Мазкур учрашув айнан ёшлар манфаатлари йўлида ташкил этилиб, унда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбарияти, Университети ҳузурида Конрад Аденауэр билан Европа Иттифоқининг лойиҳаси доирасида ташкил этилган Бағрикенглик Маркази ва «Конрад Аденауэр» жамғармасининг Марказий Осиё минтақавий вакиллар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Марказий Осиёдаги Америка Университети талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида ёшлар ва халқаро ҳамкорларнинг Фарғона Давлат Университети ҳузуридаги «Конрад Аденауэр» билан Европа Иттифоқининг лойиҳаси доирасида ташкил этилган Бағрикенглик Марказига ташрифи амалга оширилди. Лойиҳа мақсади ва истиқболлари билан яқиндан танишган талабаларга маърузалар орқали ёшларнинг ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга оширишда халқаро тажриба таништириб борилди.
Учрашув давомида сўз олган Марказий Осиёдаги Америка Университети талабаси А.Сулумбекова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Д.Сулаймонова, университетнинг ижтимоий иқтисодий факультети талабаси Н.Жабборовалар ўз илмий изланишлари, қизиқишлари, олий таълимдаги халқаро ҳамкорликлар самараси хусусида гапириб, мазкур ўзгаришлар ёшлар учун тобора имкониятлар эшигини очаётгани, ижобий натижа бераётганини таъкидладилар.
Тадбирда сўзга чиққан Берлин шаҳридаги Конрад Аденауэр жамғармаси стажёри Жанна Маер талабаларга Германиядаги таълим ва стипендия дастурлари батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Очиқ мулоқотга айланган учрашувда ёшлар «Ўзбекистон ва Қирғизистон ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни қандай тасаввур қиламан?» мавзусида муҳокама ва мунозаралар олиб бордилар. Бунда талабалар ҳамкорликнинг келажаги тўғрисида ўз қарашларини эркин ва очиқ баён этдилар.
Айтиш жоизки, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида олиб борилаётган музокаралар натижалари узоқ муддатли истиқболда икки томонлама муносабатларнинг тубдан янги босқичини бошлаб берди. Бу эса икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий муносабатларнинг бутун спектри ривожланиши учун қулай муҳит яратмоқда.
Жумладан, Конрад Аденауэр номидаги Жамғарма олимларининг Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистонга ташрифи икки дўст қўшни давлат ёшларини бирлаштириш жараёнига катта ҳисса қўшади.
Учрашувда иштирокчилар томонидан қайд этилганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона миллий сиёсат, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар натижасида давлатнинг ташқи алоқаларида юқори ривожланиш кузатилмоқда. Жумладан, икки ҳамкор қўшни давлатларнинг олий таълим йўналишида олиб бораётган ҳамкорлиги ҳам бугун жуда мустаҳкам ришталар ярата олган.
Жавоҳирбек Шамсуддинов,
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати
Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.