Шу муносабат билан ташкил этилган онлайн учрашувда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Саид Рустамов, ТДЮУ ректори Раҳим Ҳакимов ва Brooke House College директори Джайлс Уильямс ҳамда Ўзбекистондаги Brooke House College вакили Шуҳрат Эрназаров иштирок этди.

ZOOM платформаси орқали ўтказилган тадбирда мазкур ҳамкорликнинг мақсад-вазифалари, мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. Тошкент давлат юридик универитети ва Brooke House College ўртасида ўтган йили имзоланган меморандумнинг амалий ифодаси сифатида бугун “University Foundation Programme” қўшма тайёрлов курсини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда университетда дарслар тўлиқ Европа тизими (European Credit Transfer and Accumulation System) асосида амалга оширилмоқда. Университетда таълим сифатини ошириш, халқаро даражада таълим беришга эришишни таъминлаш мақсадида дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари, турли ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномалари, келишув ва англашув шартномалари имзоланиб, биргаликда турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“University Foundation Programme” қўшма тайёрлов курси ҳам ушбу чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.

Тошкент давлат юридик универитети ва Brooke House College ўртасидаги келишувга кўра, қўшма тайёрлов курси икки мамлакат таълим стандартларига мувофиқ ўқувчиларни инглиз тилида шартнома асосида ўқитишни таъминлайди. Ўқув курсини чет эллик ва инглиз тилини мукаммал даражада биладиган маҳаллий ўқитувчилар олиб боради.

“University Foundation Programme” қўшма тайёрлов курси «Юридик хизмат», «Бизнес ва молия», «Коммуникация ва медиа» и «Инглиз тили» йўналишлари бўйича давомийлиги 1 йил бўлган муддатда ташкил этилади.

Курсни муваффақиятли тугатган ёшлар Буюк Британиянинг 70 дан ортиқ университетларида бакалавр босқичига қабул имтихонларисиз талаба бўлиш имкониятини қўлга киритади.

Учрашув якунида ТДЮУ, Brooke House College ҳамда Brooke House College нинг Ўзбекистондаги вакиллиги ўқув курси ўртасида “University Foundation Programme” қўшма тайёрлов курсини очиш ва йўлга қўйиш юзасидан келишув битими имзоланди.

Маълумот учун, Brooke House College 1967 да ташкил топган бўлиб, Буюк Британиянинг ўқув режаси бўйича умумий ўрта таълим босқичида ўқишни истаган ўқувчилар учун халкаро коллежи ҳисобланади. “University Foundation Programme” курси эса, абитуриентларни олий ўқув юртларига тайёрлаш, уларни Буюк Британия университетларида ўқиш жараёнига мослашиши, чет тилларини мукаммал ўрганиши ва олий таълимнинг барча талабларига жавоб берадиган қўшимча академик кўникмаларга эга бўлишига кўмак беради.

Тошкент давлат юридик университети

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими