Аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш тизими ўз номига муносиб эмаслиги узоқ йиллардан буён дилда бору аммо тилга чиқмайдиган муаммолардан бири эди. Айни пайтда Президентимизнинг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори айнан ана шу муаммони таг-томири билан ҳал этишга қаратилгани билан ҳам кўплаб мутахассислар эътиборини тортмоқда.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга топширилган кўп квартирали уй-жойларни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилиши ҳамда мазкур муддатда кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинадиган бўлди.
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, унинг миқдори уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда нотариал идоралар томонидан тегишли шартномада акс эттирилиши ва янги мулкдор ушбу қарздорлик ҳақида огоҳлантирилиши белгилаб қўйилди.
Бунда кўп квартирали уй-жойларда яшовчи “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мажбурий бадални тўлаб бериш учун субсидия ажратилиши ҳам кўзда тутилди.
Қарорга мувофиқ, энди кўп квартирали уй-жойга туташ ҳудудларда янги объектларни қуриш, мулкдорлар амал қилиши мажбурий бўлган кўп квартирали уй-жойларда умумий мол-мулкни бошқаришнинг талаб ва қоидаларини тасдиқлаш ҳамда уй-жой учун қарз ва кредитларни жалб қилиш уй-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг 80 фоизидан кўпроғи овоз берган тақдирда амалга оширилади. 2021 йил 1 августгача лойиҳа доирасида бириктирилган ҳудудлар, 2022 йилнинг 1 январига қадар эса бутун республикада кўп квартирали уй-жойга хизмат кўрсатиш жараёнига уй-жой мулкдорларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда биллинг тизими жорий қилинади.
2021 йил 1 октябргача кўп квартирали уй-жойларни бошқарувчиларнинг электрон реестри ҳам ишга тушириладиган бўлди. 2021 йил 1 июлдан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш усули ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган уй-жойлар учун жалб этилган кредитларнинг муддатини, маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида уч йилгача узайтириш чоралари кўрилади.
Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати