Қозоғистоннинг Оқтау шаҳридаги “Oil City” кўргазма мажмуасида “Made in Uzbekistan” ярмаркаси доирасида шоу-рум, миллий кўргазмалар ўтказиш учун майдон ҳамда савдо омбори ташкил этилди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати маълум қилди.

Мазкур шоу-рум ва савдо омбори Оқтау шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, 1800 кв.м майдони Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ижарага олинган.

"Шоу-румнинг асосий мақсади мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини намойиш этиш, аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари ўртасида янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишдан иборат. 
Шоу-румнинг асосий йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади: озиқ-овқат, тўқимачилик, ҳунармандчилик, чарм, электротехника ва қурилиш маҳсулотлари.
Йил давомида мазкур шоу-румда республика бўйича корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларни жойлаштириш ва сотиш имконияти мавжуд", дейилади хабарда.