Унда қаламкаш аёллар 3 йил давомида матбуот ва китоб ҳолида чоп этилган назмий-насрий асарлари билан қатнашди.

Бугун Ёзувчилар уюшмасида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда уюшма раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, қишлоқдаги аёлларининг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган ишлар ҳақида гапирди.

– Жорий йилнинг 27 сентябрдан 17 октябрига қадар ижодий ишлар қабул қилинди, – дейди уюшма бўлим бошлиғи Фароғат Худойқулова. – Ҳайъат аъзоларига 30 дан ортиқ муаллифларнинг 50 та ижодий ишлари тақдим этилди. Ушбу материаллар нашр этилган китоблар, матбуотда эълон қилинган материаллар жанр таснифи бўйича шеърий тўпламлар, шеърий туркумлар, ҳикоялар, қиссалардан иборат.

Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини ўйғотадиган, аждодларимизнинг маънавий меросини ва миллий қадриятларимизнинг асралишида, ижтимоий ҳаётдаги ютуқларимизда, қишлоқ ҳаётидаги янгиланишлар,  ёш авлод қалби, онгида ҳавас ва интилишлар уйғотадиган ижодий асарлар ҳайъат аъзолари томонидан холисона баҳоланди.

– Танловда 2-ўринга муносиб кўрилганимдан хурсандман, – деди Хоразм вилояти иштирокчиси Шоира Шамс. – Унда “Жавриким жондин ўтар” ва “Йиғлаётган қуш” шеърий тўпламларим билан иштирок этдим. Ёзганларимда қишлоқ аёлининг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини кўрсатишга, қалбидаги армонлари, орзу-умидларини мисраларда очиб беришга ҳаракат қилдим. Албатта, бу каби танловлар қишлоқ аёлининг қадр-қимматини, жамиятдаги нуфузини кўтаришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Ғолибларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид диплом ва эсдалик совғаларни топширди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист