Мамлакатимизда таълимнинг барча босқичларини, хусусан, халқ таълимини тизимли ислоҳ қилиш ёш авлодни маънавийахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг муҳим шартидир. бу эса, ўз навбатида, ўқувтарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллашни талаб этади.

Ўқитиш соҳасидаги янгиланишлар жараёнида чет тилларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилгани ёшларимизнинг ўқув ва илмий фаолиятини хориждаги  нуфузли олий таълим ва тадқиқот муассасаларида давом эттиришига хизмат қилади. Президентимизнинг 2021 йил 19  майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, институтимизга қабул квотаси икки, давлат гранти асосида қабул эса уч баробар оширилди.

Чекка ва олис ҳудудлардаги ёшларни ҳам олий таълимга қамраб олиш мақсадида ўтган ўқув йилидан бошлаб Пайариқ ва Нарпай туманларида институтимизнинг хорижий тиллар факультетлари очилди. Уларнинг ҳар бирига 75 тадан қабул квотаси ажратилди. Бундан ташқари, ўтган ўқув йилида бир неча янги таълим йўналишлари ҳам ташкил этилди. Жумладан, бакалавриатнинг кечки таълим шаклида инглиз, немис, француз тили каби йўналишлар очилган бўлса, магистратура мутахассисликлари учун адабиётшунослик: инглиз тили, лингвистика: япон тили, лингвистика: араб тили ҳамда бадиий таржима каби мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Шунингдек, қўшма таълим дастурлари доирасида Россия Федерациясининг Белгород давлат миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликда филология ва тилларни ўқитиш: рус тили қўшма таълим йўналиши фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда институтимиздаги факультетлар сони 4 тадан 8 тага, кафедралар эса 20 тадан 24 тага етказилди. Жорий ўқув йилидан бошлаб институтимизда қўшимча янги таълим йўналишлари ташкил этилди.

Жумладан, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ўзбек тили ва адабиёти ҳамда компьютер лингвистикаси, кечки таълим шаклида филология ва тилларни ўқитиш: испан тили, филология ва тилларни ўқитиш: корейс тили, филология ва тилларни ўқитиш: япон тили каби йўналишлар очилди. Қўшма таълим дастурларига келсак, бу йилда бакалавриат босқичида Туркиянинг Меҳмет Акиф Эрсой университети билан ҳамкорликда турк тилини, Испаниянинг Кастилла-Ла Манча университети билан ҳамкорликда эса испан тилини ўқитиш бўйича қўшма таълим дастурларини ташкил этишни режалаштирганмиз.

Бундан ташқари, талабаларни иш билан таъминлаш ҳамда уларга имконият ва қулайликлар яратиш, қўшимча иш ўринларини очиш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Жумладан, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Талабаларимизнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида Германиядаги “The Simson Private Academy” ва “Globalconsult” бандлик фирмалари билан биргаликда немис тили бўйича камида В1 халқаро тил билиш даражасига эга битирувчиларни, биринчи навбатда, амалиётга йўллаш, ундан сўнг иш билан таъминлаш борасида келишувга эришганмиз.

Германиянинг “The Simson Private Academy” агентлиги раҳбарияти, Тюрингия вилояти малакали ишчиларни ёллаш агентлиги ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда битирувчиларни касбга қайта тайёрлаш марказини ташкил этишга келишилди ва бу борада ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланган. Ҳамкорлик мақсадига кўра, немис тили бўйича B1 даражага эга бўлган битирувчилар Германиянинг нуфузли фирмаларида турли соҳалар бўйича дастлаб 6 ой давомида стажировка ўтайди.

Дуал таълим сифатида битирувчилар касб ўрганиш билан бирга, немис тилини ҳам пухта эгаллайди. Умумтаълим муассасалари билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Институтимизга вилоятдаги юздан зиёд мактаб бириктирилган. Уларга тажрибали раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилар масъул этиб белгиланган. Ўқув-методик ёрдам бериш билан бирга, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда.

Ўтган даврда институт ҳисобидан 60 миллион сўмдан зиёд маблағ шу мақсадда сарфланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрдаги “Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб 10 та олий таълим муассасасига, хусусан, Самарқанд давлат чет тиллар институтига ҳам молиявий мустақиллик берилган эди.

Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, бундай олийгоҳлар сони 35 тага етказилди.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтганимиз боис, охирги икки йилда талабалар мунтазам моддий рағбатлантирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимоясига эътибор кучайтирилди. Жумладан, ўтган ўқув йилида 3 нафар талабамизнинг шартнома пулини тўлаш имконияти мавжуд эмаслиги ҳақидаги мурожаати ўрганиб чиқилди ва институт ҳисобидан шартнома суммаси ўтказиб берилди.

Иқтидорли, етим, чин етим, ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бўлган талабаларнинг “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” рўйхати шакллантирилди. Натижада 67 нафар шу тоифага мансуб талабанинг контракт пули тўлаб берилди, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланди. Бу борада тегишли ҳокимликлар ҳам яқиндан кўмак бермоқда. Жумладан, ўтган ўқув йилида ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба қизлар рўйхати шакллантирилиб, яшаш жойларидаги ҳокимликларга юборилди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги 11 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба қизнинг умумий ҳисобда қарийб 80 миллион сўмлик тўлов-контракти учун маблағ ажратди. Институтимиз томонидан эса 39 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба қизнинг ўқиши учун 273 миллион сўмдан зиёд маблағ тўлаб берилди. Бундан ташқари, аъло баҳоларга ўқиётган 119 нафар талабамизга қарийб 200 миллион сўм миқдорида моддий рағбат, иқтидорли, фаол ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 125 нафар талабага 130 миллион сўмлик моддий ёрдам тақдим этилди.

Жами 348 нафар талабага қарийб ярим миллиард сўм моддий ёрдам сифатида сарфланди. Мазкур ўқув йилида институтимиз академик лицейи ўқувчилари орасида танлов эълон қилиниб, энг иқтидорлилардан 35 нафари ички стипендияларга тавсия этилди. Уларга ҳам бир марталик ва олти ойлик стипендия пули берилди. Ўқувчилари вилоят ва республика олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаган ва олий таълим муассасаларига кириш борасида 70 фоиздан юқори кўрсаткичга эга бўлган ўқитувчиларнинг 10 нафарига институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 30 фоизгача ойлик устама белгиланди.

Бугун ёшларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук шахслар бўлиб улғайиши учун замонавий, қулай, илғор ва инновацион шарт-шароитлар яратилган. Биргина олий таълим муассасамиз мисолида давлатимиз қаратаётган эътибор нечоғлиқ салмоқли экани хусусида сўз юритдик. Бу имконият ва шарт-шароит ёшларимизни маънавий юксалишга, ҳар дақиқанинг қадрига етишга, ундан ҳикмат излаб яшашга даъват этади.