Мамлакатимизда сўнгги йилларда юртимизда аҳолини, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармони бунинг ёрқин тасдиғидир.

Аслида  спорт, ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳам, ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, истеъдодли ёшларимизни жамиятимизнинг таянчи ҳамда юртимизнинг истиқболли  эртаси дея баралла айта оламиз.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги барча маҳалла фуқаролари йиғинларида, ўз фаолиятини эндигина бошлаган “Street workout” спорт майдончалари ҳам, ёшларимизнинг соғлом ва баркмол бўлиб камолга етишида, келажакдаги истиқболли йўллари ва ҳаётида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қоракўл туманида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Туман ҳокимининг ташаббуси билан ҳудудларда street workout билан шуғулланиш учун мавжуд 50 та маҳаллада спорт майдончалари тезкор суъратларда барпо этилди.

Хўш, Street workout  дегани нима ўзи? Бу сўзнинг маъноси, кўчада ўз танангизни ривожлантириш бўйича машқлар, деган маънони англатаркан ва деярли ҳар бир нарсани тренажёрлар сифатида ишлатиш мумкин экан: бруслардан бошлаб бошқа машқ қилинувчи ”воркаутер”гача.

Белгиланган дастурга кўра, ҳудуддаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ёшларнинг таклиф ва истакларидан келиб чиққан ҳолда янги конструкциялар асосида худди шундай махсус жойлар ташкил этилди.

Айниқса, қишлоқ жойларида яшовчи йигит-қизлар бундай саъй-ҳаракатлардан мамнун.

-Ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятларни яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифадир. Шундагина фарзандларимиз баркамол, изланувчан, илмли ва қудратли кучга айланиб бораверади, – дейди Қоракўл туман ҳокими Шерали Саломов. – Бундай спорт майдончаларининг афзаллиги шундаки, маҳаллаларнинг аҳоли гавжум нуқталарида, айниқса, қўп қаватли уйлар олдида ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш имконияти пайдо бўлди Бу, ёшларга берилаётган улкан имкониятларнинг бир қисмидир. Бугун янги ишларга, тадбиркорлик соҳаларига жалб этилаётган ёшлар ўзининг маҳалласида спорт тарғиботида ҳам фаол бўлиши шарт.

Бизнинг  асосий вазифаларимиздан бири  туманимиз ёшларини  спорт машғулотларига мунтазам жалб этишдан иборатдир. Зеро, соғлик бу энг катта бойлик. Келажагимизнинг истиқболли эртаси бўлган туманимиз ўғил-қизларининг ҳар томонлама етук, баркамол ва соғлом бўлиб вояга етишларида  спорт билан шуғулланишлари муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, Қоракўл туманннинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим омил эканлигини яна бир бор исботлайди.

Бинобарин, фарзандларимизга спортнинг, жисмоний ва маънавий соғломликнинг асосий омили эканлигини  теран англатиш, тарғиб қилиш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Ҳаётга бир олам эзгу умилар билан кириб келаётган ўғил-қизларимизни зарарли иллатлардан асраш, ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, соғлигини муҳофазалаш,  ўз истеъдодларини  рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳам мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги муҳим қадамлардан саналади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА