Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимиз шимолида жойлашган, ёзи жазирама иссиқ, қиши ўта совуқ, ўзига хос иқлим шароитига эга ҳудуд. Кейинги йилларда бу ерда иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари ҳам жадал ривожланиб бормоқда.
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи ўлкада катта бунёдкорлик ва яратувчанликларга йўл очиб беради. Замирида улуғвор режалар асосида бу диёрни янада ривожлантириш, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилиш билан боғлиқ мақсадлар ётади.
Бу галги учрашув ҳам катта воқеликка айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли турмуши билан танишиш, одамлар ҳаётидаги ўзгаришларни кўриш, навбатдаги режаларни белгилаш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди. Икки кунлик сафар давомида ўтган жойлардаги учрашувлар, самимий мулоқотлар, янги лойиҳалар тақдимотларида билдирилган фикрларни юртдошларимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Ташриф аввалгиларидан фарқли жиҳатлари билан одамлар ёдида муҳрланди.
Ислоҳотлар натижаси чeкка ҳудудларда
бўй кўрсатмоқда
Мўйноқ... Яқин йилларгача эътибордан четда қолиб келган мамлакатимизнинг олис ҳудудларидан бири. Бу заминнинг овулларику овул, туман марказида ҳам аҳолининг ҳаёт кечириши учун шароитлар йўқ эди. Ҳозир эса бу диёрдаги ўзгаришларни кўриб, ҳайратга тушасан киши.
Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки давридаёқ ислоҳотларни Мўйноқни ривожлантириш, Орол фожиасидан жабр кўраётган аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш, ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш, одамларни рози қилишдан бошлади ва бу борада манзилли дастурлар амалга оширилди. Мўйноқ туманининг бепоён ҳудудлари, ҳатто, денгизнинг қуриган ерларида ҳам иқтисодиётни юксалтириш, имкониятлардан халқ манфаатлари учун фойдаланишга киришилди. Мўйноққа муаммолар макони, деб эмас, балки имкониятлар майдони сифатида қарала бошланди.
Президентимиз 2018 ва 2019 йилларда бу ҳудудга ташрифи чоғида кўплаб ислоҳотлар билан танишиб, йирик лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, бу ерда транспорт коммуникацияларини яхшилаш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берган эди. Қарангки, қисқа вақтларда автомобиль йўллари таъмирланиб, Мўйноқ аэропорти янгиланган ҳолда ишга туширилди. Бундан 75 йил муқаддам қурилган бу “ҳаво порти” илгари фақат кичик самолётларни қабул қилган. Кейинчалик умуман ишламай қолган эди. Бугун замонавий кўринишда фойдаланишга топширилган бу аэропортга илк бор Президентимиз самолёти келиб қўнди.
Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланган. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилган. Эндитликда, қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан бирга, хизмат турларини кенгайтириш, хусусан, кўнгилочар ўйинлар учун солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутиляпти. Бу ўз навбатида, ички туризм ривожига, иш ўринлари очилишига хизмат қилади.
Айниқса, Мўйноқ туманига Тошкент вилоятининг бириктирилиши энг тўғри ва оқилона қарор бўлди. Чунки эндиликда бу ерда истироҳат боғи қурилади, қўшимча қувур тортиб келинади. Кексалар санаторий, болалар оромгоҳларга юборилади. Аҳолига шу ернинг ўзида яшаши, ишлаши ва дам олиши учун барча қулайликлар яратилади.
Саксовуллар қумга қарши...
Бир пайтлар катталиги бўйича дунёда тўртинчи кўл бўлган Орол денгизи ва унга туташ дарёлар, яйловлар одамларга ризқ улашган, иш, даромад манбаи бўлган. Маҳаллий аҳоли бу денгизда балиқ овлаган, мириқиб чўмилган. Лекин бир авлод кўз ўнгида, бир вақтлар тўлиб турган денгиз бутунлай қуриб, бепоён саҳрога айланди. Денгиз қуригач, ўсимлик ва ёввойи ҳайвонлар тури камайиб кетди. Одамларнинг кўнгли чўкиб қолди, не қиларин билмай, иш қидириб шаҳарларга кетишга мажбур бўлди.
Орол денгизининг қуриши тарихдаги энг катта экологик фожиалардан биридир. Саҳрога айланган денгиз тубидаги тузлар, қум-чанг ва заҳарли ўғитлар инсонлар ҳаёти ва табиатни хавф остига қўйган. Бундай шароитда ягона йўл — борини асраб қолиш, фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини осонлаштиришдир.
Давлатимиз раҳбари бу бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида гапирди, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Шу билан бирга, ўз имкониятларимизга таяниб, амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Президентимиз 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаган эди.
Ўтган йилларда денгизнинг сув қуриган қисмида 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчи қатнашиб, 1 минг 600 дона техника, самолётлар жалб этилди.
Бу хайрли, долзарб ҳаракат давом эттирилмоқда. Жорий йилда 100 минг гектар майдонда “яшил қоплама” барпо қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда шундан 26 минг гектарида иш бошланган, 562 тонна уруғлар тайёрланган. Шунингдек, 100 гектар майдонда кўчатхона ташкил қилинмоқда. Бу борада Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилдики, бу ҳозирги шароитда жуда муҳим ташаббусдир.
Соҳа олимларининг маълумотларига кўра, Оролбўйи ҳудудларида барпо этилган 2 ёшли саксовулзорда шамол таъсирида қум кўчиши 20 фоиз, 5 ёшли саксовулзорда 80 фоиз, 7 ёшли саксовулзорда эса тўлиқ тўхтатилади. Натижада Оролбўйи минтақасида иқлим мўътадиллашади, қумларнинг ҳавога кўтарилиши тўхтайди. Инсонларнинг яшаши учун ижтимоий-иқтисодий муҳит барқарорлиги таъминланади.
Оролбўйи минтақасини дарахт ва бутазорларга айлантириш орқали экотизим тикланади. Шамол таъсирида заҳарли қум, туз ва чангнинг ҳавога кўтарилиши камайтирилади, эрозиянинг олди олиниб, қум кўчиши босқичма-босқич тўхтатилади. Минтақада микроиқлим шароити яратилади ва экологик ҳолат яхшиланади. Қанча кўп кўчат экилиб, уни кўкартириб сақланиши таъминланса, атроф-муҳит мусаффолиги шунча ошади.
... Кечаги овлоқ маскан эмас
Тахтакўпир туманидаги “Белтов” овул фуқаролар йиғинида мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган ҳудуднинг илгари шароити оғир эди. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида бу ерда шунчалик катта ишлар амалга оширилдики, натижада овул қиёфаси ўзгарди.
Одамлар янгитдан таъмирланган фуқаролар йиғини идораси, маданият маркази, шифокорлик пункти, мактабгача таълим муассасасидан фойдаланяпти. Ҳудуд атрофида янги қувурлар тортилиб, ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Кўчаларга қум-шағал аралашмаси ва қора қоплама ётқизилди.
Атроф турфа дарахтлардан чирой очган бўлса, йўллар кўчалар чароғон бўлди. “Оржап” каналида пиёдалар кўприги қурилиб, йўлаклар, ариқлар тартибга келтирилди. 5 километр электр тармоқлари янгиланиб, трансформатор ўрнатилди. Буларнинг бари тасаввурга сиғмайди. Қисқа вақт ичида туман эртаклардагидек янгича безанди, янги қиёфа касб этди, унинг бағрига ҳаётбахш нур оқиб кирди.
Эзгуликка йўғрилган ислоҳотларнинг ҳаммаси биргина Тахтакўпир туманида амалга оширилаётган ишлар. Агар шу жараённи бутун Қорақалпоғистон Республикаси доирасида бир тасаввур қилсангиз, ана шунда ўлкадаги бунёдкорликлар кўламини янада яққол англайсиз.
Беш миллион долларлик маҳсулот
экспорт қилинди
Қорақалпоғистоннинг энг олис туманларидан бири бўлган Шуманайда шунча миқдордаги маҳсулот экспорт қилиняпти, деса, ҳеч ким ишонмайди. Марказдан узоқроқ, шароити оғирроқ бўлган бу ҳудудда илгари бундай шароитлар бўлмаган, аҳоли учун қулайлар яратишга эътибор қаратилмаган.
Бугун туманда аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича аниқ, мақсадли тизим яратилди. Ҳудудни комплекс ривожлантириш мақсадида улардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, уй-жойлар таъмирланди, ичимлик сув ва электр энергияси тармоқлари янгиланди.
Бу ерда ҳам ўзгаришлар катта. Тадбиркорлик изчил ривожланди, янги корхоналар қад ростлади. Маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилди. Одамлар меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитлар яратилди. Энг муҳими, шу пайтгача ҳудуддаги энг катта муаммо — ишсизлик масаласи ҳам ижобий ечим топмоқда.
2020 йилда иш бошлаган “Шуманай экотекс” корхонаси аҳоли, айниқса, хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашда муҳим ҳисса қўшяпти. Ҳозир бу ерда 500 та иш ўрни ташкил этилган. Бу шунча инсон қадр топди, шунча оилага даромад кирди, қозони қайнаяпти, фаровон турмуш кечиряпти, дегани.
Яна бир муҳим жиҳат. Етти минг тоннадан зиёд ип-калава тайёрлаш қувватига эга ушбу корхонада ўтган йили 51 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 5 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Келгусида корхонада пахтани қайта ишлашнинг кейинги босқичларини ўзлаштириш режалаштирилган.
110 минг хонадонга электр энергия етиб борди
Мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юқори поғоналарга кўтаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни оммалаштириш ҳамда тараққий эттириш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Лекин тадбиркорликни ривожлантириш, катта-катта корхоналар қуриш учун авваламбор, электр энергия, газ, ичимлик сув, йўл, инфратузилма бўлиши лозим.
Юртимизда электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда қурилаётган шамол электр станцияси бу борада катта аҳмиятга эга. Қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станциясининг барпо этилиши ҳудуд иқтисодиётига қўшимча куч, замин бўлади, тадбиркорлик ривожланади, одамлар ишли бўлади.
Ҳаммамизга яхши маълум, илгари Қорақалпоғистонда ягона бўлган Тахиатош иссиқлик электр станцияси бундан 65 йил аввал қурилган бўлиб, ҳудуд эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас эди. Шунинг учун ушбу станция 680 миллион доллар эвазига модернизация қилиниб, 560 мегаватт қувватлар ишга туширилди.
Мана энди янги йўналишда, экологик тоза яна бир электр станцияси қурилиши бошланмоқда. Йиллик қуввати 360 миллион киловатт соат бўлган ушбу лойиҳа 108 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилади. Бу лойиҳа ишга тушгач, 110 минг хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Энг муҳими, йилига 106 миллион куб метр табиий газ тежалади. Келгуси беш йилда 2 минг 500 та янги корхоналар ташкил этилиши, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробарга оширилиши ҳам кўзланган улкан марралардан бири.
Одамлар елкасидан ташвиш, муаммолар тоғи ағдарилмоқда
Ўтган қисқа даврда Қорақалпоқ маркази — Нукус шаҳри қиёфаси ҳам бутунлай ўзгарди. Кенг ва равон йўллар, муҳташам кўприклар қурилди. Шаҳарнинг қай бир маҳалласига борманг, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўласиз.
Албатта, шаҳарга кўрк бераётган ижтимоий иншоотлар, намунавий уй-жойлар, дам олиш масканлари, истироҳат боғлари, равон кўчалар-у йўллар қорақалпоқ халқининг турмуш тарзи яхшиланиб, ҳаёти фаровонлашиб бораётганидан далолат.
Нукус шаҳрида янги корхоналар ишга туширилиши ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётир. Ҳудуддаги пластик эшик ва ромлар корхонаси шулардан бири. 270 минг квадрат метр эшик ва дераза ромлари тайёрлаш қувватига эга корхонада ҳозир 230 киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг кўпчилиги ёшлар.
Сир эмаски, ҳудуднинг драйвери — озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати, туризм саналади. Шу асосда шаҳарни 2022 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, умумий қиймати 1 триллион 361 миллиард сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилади. Бу қўшимча 3 мингта иш ўрни яратилади, дегани.
Давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрига сафари давомида “Жеке терек” маҳалласидаги янги турар-жой мажмуаси қурилиши майдонида ҳам бўлди. Бу ерда 5 та 16 қаватли уй барпо этиш мўлжалланган. Уларнинг биттаси ҳозир қурилмоқда. Мажмуа янги турдаги қурилиш конструкцияси асосида тикланади. Бунинг натижасида қанчадан-қанча ёш оилалар уйли бўлади, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унум бўлади.
Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
матбуот хизмати масъул ходими