“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадлари қўйилган. Уларнинг барчаси тўғридан-тўғри аҳоли даромадини оширишга боғлиқ бўлмаслиги мумкин, аммо қайсидир жиҳати билан шу мақсадга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатади.

Масалан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробар ошириш ва шу орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4000 долларга етказиш мақсадини олайлик. Бу борадаги лойиҳалар иқтисодиётнинг барча соҳаларини ривожлантиришга туртки бўлади. Пировардида аҳоли фаровонлигини оширишга замин яратади.

Яна бир муҳим мақсад – мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш. Бу борадаги лойиҳалар орқали мамлакатимизга инвестицияларни кўпроқ жалб этиш имконияти яратилади. Замонавий механизмлар такомиллаштирилиши натижасида хорижий инвесторларнинг юртимизга қизиқиши ҳам ортиб боради.

Йиллик ўртача ўсишни 6-7 фоиз даражада сақлаб туриш, инфляцияни 5-6 фоиздан оширмасликни таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Бу имкониятлар иқтисодиёт ўсишига таъсир кўрсатади. Шу орқали тадбиркорлар ва инвесторларнинг эркин фаолият юритиши таъминланади.

Инвестицияларни фаол жалб қилиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, юқори натижаларга эришиляпти. “Ўзбекистон – 2030” лойиҳасида бу жабҳадаги ишларни янада ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусан, келгуси етти йилда умумий миқдорда 250 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиш мўлжалланган.

Ушбу ҳужжатда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш борасида ҳам муҳим чора-тадбирлар белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, ушбу тармоқ ривожи мамлакат иқтисодиётини тараққий эттириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омиллардан бири. Аммо мамлакатимизда фонд бозори ҳалигача яхши ривожланмаган. Таҳлилчилар фикрича, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2–0,3 фоизни ташкил этади. Ҳолбуки, бу тармоқ ривожланган давлатларда катта улушга эга. Шу боис, Ўзбекистонда ҳам қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш орқали инвестициялар оқимини кучайтириш устувор вазифамиз саналади.

Иқтисодиётда “инвестиция портфели” деган тушунча бор. Бу мамлакатдаги катта-катта компаниялар акцияларини хориждан туриб сотиб олиш орқали мулкдор бўлишни хоҳлайдиган инвесторларга кенг йўл очиш мумкин. Лойиҳада белгиланган вазифалар ўз вақтида ижро этилиши бу йўналишда муҳим истиқболларни очади, деб умид қилса бўлади.

Ҳар бир инсон ҳалол меҳнати ортидан яхши даромад олишни, фаровон ҳаёт кечириш, фарзандларига арзирли мерос қолдиришни орзу қилади. Сўнгги йиллардаги иқтисодий ислоҳотлар халқимизнинг бу орзулари ушалиши учун қулай имконият яратмоқда. Хусусан, мамлакатимиздаги ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, ўрта синф ва фуқаролик жамиятини шакллантириш учун қулай шароит яратмоқда. “Халқ IPO”си деган тушунча ҳам ана шундай ислоҳотлар маҳсули сифатида юзага чиқди. Энди давлат улуши юқори бўлган саноат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнида мулкдор сифатида улуш киритиш мумкин бўлади. Бу халқимиз мулкдор бўлишига, юртимиз ривожи учун инвестиция киритишига имкон беради. Лойиҳада бу борадаги ишларни янада ривожлантириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар акс этгани айни муддаодир.

Бундан ташқари, давлат мулкини хусусийлаштиришда маҳаллий инвесторларга ҳам хорижий инвесторларга берилганидан кам бўлмаган имтиёз тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Рақамли технологияларни ривожлантирган ҳолда мамлакатни минтақавий IT ҳабга айлантириш ҳам ислоҳотларнинг устувор йўналишидир. Бу жабҳада кўплаб замонавий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляпти, IT парклар қуриляпти ва, табиийки, иқтисодиёт ривожига катта туртки бўляпти. Келгусида бу ишлар ҳам ривожлантирилади, мавжуд инфратузилмалар такомиллашади. Бундан ташқари, IT соҳада таълим сифати юксалтириш, “мактаб – ОТМ – IT” бирлигидан иборат хизматлар занжирини яратиш кўзда тутиляпти. Юртимизнинг турли ҳудудларида аҳоли пунктларини интернет билан қамраб олиш, тезлигини ошириш чоралари кўрилади. Бу нафақат рақамли иқтисодиёт, балки барча соҳалар ривожини назарда тутади.

Фурқат ЮНУСОВ,

 “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи