Жорий йилнинг 29 май куни 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг таркибини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, сайловни ўтказиш бўйича иш режага мувофиқ амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама қилинди. 

Йиғилиш кун тартибидаги масала, яъни участка сайлов комиссияларини (УСК) тузиш масаласи юзасидан Округ сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Сапаргул Утемуратованинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари Нукус шаҳар ва барча туман Кенгашларининг тегишли сессияларида муҳокама қилиниб, тасдиқлаш учун 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясига тақдим қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 23-моддасига мувофиқ, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.

Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. 

Кун тартибидаги масала юзасидан Округ сайлов комиссиясининг котиби Мақсет Утепбергенов, комиссия аъзолари А.Байриева, У.Асановлар ҳам фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Муҳокамалардан сўнг 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси Т.Атамуратов томонидан “Участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Маълумот учун: 1-Қорақалпоғистон округи ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 654 участкаларига жами 6 минг 266 нафар комиссия аъзолари тасдиқланди. Мазкур комиссия аъзоларининг 85 фоизи олдин ҳам шу каби сиёсий тадбирларда иштирок қилган бўлса, комиссия аъзоларининг 50,9 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади.

Участка сайлов комиссияларининг 3 минг 835 нафари халқ таълими, 132 нафари олий таълим ва 1 минг 442 нафари давлат идоралари ва муассасалари ходимлари бўлса, 497 нафари ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киритилган. Участка комиссиялари орасида 134 нафар ҳуқуқшунослар, 546 нафар шифокорлар, 225 муҳандислар, 270 нафар иқтисодчилар, 4 минг 52 нафар педагоглар, 28 нафари журналистлар ва бошқа касб эгаларидир. Шу билан бирга комиссия аъзолари таркибида қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, рус, тожик, корейс ва бошқа миллат вакиллари бор.