Асосий Қонунимизнинг 49, 62, 66, 68 ва 123-моддаларида атроф табиий мухитни мухофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолини экологик хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий қоида-талаблар мус­таҳкамланган.

Хусусан, Конституциямизнинг 49-моддасида “Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга"лиги белгиланган.

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади. Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради” дейилган.

Шунингдек, Конституциямизнинг 62-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга маж­бурдирлар” – деб, мустаҳкамланган бўлиб, унда атроф табиий муҳитнинг асосий ажралмас қисми ҳисобланган ер ресурсларига нисбатан фуқароларнинг мажбу­риятлари белгиланган.

Конституциянинг “Жамиятнинг иқтисодий негизлари” – деб, номланган ХII боби 66-моддасида “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак” дейилган.

Бундан ташқари Конституциямизнинг 68-моддасидаЕр, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин” деб мустаҳқамлаб қўйилган.

Ушбу конституциявий қоиданинг аҳамияти шундаки, би­ринчи­дан, мустақиллигимизни моддий асосини ташкил этувчи ер ва бошқа та­биий бойликлар халқимизнинг умуммиллий бойлиги, мулки эканлиги; ик­кинчидан, ер ресурсларидан фақат оқилона фойдаланиш зарурлиги; учинчидан, ер-ҳуқуқий муносабатларни давлат томонидан кафолатланиши каби муҳим тамойилларни мустаҳкамлайди.

Шунингдек, ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши белгиланган. Бироқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар хусусий мулк объекти бўлиши мумкин эмас.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг олтинчи бобида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари ҳақида сўз юритилган.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ёки ана шу мақсадлар учун белгиланган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофаза қилиниши лозим. Суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган, сув ресурслари шу ерларни суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар суғориладиган ерлар жумласига киради. Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлар, ерларнинг сув билан таъминланганлиги, улардаги мавжуд сув ресурслари ҳамда бу сувларга белгиланган лимитлар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг хулосасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.

Алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар тупроқ унумдорлигига кўра ўртача туман бонитет баллидан 20 фоиздан кўп бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар жумласига киради. Алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим ва уларнинг суғорилмайдиган ерлар жумласига ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қишлоқ хўжалиги ерлари таркибига кирувчи суғориладиган ерлар ҳамда алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозимлиги, уларни суғорилмайдиган ерлар жумласига ўтказилишига йўл қўйилмаслиги таъкидлаб ўтилган.

Фикримизни давоми сифатида шуни айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда дунё аҳолисининг экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб қолмоқда. Айниқса, глобал инқироз ва пандемия шароитида бунинг аҳамияти янада ортиб бормоқда.

Қишлоқ хўжалиги ерларида етиштирилаётган маҳсулотлар аҳоли моддий турмуш тарзини яхшилаш, кундалик эҳтиёжларини қондириш билан биргаликда давлат иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тўғридан-тўғри қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади ва ишлаб чиқаришнинг ажралмас воситаси ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳақли равишда ҳаётий фаолиятнинг стратегик объекти, мамлакатнинг иқтисодий ва экологик фаровонлигининг асоси ҳисобланади.

Фикримизни якунида шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бошқа тоифага ўтказишга мораторий эълон қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштириш объекти бўлмаслиги керак. Шуни ёдда тутиш керакки, ер, бошқа табиий ресурслар сингари, чекланган миқдорда мавжуд. Шу билан бирга, у аҳоли учун асосий озиқ-овқат манбаи бўлиб хизмат қилади.

 

Кенжаев Р.Х.

Тошкент давлат юридик университети

Экология ҳуқуқи кафедраси доценти