ТИВ маълумотига кўра, суҳбат давомида элчининг Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.

Дархон Сатибалдини Туркистон вилояти акими лавозимига тайинлангани билан табриклаб, Владимир Норов унга касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Томонлар турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Дархон Сатибалди Ўзбекистондаги фаолияти давомида мамлакатни тубдан ўзгартириб, халқ фаровонлиги юксалишига хизмат қилган жадал ўзгаришларга гувоҳ бўлганини таъкидлади.

Элчи Ўзбекистон томонига дипломатик фаолиятини амалга оширишда қўллаб-қувватлагани ва яратилган шароитлар учун чуқур миннатдорлик билдирди. Дархон Сатибалди доимо Ўзбекистоннинг дўсти бўлиб қолишига ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон алоқаларини мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.