Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифини ёритишда иштирок этаётган журналист Азиза Қурбонова ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида француз туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш борасида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

У Парижда бўлиб ўтадиган ташриф олдидан Туризм қўмитаси тақдимотида франциялик мутахассисга микрофон тутган.

– Ўзбекистонга йилига 23 минг француз саёҳат қилар экан. Сизнингча, бу оқимни яна қандай қилиб кўпайтириш мумкин?

— Менинг ҳисобимча, 23 мингдан кўпроқ француз боради Ўзбекистонга. Лекин туризм қонуниятида шундай муҳим ракурс бор: сайёҳларнинг қанча келиши эмас, улар сизнинг мамлакатингизда қанча пул сарфлаши муҳим. Мен 1998 йилдан буён Ўзбекистонга сайёҳлар юборишни ташкил қиламан. Орада бир тўхтаб ҳам қолдим, чунки у пайт ишлаш жуда қийинлашиб кетди. Сизда жуда зўр тарих бор ва жудаям яхши инсонлар. Французлар бу икки нарсани жуда яхши кўришади. Лекин кўпроқ ёшлар эмас, катталар Ўзбекистонни танлашади. Улар эса катта харажатлар қилишдан олдин узоқ ўйлашади. Нима қилиш керак? Ўрта ёшлилар ва ёшларни қизиқтирадиган йўналишларни очиш керак. Масалан, Амирсойда чанғи комплекси очганингиз жуда яхши бўлган. Шундай лойиҳалар кўпайиши керак. Мени хурсанд қилгани ҳозир Ўзбекистонда жиддий ўзгариш бор, кўп давлатларга визасиз режим қилдингиз, визадан доллар ечишдек муаммони ҳал қилдингиз, бу муаммолар туристларни овора қиларди. Париж аҳолисининг 86 фоизи хизмат кўрсатиб пул топганидек, сизларда ҳам энг чекка жойларда ишсизликни ҳал қилиш мумкин.

Журналист ўз мулоҳазаларида давом этар экан, тарихий обидалар, осори атиқалар ҳақида нега ОАВда контекстлар яратилмаслиги борасида савол ташлайди.

"... тарих учун контекст муҳим. Бизда шу жиҳатдан оқсаш бор. Дейлик, Малевичнинг «қора квадрати»ни ўтириб мен ҳам чиза оламан, лекин унга «санъатнинг ноль нуқтаси бу, реализм ва кубизм жонга тегди, санъат оддий бўлиши керак, дунё геометрия ва рангдан иборат», деган инқилобий фикрли контекст берилгани учун Малевичнинг асари бир миллион долларга сотилади, менинг зериккандан Лореалдек қиммат қаламни увол қилиб чизган қора квадратим эса ҳеч кимга қизиқмас... Масалан, Луврда Мона Лизани кўрганларнинг аксарияти «нимасига шунчалик ваҳима, кичкина бир портрет экан» деб ёзғириб ҳам қўяди, лекин шуни кўриш учун 17 евро тўлаб, соатлаб навбатда туриб, бир кунини кетказиб томоша қилишга ҳамиша тайёр. Бу ерда ҳам контекст иш беради: Леонардо Да Винчи кимни чизган, портретдаги сирли табассум мазмуни нима, чизиш услуби қандай, асар икки марта ўғирланиб қандай топилгани каби контекстлар, ҳикоялар, ахборотлар, тадқиқотлар ва пиар технологиялар унинг машҳурлигини ошираверади. Машҳурлик эса пул келтираверади.

Демак, яна ўйлайман, бундай саволларни қўйиш ва тарғиб қилиш учун одамлар билимли, қизиқувчан ва маиший ҳаётдан устунроқ фикрлар юритишга қодир бўлиши керак.

Нега биз дейлик, Регистон брендини шундай қилолмаймиз? Нега одамларимиз деярли гид хизматидан фойдаланмайди, мактабларда қизиқ ҳикоялар айтилмайди, ОАВда контекстлар яратилмайди?

Мавзудан чиқиб кетдим...

Таълим форуми якунида кичик бўлсада мен айтаётган контекст намойиш қилингани жуда хурсанд қилди. Илк марта Парижда Интерконтинентал меҳмонхонасида Бибихоним кўйлагининг тарихий образи тикланиб, дефилега қўйилди.

Тошкент текстил ва енгил саноат институти проректори Холида Комилованинг айтишича, алвон либоснинг ҳар бир детали испан сайёҳи Клавихо тасвирлагани бўйича тикилган.

Клавихо ёзишича, Бибихонимнинг кўйлаги ниҳоятда муҳташам эди, уни 100 канизак ҳамроҳлик қилиб, кўйлагини кўтарган. Битта либос Амир Темур ва Бибихоним ҳикояларига йўл очади.

Французлар бундай ҳикояларнинг мафтуни экани билиниб турибди. Шу кўйлак баҳона ипак, адрас, атлас, каштали миллий либосларимиз шу ернинг ўзида талаш бўлиб сотиляпти, нархи 1000 доллардан бошланади", дея ёзади Азиза Қурбонова.