Умри давомида ҳаётнинг аччиғи-ю чучуги, шодлиги-ю ташвишларини кўп бора татиган қарияларимизнинг қалби ипак толаларидай нозик бўлади. Салгина эҳтиётсизлик билан айтилган бир гап билан кўнгли озорланиши мумкин. Яхши гап билан эса, тоғдай юксалади.
Бу нуронийлар деярли тенгдош. Уларнинг яшаш тарзи, дунёқараши, ўй-хаёллари турлича. Ёшлик чоғи илм олиб, турли соҳаларда ҳалол, баракали меҳнат қилган, энди қариган чоғида ўз ҳаётларидан мамнун, турли ташвишлардан халос бўлган, ёшини яшаб, ошини ошаган инсонлар.
Авлодлар давомийлиги, уларнинг порлоқ эртасини таъминлашни Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир нуроний ўзининг муқаддас бурчи деб билади. Кўнглида шундай эзгу-ниятларни эъзозлаган инсон, ҳеч қачон ёмонликни ўйламайди, ғаразли ниятлардан нафратланади. Эртанги куннинг қандай бўлиши, ўсиб келаётган ёш авлоднинг қай тарзда тарбия топиб, билим олишига боғлиқ.
Жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири, ўзбек маърифатпарвари, адиб, педагог, атоқли жамоат арбоби Абдулла Авлонийнинг бундан 107 йил илгари “Садоий Туркистон” газетада эълон қилинган мақоласида шундай сатрлар бор:
“Энди вайрона соҳибларини фақир ва зорликда яшаган, бола-чақаларини қўл кучи билан тўйдирадиган, тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотуб, сарф қилмоқдан тортинмайдиган “ҳозирам ҳузурам” деб истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий ва маърифат кутмоқ керак?”.
Орадан юз йилдан ортиқ вақт ўтди. Замон ўзгарди.
Биз фарзандларимизда болаликдан — боғча ёшидан бошлаб, китоб ўқиш кўникмасини шакллантиришимиз керак. Аввало оиладаги муҳит болани тарбиялайди. Халқимиз орасидаги зиёли, ўқимишли, ўз Ватани, халқини, унинг фарзанларини севувчи ҳар бир инсон юртимиз эгаси маънавияти юксак фарзандлардан таркиб топишини орзу қилади.
— Тўғрисини айтсам, мен ўз невараларим ҳақида ўйлаб, улардан қувонган онларимда ўзимдан эмас, балки уларга одоб ўргатиб, илм берган ўқитувчилардан миннатдор бўламан. Шунинг учун ҳам бу олийжаноб касб эгалари олдида ҳамиша бош эгаман, — дейди кекса шифокор Эргаш бобо.
Нуронийлик кексалик гаштини сураётган Раҳим муаллим эса, “биз, кексалар чеккада томошабин бўлиб туришимиз асло мумкин эмас. Ёш ўқитувчиларга ўзимизнинг кўп йиллик тажрибамиз, маҳоратимиз ҳақида маслаҳатларимизни беришимиз ҳам қарз, ҳам фарз. Ҳа, деб ўтиравермасдан, қаддимизни тик тутиб, доимо ҳаракатда бўлишимиз керак”, деди.
Кексаларда орзулар бисёр. Уларнинг тафаккур олами кенг. Фикри, ақли, қалб кечинмалари оқаётган сувдай ўйчан.
– Бугунги ўқитувчининг вазифаси фақат ўқиш ёзишни ўргатиш эмас, айнан у манфаатпарастликка, маънавиятсизликка қарши курашишда муҳим рол ўйнайди, — дея куйинади кекса ўқитувчилардан бири Олим бобо. – Агар ўқитувчи ёш авлодда эзгулик ва беғаразлик куртакларини ўстира олса, биз тор “манфаатдорлик”ни енгган бўламиз.
Дунёпарастлик эмас, илмга иштиёқманд бўлган ёш авлодни тарбиялаш, ўқитувчиларнинг энг асосий вазифаси. Ўқитувчи маънавиятсизлик зарбасини биринчи бўлиб қабул қилиб олади. Бутун жамоатчилик ёрдамга келсагина, ўқитувчининг ота-она, омма орасида ҳурмати ошади.
– Ўқитувчилар ҳамиша жамиятнинг илғор аъзолари сифатида олдинда одимлаб, ўз ақл-идроки, мураббийлик истеъдодлари билан халқ маънавиятини юксалтиришига ишонамиз, – дейди нуронийлар. — Чунки келгусида жамиятнинг қай даражада бўлиши, жумладан ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳам инсоний ва маънавий комиллик даражаларига узвий боғлиқ.
– Бизнинг фикримиз қатъий, агар ҳаётда моддий бойлик мақсадга айланса, шахс таназзулга юз тутади, — дея суҳбатга қўшилади кекса ишбилармон — узоқ йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаганлардан бири Эгам бобо. — Содда қилиб айтадиган бўлсак, моддийлик (пул) билан маънавийлик аралашиб кетса, ривожланишда чалкашликлар вужудга келади.
Одил бобо узоқ ўйланиб гапга қўшилди: “Наврўз байрамидан олдин Президентимизнинг нуронийлар ҳақидаги фармони, ундан кейин шифокорлар, зиёлилар, турли касб эгалари иштирокидаги йиғилишлар кўплаб зиёлиларимиз, айниқса, биз, кексалар қалбини жонлантирди, жунбушга келтирди, уйғоқликка чорлади”.
Ҳа, “оққан дарё оқаверади”, — дейди халқимиз. Одамда билим, онг, тушунча, шижоат бўлмаса, ғоя туғилмайди. Мақсадни кўзлаб ҳаракат қилиш, бу йўлда тўхтамаслик эса, албатта, муваффақиятларга олиб келади.
Бугун мамлакатимизда кекса авлод вакилларига қаратилаётган юксак эътибор шундоқ ҳам уларнинг тилидан тушмас шукроналик ҳиссини минг чандон оширди. Шунинг учун ҳам саксон-тўқсонни қораласа-да, қадди баланд нуронийларимизнинг руҳияти тетик, ишга чанқоқ. Айни қутлуғ кунларда эса, барчасининг дуога очилажак қўллари Яратгандан юртга тинчлигу, мўл ризқ сўрайди. Илоҳим, кексалар дуоси ижобат бўлиб, Ўзбекистонимизда ҳар доим тинчлик хукм сураверсин!
Фарҳод БОБОЖОНОВ,
журналист, “Нуроний” медали соҳиби