Анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги  ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Марказ раҳбарияти, илмий ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 8 апрель куни Марказимизга ташриф буюрди ҳамда олиб борилаётган ишларни кўздан кечириб, ўз маслаҳатларини берди, – дейди Марказ директори Шоазим Миноваров. – Давлатимиз раҳбарининг, “Биз нима учун бу Марказини қуряпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун”, деган сўзлари бизнинг қалбимизга ўзгача шижоат ва фахр бағишлади. Марказ таркибида барча тиллар бўйича салоҳиятли таржимонлар тайёрлаш бўлимини ташкил этиш таклифининг давлат раҳбари томонидан маъқулланиши ташрифдаги энг муҳим жиҳатлардан бири бўлди. Ушбу ташриф жамоамиз олдига янада улкан ва шарафли вазифаларни қўйди.

Шунингдек, тадбирда ўтган давр мобайнида Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон бўлими концепцияси ҳамда бўлим экспозицияси лойиҳаси ишлаб  чиқилганлиги айтиб ўтилди. Мазкур ғоя ва буюк аждодларимиз илмий-маънавий, диний-маърифий меросини тарғиб қилиш, янги юксалиш даври ютуқларини илмий асосда кўрсатиб бериш мақсадида телеканалларда   мунтазам телекўрсатувлар эфирга узатилди, ижтимоий тармоқ ва веб-сайтларда ахборотлар, маълумотлар жойлаштирилди.

“Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” китоб-фотоальбомини тўрт тилда (ўзбек, рус, араб, инглиз)ги нашрини тайёрлаш бўйича ижодий гуруҳ шакллантирилди. Ҳозирда ижодий гуруҳ томонидан фотолаьбомнинг ўзбек тилидаги матни тайёрланди.

“Шарқ ва Ғарб” нодир китоблар коллекцияси фиҳристи ўзбек, рус, инглиз, араб ва француз тилларига таржима қилинди ва 4 жилдда нашрдан чиқарилди.

Айни пайтда Марказ кутубхонаси фонди жами 370 минг 700 та қадимий ёзма манбалар, замонавий нашрлар ва уларнинг электрон нусхалари билан бойитилган. Жумладан, ҳозирда марказ фондида 1088 та қадимий ёзма манбалар бўлиб, улардан 465 таси қўлёзма, 623 таси эса тошбосма манбалардир. Шунингдек, 18 минг 776 та замонавий нашрлар ҳамда 352минг 836 та қадимий ёзма манбалар ва адабиётларнинг электрон нусхалари мавжуд.

Республика фондларида сақланаётган 41 мингдан ортиқ ёзма манбалар тўғрисида маълумотлар базаси яратилиб, уларнинг илмий таҳлили асосида 28 минг манбалар реестри (паспорти) тайёрланди.  

Марказ қошида “Алломалар мероси” ўқув маркази ташкил этилди. Ўқув марказининг жами 12 та филиали фаолият юритмоқда. Ўқув марказида араб тили, хаттотлик, Қуръони каримни ўрганиш бўйича дарслар йўлга қўйилган.

Биринчи бор Ҳазрати Имом мажмуаси майдонида, очиқ осмон остида ўтказилган  илмий-маърифий китоблар кўргазмаси кўплаб юртдошларимизнинг эътирофига сазовор бўлди. Ушба маърифий тадбир доирасида китоблар тақдимоти, таниқли шахслар иштирокида ёшларни илм-маърифатга даъват этадиган суҳбатлар, китобхонлар ўртасидаги совринли танловлар ҳам ўтказилди.  

Анжуман  сўнггида журналистларни қизиқтирган саволларга Марказ раҳбарияти ва унинг масъул ходимлари жавоб беришди.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири