб ҳар куни маҳаллаларда ёшу кекса қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳам бизнинг кичкина бўлса-да ютуғимиз, албатта. Ушбу тизим бизга халқ билан, жамият билан қандай ишлаш кераклиги ва аҳоли муаммоларини ҳал қилишда қандай йўл тутишни ўргатяпти.

Зикрилла РАСУЛОВ, 

Сергели тумани Халқ  қабулхонаси мудири