Марказий банк бошқаруви томонидан шу йил 20 март куни асосий ставка 0,5 фоиз бандга оширилиб, йиллик 14 фоиз даражада белгилангани тўғрисида қарор қабул қилинди. Буни мутасаддилар сўнгги ойларда трансчегаравий пул ўтказмалари ва аҳолига ажратилган кредит фаоллашиб бораётгани, йил бошидан асосий савдо ҳамкорлари валютасининг мустаҳкамланиши таъсирида реал самарали алмашув курси пасайиш тенденциясини намоён этиб, ўзининг ўрта муддатли трендига яқинлашаётгани билан изоҳлади.

Аслини олганда, асосий ставканинг ўзгариши янгилик эмас. Бу Марказий банк фаолиятининг бир қисми. Лекин бунинг тижорат банкларининг кредит ва депозит бўйича фоиз ставкаларига, умуман, мамлакат иқтисодиётига таъсири бор.

Хўш, улар нималарда намоён бўлади? Асосий ставканинг оширилиши ёки камайтирилиши тадбиркору ишбилармонлар, одамлар ҳаётида қанчалик сезилади?

Айтиб ўтганимиздек, базавий ставкани ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиш Марказий банкнинг одатий иши. Иқтисодий жараён, молиявий ҳолатлардан келиб чиқиб, асосий ставкани ўзгартириш бўйича йилига саккиз мартагача қарор қабул қилиниши мумкин. Бугун аксарият мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда қайта молиялаш ставкаси банклар учун кредит қиймати ва иқтисодиётдаги фоиз ставкалари даражасини белгиловчи асосий ставка сифатида қўлланади.

Асосий ставка доим бир хил бўлиб туриши қийин. У иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб ўзгариб туради. Маълумотларга кўра, 1995 йил мартда бу кўрсаткич мамлакатимизда жуда юқори бўлиб, ҳатто 300 фоизга етган. Бу ҳолат гиперинфляция ва беқарор молиявий тизим туфайли юзага келганди. Кейинги йилларда бир оз тушиш кузатилган, лекин юқори даражада қолган. Яъни 150-40 фоизни ташкил этган. 1998 йилда ставка 36 фоизни ташкил қилган ва 2015 йилга келиб, у 9 фоизгача тушган. Бу мамлакатимиз молия тизими барқарорлашуви ва инфляция устидаги назоратдан далолат берарди. Бироқ турли иқтисодий шоклар ва инфляция хатарлари туфайли орадаги бир неча йилда асосий ставка сезиларли даражада кўтарилди. 2023 йилдан бошлаб эса яна пасая бошлади: ўша йилнинг мартида 14 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йил июлида 13,5 фоизга туширилди. Жорий йил мартида эса, юқорида келтирганимиздек, яна 14 фоиз этиб белгиланди.

Асосий ставка банклараро бозорда қисқа муддатли маблағларнинг қийматини белгилайди ва тижорат банклари ўртасидаги кредитлар ҳамда қарзлар бў­йича ­операциялар фоиз ставкалари учун мезондир. Унинг ўзгариши банклараро бозорнинг фоиз ставкаларига таъсир қилади. Кўтарилса, омонатлар жозибадорлигини оширади, кредитга талабни эса ­камайтиради. Натижада истеъмол секинлашиб, нархлар ва инфляция барқарорлашувига ёрдам беради. Агар инфляциянинг мақсадли даражадан пастга тушиш хавфи мавжуд бўлса, Марказий банк иқтисодий фао­лиятни рағбатлантирадиган асосий ставкани ҳам камайтириши мумкин.

Мамлакатимизда депозитлар бўйича фоиз ставкаси барқарор ўсмоқда. Масалан, 2019 йилда жисмоний шахслар учун улар 17,4 фоиздан 2024 йилда 21,3 фоизга ўсди. Юридик шахслар учун муддатли омонатлар бўйича фоиз ставкаси умумий ҳисобда 14,6 фоиздан 18,5 фоизга юқорилади.

Ажратилган кредитлар фоиз ставкаси эса бошқача кўрилмоқда. Яъни у 2020 йилда жисмоний шахслар учун 28,1 фоизгача етиб, кейин бир оз пасайди. 2024 йилда эса 25,1 фоизни ташкил қилди. Юридик шахслар учун эса, аксинча, ставка 2021 йилда 20,4 фоизгача камайиб, ўтган йилда 22,9 фоизни ташкил қилди. Бундан Марказий банкнинг юқоридаги қарори ҳар икки ҳолатда ҳам ўзгаришларга олиб келиши кўринади.

Қайта молиялаш ставкасини оширишдан кўзланган асосий мақсад инфляцияга қарши курашишдир. Умуман олганда, бу ҳолат иқтисодиётга ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ижобий жиҳати сифатида инфляция устидан назорат кучайтирилишини алоҳида қайд этиш жоиз. Истеъмол харажати ва кредитлашни камайтириш нархлар ўсишини секинлаштиради. Бу ҳам миллий валютага ишончни мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, пул-кредит сиёсатини кучайтириш молия тизими барқарорлашувига ёрдам беради. Чунки банклар кредитлашда эҳтиёткор бўлади, хавфли кредитлар даражасини пасайтиради.

Унинг салбий томони кредитлар қиймати ошишида, инвестициявий фаоллик ва истеъмол секинлашувида намоён бўлиши мумкин. Шундай қилиб, қайта молиялаш ставкасини ошириш инфляцияга қарши курашиш ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Лекин айни пайтда иқтисодий ўсиш учун тўсиқлар яратади. Кредит олиш имкония­тини чеклаб, тадбиркорлик фаоллигини камайтиради. Бу омиллар ўртасидаги мутаносиблик жорий мак­роиқтисодий вазият ва Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига боғлиқ.

Бу истеъмолчиларни ҳам ҳушёрликка чорлайди. Яъни улар молиявий таваккалчиликни имкон қадар камайтириб, маб­лағини самарали бошқариш учун янги иқтисодий воқеликка мослашиши зарур. Аввало, асоссиз кредитлардан тийилиш керак. Янги кредитларга эҳтиёжни синчковлик билан баҳолаш ва уларни фақат ўта зарур бўлганда олиш муҳим.

Шу билан бирга, кўтарилган қайта молиялаш ставкаси депозитлар бўйича фоиз ставкаси ошишига олиб келади. Бу жамғармалар кўпроқ фойда келтиради, дегани. Бўш пул маблағини банк депозитларига жойлаштириш капитални сақлаб қолиш ва ортган харажатни қоплаш учун яхши восита бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, юқори фоиз ставкаси даврида ишлаб чиқарувчилар ҳам харажатни минималлаштириш, рентабелликни сақлаш ва янги бозор шароитига мослашиш учун молиявий стратегиясини ўзгартириши керак. Чунки, биринчи навбатда, бизнес учун асосий муаммо қарз маблағи қийматининг кўтарилиши бўлади. Ўзгарувчан талабга мослашиш, мижозларга янада қулай шарт-шароит таклиф этиш ва экспорт қилиш (ташқи бозорларга чиқиш) имкониятини кўриб чиқиш ҳам муҳим. Бундай шароитда мослашувчанлик ва стратегик режалаштириш муваффақият омилига айланади.

Махфурат ЭГАМОВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори