Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Учрашув Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика идоралари ҳамраислигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон томонидан вазир ўринбосари Умид Мамадаминов ҳамда вазирлик масъул ходими Умархўжа Ниғмонов иштирок этди.

Музокаралар давомида томонларҚамбарота ГЭС-1” лойиҳасини амалга оширишга оид ҳукуматлараро келишув лойиҳасини муҳокама қилди.

Мазкур лойиҳа сув-энергетика соҳасидаги муҳим минтақавий ташаббуслардан бири бўлиб, Марказий Осиё давлатларининг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Лойиҳа доирасида Қирғизистон ҳудудидаги Норин дарёсида қуввати 1880 МВт бўлган йирик гидроэлектр станция қурилиши режалаштирилган.

Музокараларда уч мамлакатнинг тегишли давлат органлари ва соҳавий ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Жаҳон банки вакиллари кузатувчи сифатида қатнашиб, ушбу ташкилотнинг лойиҳадаги асосий халқаро молиявий шерик сифатидаги ўрнини тасдиқлади.

Учрашув якунида томонлар ҳукуматлараро келишувни келишиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Навбатдаги музокаралар 2026 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.