Ушбу Қонун билан бир қатор жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Кооперация тўғрисида»ги, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги, «Адвокатура тўғрисида»ги, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги, «Фирма номлари тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бир қанча хизматлар жумладан кооперативлар уставини рўйхатдан ўтказиш, юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олиш, адвокатлик бюролари, фирмалари, ҳайъатларини рўйхатдан ўтказишни автоматлаштириш эндиликда Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликнинг қўлланилишига доир қоидалар қабул қилиш бўйича ваколатлари бекор қилинди.
Шунингдек, саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби ҳамда ушбу бўйича юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгилаб қўйилди.
Товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлган субъектлар қатори кенгайтирилди. Бунда барча юридик ёки жисмоний шахс ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Илгари ушбу ҳуқуқ фақатгина тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахсларга берилиши белгиланган эди.
Бундан ташқари, фирма номлари, товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби ҳам белгилаб қўйилди.
Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш чоғида резидентлар ва норезидентлар ўртасидаги товар белгиси билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинмоқда. Мисол учун, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабномага оид ҳуқуқдан бошқа шахс фойдасига воз кечилганлиги муносабати билан аризачини ўзгартириш ёки товар белгиларига доир ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олганлик учун белгиланган миқдорда тегишинча давлат божини тўлаш бўйича янги норма киритилди.
Қонун орқали бу каби ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши интеллектуал мулк соҳаси тараққиётида катта ўсишга йўл очади. Интеллектуал мулк объектларига эга бўлиш ривожланиш йўлига қадам қўйган миллий компаниялар, инновацион фаолият билан шуғулланувчи муассасалар учун ўзига хос нуфуз ва тан олинишни англатади. Мамлакатга ўз товар белгиси ёки саноат намунаси билан кириш истагида бўлган чет эллик инвесторлар учун яхши маънодаги сигнал вазифасида хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.