Ўша куни кечки пайт икки нафар 30 ёшли ва бир нафар 29 ёшли, жами уч эркак Қонликўл тумани Маданият МФЙ Сари-олтин кўчаси чорраҳасида 24 ёшли аёлни ўғирлаган.

Аёл у пайти уйига қайтаётган бўлган. Учовлон аёлнинг орқасидан бориб, уни тутиб олиб, куч ишлатиб, мажбуран « Nexia-2» автомашинасига ўтқаздириб, Қонликўл тумани Бўстон ОФЙда жойлашган уйга, яъни учала эркакнинг бирининг уйига олиб борган.

Маълум бўлишича, содир этилган ўғирликдан мақсад аёлни уй эгасига, яъни учала эркакнинг бирига мажбуран никоҳлаш бўлган.

Ҳолат юзасидан у аёл туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган. Ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи ходимлари чиқиб кўздан кечириш ва бошқа терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказишган. Ўғирлик содир этган шахсларнинг бирининг номида бўлган «Nexia-2» русумли автомашина далилий ашё тариқасида олиниб, тегишли тартибда муҳрланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қанликўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддаси 1-қисми (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб бормоқда, деб хабар беради ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.