Туризм бугун жаҳондаги кўплаб давлатларнинг нафақат иқтисодий, балки маданий ва сиёсий фаолиятининг ҳам етакчи тармоқларидан бирига айланди.
Масалан, қайсидир мамлакат фуқароси иккинчи бир юртга саёҳат қиладиган бўлса, биринчидан, у саёҳат қилиш орқали мириқиб дам олади, маънавий ва интеллектуал эҳтиёжларини қондиради. Иккинчидан, жисмоний кучини тиклайди ва ривожлантиради. Буни инсон учун фойдали жиҳат деб қарайдиган бўлсак, туризмнинг мамлакат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам фойдаси кўплиги аён бўлади.
Маълумотларга қараганда, саёҳат ва йўловчи ташиш хизматларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, халқаро туризм жаҳон хизматлар экспортининг 29 фоизини ташкил этади. Бошқача айтганда, туризм экспорт объекти сифатида бугун тўртинчи ўринни мустаҳкам эгаллаб турибди. Аксар ривожланаётган давлатларда эса биринчи ўринда.
Ўзбекистонда ҳам барча тармоқлар қаторида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишда кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти.
Жорий йилнинг 29 март куни Президентимиз ўтказган видеоселектор йиғилишида соҳа салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилган вазифалар қўйилди. Бунга сабаблардан бири Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилиши юртимизда ўтказилиши режалаштирилаётгани билан боғлиқ.
Сўнгги йилларда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Соҳа олдида турган қатор муаммолар бартараф этилиб, ижобий кўрсаткичларга эришиляпти.
Масалан, 2022 йилда Қорақалпоғистонга келган чет эллик сайёҳлар сони 2021 йилдагига нисбатан 2 баробар кўпайди ва 50 минг кишини ташкил этди. 2023 йилда эса 110 мингдан зиёд хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Ички сайёҳлар сони ўтган йили 2021 йилдагига нисбатан 3 баробар ортиб, 600 минг кишига етди. 2023 йилда бу кўрсаткич 663 минг нафар бўлиши прогноз қилиняпти.
2016 йилда Қорақалпоғистонда бор-йўғи 18 та жойлаштириш ўрни бўлган. Бугунги кунда улар сони 5 баробар ортиб, 94 тага етди. Ҳудудда 28 та меҳмонхона, 43 та оилавий меҳмон уйи, 23 та ҳостел бор. Улардаги ўринлар сони 2 мингтани ташкил этади. Шунингдек, 54 та туроператор ва турагент маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.
Қорақалпоғистонда 288 та маданий мерос ва зиёрат объекти рўйхатдан ўтказилган. Уларнинг 131 таси археологик объект, 24 таси архитектура объекти, 88 таси монументал объект ва 45 таси диққатга сазовор жойлардир. 40 дан зиёд маданий-мерос объекти туризм йўналишларига киритилган.
Минтақада туризмни ривожлантириш ҳамда соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида университетимизда 2018-2019 ўқув йилида туризм бакалавр таълим йўналиши очилди. Ҳозирги кунда мазкур таълим йўналишида 178 талаба таҳсил олмоқда. 2022-2023 ўқув йилидан эса магистратура мутахассислиги ҳам ташкил қилинди, унда 6 магистрант ўқимоқда.
Қорақалпоғистонга сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида мунтазам равишда Наврўз, миллий от ўйинлари, “Стихия”, “Орол балиқларидан 99 турли таом”, “Мўйноқ ва Оролнинг қайта тикланиши”, “Мўйноқ ралли” каби тадбирлар ўтказиб келиняпти.
Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Россиянинг “РОССИЯ 24” ва “РЕН ТВ”, Бошқирдистон марказий телеканаллари, Қозоғистоннинг “Хабар 24” телеканали, шу билан бирга, АҚШнинг ”The Washington Post” газетаси журналистлари учун пресс-тур ташкил этилиб, ҳужжатли фильм, репортажлар тайёрланди ҳамда мақолалар чоп этилди. Қозоғистоннинг “SCAT” авиакомпанияси “Борт” журнали учун халқимиз маданияти, урф-одатлари ва туристик объектлари ҳақидаги махсус мақолалар тайёрланди.
2022 йил ноябрь ойида Оқтов шаҳрида Қорақалпоғистон ва Қозоғистоннинг туризм соҳасидаги расмий вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Жорий йил Германия пойтахти Берлин шаҳрида “ITB BERLIN 2023” халқаро туризм ярмаркасида Қорақалпоғистон делегацияси иштирок этиб, республиканинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилди.
“Aral Dream” халқаро PR дастури доирасида 2022 йил май ойида Францияда ўтказилган 75-Канн халқаро кинофестивали доирасида “Aral Dream” дастури тақдимоти ўтказилди. Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятини тарғибот қилиш мақсадида Буюк Британия ва АҚШда нашр этиладиган оммабоп “Бред Гайдс” нашри томонидан китоб-қўлланма чоп этиш ишлари олиб борилмоқда.
Талабаларимизнинг назарий ва амалий билимларини бойитиш мақсадида ТДИУ, УрДУ, СамИСИ ва “Буюк ипак йўли” халқаро туризм университети профессорлари ва соҳанинг етакчи мутахассислари ҳамда университетимиз профессор-ўқитувчилари ўртасида тажриба алмашиш йўлга қўйилмоқда.
Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг икки профессори ва икки доценти туризм йўналишида талабаларимизга дарс бериб келяпти. Шунингдек, талабаларимиз учун шаҳар ва туманлардаги туристик объектларни ўрганиш мақсадида амалий сафарлар ташкил қилиниб, малакавий амалиётлар шу ерда ўтказилмоқда.
2021-2022 ўқув йилида биринчи битирувчиларимиз ўқишни тамомлади. Ҳозир уларнинг 65 фоизи ўз соҳаси бўйича ишлаяпти. 9 таси эса хусусий бизнесни юритиш мақсадида турфирмалар ташкил қилган. Битирувчиларнинг аксарияти Қорақалпоғистон Туризм ва маданий мерос вазирлигига ҳамда унга қарашли ташкилотларга ишга жойлашди.
Талабаларимизга туризм маркетинги, туризм ва маданий мерос, саёҳат агентликлари ишлари ва менежмент, гастрономия, туризмда тадбиркорлик, ресторан иши, туроперейтинг, мижозларга хизмат кўрсатиш технологияси фанлари ўқитилади.
Қорақалпоғистонда инвестиция дастурлари ва қўшимча инвестиция лойиҳалари доирасида 2022 йили туризм ва унга ёндош хизмат кўрсатиш тармоқларида 60 та лойиҳа ишга туширилди ва 111 миллиард 169 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.
Оролбўйи муаммолари, уларни бартараф этиш ва ҳудудда сайёҳликни ривожлантириш юзасидан кенг қамровли ишлар билан жаҳон ҳамжамиятини яқиндан таништириш, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар грантлари ва инвесторлар маблағларини ҳудудга жалб этиш бўйича туризм стратегиясини ишлаб чиқиш, тарғибот материаллари тайёрлаш ва тур-компанияларнинг халқаро туризм ярмаркаларида иштирокини таъминлаш мақсадида Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти – “GIZ” томонидан 300 минг евро грант ажратилди.
Талабаларнинг амалий билимини бойитиш учун олий ўқув юртимизда “GIZ UZBEKISTAN” ташкилоти томонидан симуляцион меҳмонхона лойиҳаси амалга оширилган. Жорий йил апрель ойидан бошлаб университетимиз иқтисодиёт факультети ҳудудида GIZ билан биргаликда туризм йўналишида таълим олаётган талаба ёшларнинг назарий билим ва кўникмаларини амалиётда янада мустаҳкамлаш мақсадида туризм лабораторияси иш бошлади.
Таълим жараёнини ўқув адабиётлари билан таъминлаш асосий масала ҳисобланади. Университетимиз Ахборот-ресурс марказига 2022 йилда ТДИУ олимлари томонидан тайёрланган, туризм соҳасига тегишли 30 номдаги, “GIZ” томонидан эса 60 номдаги 300 дан ортиқ китоб таълим йўналиши талабалари учун совға қилинди.
Туризмни ривожлантириш учун малакали кадрлар тайёрлаш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир. Университетимиз ҳам бу вазифалар ижросига баҳолиқудрат ҳисса қўшишда давом этади.
Аҳмед РЕЙМОВ,
Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети ректори,
профессор