Харидор қандай маҳсулотни харид қилади? Кўпроқ қандай маҳсулот истеъмолчини ўзига жалб қилади, деган саволга сифатли, бозорда кўп йиллик тажрибага эга ишончли маҳсулотни, деган жавоб энг тўғри бўлади.

Контрафакт маҳсулот тайёрловчилар ҳам айнан ишончли, бозорда ўз ўрнини топган маҳсулот номини ўзлаштириб, шу ном билан маҳсулот ишлаб чиқаришади. Аммо сифатига келадиган бўлсак, унинг оригинал маҳсулот билан тенг бўлишига кафолат йўқ. Чунки оригинал маҳсулот махсус сифат назоратидан ўтади, корхона замонавий ускуналар амортизациясига доим эътибор қаратади, истеъмолчилар билан мулоқот қилиб, талаб ва таклифини инобатга олади.

Контрафакт ишлаб чиқарувчига эса буларнинг аҳамияти йўқ. Чунки у бугун бир турдаги маҳсулотни тайёрласа, эртага бошқасини чиқаради. Истеъмолчилар ҳам контрафакт маҳсулот фарқига бормай, алданиб қолаверади. Бу худди қармоқсиз балиқ овламоқчи бўлган балиқчи овига ўхшайди.

Энг кўп фойдаланадиган маҳсулотлардан бири шампунь деб олсак, мутахассислар сочларни яхши парваришлар учун фақат бир турдаги шампундан фойдаланишни тавсия қилишади. Лекин Сиз ўзингиз фойдаланадиган маҳсулот ўрнига айнан ўхшаш бўлган бошқа шампунни адашиб олсангиз ва унинг сифати сиз кутгандай бўлиб чиқмаса қандай аҳволга тушасиз? Жазавага тушишингиз аниқ. Чунки қандай қилиб сифатли маҳсулот бир кунда ўзгариб қолиши мумкин, деб ўйлайсиз.

Интеллектуал мулк агентлиги ходимлари мониторинг ишларини олиб бориш давомида АҚШнинг “The Procter & Gamble Company” компаниясига тегишли бўлган “Head & Shoulders” маҳсулоти номидан рухсатсиз фойдаланиб, унинг фақатгина биргина ҳарфини тушириб қолдириб, истеъмолчиларни адаштириш ва товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатини аниқлади. Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга маъмурий баённома расмийлаштирилди ва суд тартибида жарима ундирилди.

Ҳурматли истеъмолчилар! Маҳсулот харид қилганда унинг номи тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотларни текшириб олинг. Агар контрафакт маҳсулотга дуч келсангиз @ima_monitoring_bot телеграм каналига мурожаат қилинг.

Интеллектуал мулк агентлиги ахборот хизмати