Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги маълумотига кўра, ҳаво ҳарорати кундузи +28 даража ва ундан юқори бўлган кунларда умумий оғирлиги 18 тоннадан ортиқ бўлган юк машиналарининг соат 10:00 дан 20:00 гача умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳаракатланиши чекланади.

Мазкур чора автомобиль йўлларини юқори ҳарорат таъсиридан муҳофаза қилиш, уларнинг хизмат муддатини узайтириш ҳамда йўл инфратузилмасини сақлаб қолиш мақсадида жорий этилган.

Шу билан бирга, чекловлар барча транспорт воситаларига татбиқ этилмайди. Йўловчи ташувчи транспортлар, гуманитар ёрдам юклари, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва хавфли юкларни ташувчи автомобиллар, махсус рухсатнома асосида ҳаракатланувчи йирик ҳажмли юклар ҳамда йўл-қурилиш ишларида иштирок этаётган махсус техникалар ушбу тартибдан мустасно ҳисобланади.

Вазирлик мамлакат ҳудуди орқали ҳаракатланувчи халқаро ташувчилар ва логистика компанияларига юк етказиб бериш графикларини режалаштиришда мазкур чекловларни инобатга олишни тавсия қилди.

Қайд этилишича, назорат транспорт назорати пунктлари ва махсус мобил гуруҳлар томонидан амалга оширилади.