Президентимизнинг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-59-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Қарши шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси”га асосан Қарши шаҳрида брутто шартнома тизимида хизмат кўрсатувчи навбатдаги, яъни 38 дона замонавий автобуслар ташаббускор тадбиркорлар томонидан келтирилди.

Мазкур жамоат транспорти ҳисобланган автобусларни фойдаланишга топшириш жараёнида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, нуронийларимиз, масъуллар, тадбиркорлар ва ҳайдовчилар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят раҳбари аввало мазкур халқимизга қулайлик яратадиган ва хизмат кўрсатадиган эзгу ишларнинг бошида давлатимиз раҳбари турганликларини таъкидлаб, бу замонавий автобуслар юртдошларимизнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилишида катта аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди. Шундан сўнг, калитлар ҳайдовчиларга топширилиб, автобусларда яратилган қулайлик ва имкониятлар билан танишилди.

Маълумот учун, келтирилган янги автобуслар “Қарши шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси”да белгиланган 2 та йўналишларга жойлаштирилади. Натижада Қарши шаҳрида брутто-шартнома тизимида хизмат кўрсатувчи автобус йўналишлари сони 14 тани ва уларда ҳаракатланадиган автобуслар сони 164 тага етади.