11-июль куни Қўқон шаҳрида жойлашган "Kokand University" биносида мазкур тадбирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Маданият ва туризм вазирлиги, Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Халқаро турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ)га аъзо мамлакатлардан ташриф буюрган ёшлар ҳамда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

“Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар ёшлари ўртасида ушбу фестивал ҳар икки йилда доимий ўтказилиши белгиланди. Бу орқали ёшлар ўртасида турли ғояларни муҳокама қилиш, манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда энг муҳими, улар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратганмиз. Бу каби тадбирлар қардош халқлар ёшлари ўртасида узилмас кўприк вазифасини ўтаб беради деб ишонаман”, — деди Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Заррина Абдуллаева.

Фестивал доирасида 3 кун давомида китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари, мамлакатимиздаги Элчихона консуллари билан фестивал иштирокчиларининг учрашувлари ташкил этилади.