Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қўшработ тумани бўлими томонидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар давомида 13 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги машиналаридан техник жиҳатдан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилганлиги аниқланди. Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини содир этган 13 нафар фуқарога нисбатан 5 миллион 136 минг 500 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Хусусан, ўтказилган мониторинг-таҳлиллар давомида туманнинг “Новкат” маҳалласида истиқомат қилувчи Ш.К, “Қувкалла” МФЙ да яшовчи Р.П. ҳамда “Қовунчи” маҳалласида яшовчи Е.Ж томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишда ҳавфсизлик қоидаларининг қўпол равишда бузилганлиги аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди.
— Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 58 дона давлат рақам белгиси, 179 дона техник паспорт берилди, — дейди Инспекциянинг Қўшработ тумани бўлими катта инспектори Ғиёсиддин Салимов. — Инспекторларнинг саъй-харакати билан 190 дона қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилиб, 56 дона техника рўйхатга қўйилди ҳамда 37 нафар фуқароларга янги пластик кўринишдаги тракторчи-машинист гувоҳномаси берилди.
Айни кунларда инспекциянинг туман бўлими томонидан 638 дона қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларининг электрон базаси шакллантирилди. Қишлоқ хўжалиги техникаларига оид давлат хизматлар кўрсатиш йўналиши ва қўлланилган жарималардан юридик ва жисмоний шахслар томонидан жами 58 миллион 253 минг 890 сўм миқдоридаги маблағ давлат бюджетига ундирилди, дея хабар беради Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.