Тошкент вилоятидаги Лашкерак қишлоғининг аксарият аҳолиси чорвачилик, асаларичилик, боғдорчилик ва жундан буюмлар тўқиш, туризмнинг оилавий меҳмон уйлари йўналиши билан шуғулланади.

Жорий йил 16 февраль куни чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари чорвачиликни янада ривожлантириш, қўй ва эчки жунидан гилам, мато ҳамда бошқа маҳсулотлар тўқиб сотиш борасида Ангрен шаҳрини ҳам намуна сифатида таъкидлаган эди.

Ижодий жамоамиз билан шаҳарнинг ана шундай эътирофга сабаб бўлган Лашкерак қишлоғи тарихи, одамлар турмуши, чорвачилик ва тўқувчилик борасидаги тажрибаси билан танишиш мақсадида йўлга отландик. Пойтахтдан тонг саҳар йўлга чиққан машинамиз чамаси 3 соатларда денгиз сатҳидан 1 минг 800 метр баландликда жойлашган ушбу қишлоққа етиб борди.

Шаҳар ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби Гулшода Насибалиева ҳамроҳлигида қишлоқ оқсоқоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори билан яқиндан танишиб олдик.

Тоғлик аҳолининг яшаш шароити, ўй-ташвишлари, орзулари ҳақида дилдан суҳбат қилдик. Қор ва арчалар билан қоп­ланган тоғнинг энг баланд чўққиларидаги ўрмонзорга маҳлиё бўлиб термулдигу, лекин юрак ютиб, чиқа олмадик. Табиатнинг беназир сувратидан кўз узиб, ўз ишимизга киришишимиз бир оз қийин кечди, очиғи.

Ҳунарли хор бўлмайди

— Сут, гўшт ва жунни қайта ишлаш, ем тайёрлаш цехларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши, айниқса, аҳолига кооперация асосида қўй ва эчки тарқатилиши юртдошларимиз учун муҳим хабар бўлди, — дейди “Лашкерак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ­Усмонали ­Тоштемиров. — Маҳалламизда мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қўй ва эчки боқмайдиган, тўқишни билмайдиган бирорта хонадон йўқ: 250 та оила қўй-эчки боқиш ёки тўқувчилик билан машғул. Ҳар бир одамнинг қўлида ҳунари бор. Давлатимиз раҳбарининг йиғилишда берган топшириқлари нафақат лашкеракликлар, балки қўшни Нишбош ва Навгарзон маҳалласи аҳолиси ҳаётида ҳам янги ўзгаришлар ­киритади.

Қишлоққа ташрифимизнинг илк манзилларидан бири, жун рўмол тўқиш бўйича маҳалланинг энг тажрибали онахони, дея таъриф олган 66 ёшли Салима опанинг хонадони бўлди.

Ҳудудга қиш эрта келиб, шаҳарга нисбатан бир оз чўзилади. Шунинг ҳисобига баҳор бир фурсат кеч ташриф буюрар экан. Музлаган, торгина тошли йўлакчадан сирғалиб кетмаслик учун аста-секин юқорига кўтарилиб борар эканмиз, худди эртаклардагидек сеҳрли бир ошёнга кириб бораётгандай ҳис қилдик ўзимизни. Тоғ этагидаги уйлар анчагина баландда  қурилган, лашкеракликлар бизни очиқ чеҳра билан қарши олди.

— Президентимизнинг эчкичилик ва жундан мато тўқиш ишларини янада кенгайтириш бўйича фикрларини эшитиб, мана, энди бизнинг ҳам елкамизга офтоб тегади, деб қувондик, — дейди Салима Ҳожиматова биз билан суҳбатда. — Ахир, эчки гўшти, жуни, сутидан рўзғоримизга барака кириб, қозонимиз қайнаяпти-да. ­Деярли 20 йилдан буён жундан ип йигириб, рўмол тўқийман, илгари шолча ҳам тўқирдим. 3 ўғил, бир қиз ва 10 неварам бор, Аллоҳга беҳисоб шукрки, ҳаммаси ўзидан тинган. Турмуш ўртоғим кўп йиллар бурун вафот этган. Кенжа ўғлим, келиним ва

2 неварам билан яшайман. Келиним Мухтабархон саришта, меҳнаткаш аёл. 35 та қўй ва эчкимиз бор эди, икки йил бурун

25 тасини бўрилар бўғизлаб кетди. Қолганлари қўрқувданми ёки шикаст етганиданми,

бирма-бир ўлди. Шундан кейин рўзғоримиз анча чўкиб қолди. Аммо ҳунарли хор бўлмас деганларидек, ҳафтасига келиним билан 10 тагача рўмол тўқиймиз ва шаҳардаги рўмол бозорига бориб сотиб келамиз. Тирикчилигимиз шундан.

Қўлигул тўқувчилар билан хайрлашиб қайтар эканмиз, қайнона-келин муносабатларига ҳавас қилдик. Салима опа жун йигириб ипдан калава қилса, келини чоғроққина махсус дастгоҳда рўмол тўқийди. Бир-бирига ҳамроз, ҳамфикр бўлиб рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиради. Қани энди бир парча буюм ёки мол-дунё учун келиша олмайдиган баъзи қайнона-келинлар оддийгина ҳовлида яшаб, умр мазмунини меҳнатда деб билган бу оиланинг ҳамжиҳатлиги ва ўзаро меҳр-муҳаббатини бир кўрсалар эди...

Қишлоқ аёлларига ҳавас қилдик

Навбатдаги хонадонга кириб борганимизда чамаси ўн нафарга яқин аёл ва ёш қизлар бир даврада жам бўлиб, жундан  пайпоқ тўқишаётган экан.

— Тўқувчилик яхши юмуш, аввало, ўзимиздаги хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарамиз, бу ўзимизни банд қилиш, оиламизга қўшимча даромад олиб келиш имконини беради, — дейди Маликахон ­Сафарова. — Хомашё, яъни жунни ювиб тозалаб, оқартириб, майин қилиб тараш, сўнг йигириб калава қилиш анча вақт оладиган иш. Жун матолар тўқиш бўйича бўлажак ўзгаришлар, имконият ва имтиёзларни эшитиб, қишлоғимиз аёллари жуда хурсанд бўлди. Янада яхши яшашимиз учун жон куйдираётган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Энди қишлоғимизда эчкичилик ва тўқувчилик бўйича янгиланишлар, меҳнатимиз самараси янада кўпроқ бўлишига ишонамиз.

Жун рўмол ва пайпоқ тўқиш жараёнини кузатар эканмиз, қўллари нафақат бешик тебратишга, балки нафис санъат асарига монанд гўзаллик яратишга қодир қишлоқ аёлларига ҳавас қилдик. Тоғнинг сўлим қиш­лоғида ўзлари суйган машғулот — тўқиш билан банд бўлган бу аёллар ҳар бир кунига шукрона келтириб яшаяпти. Зеро, тириклик ва яшашнинг мазмуни ҳам меҳнат ва унинг ортидан келадиган фароғатдадир.

— Қимирлаган қир ошганидек, бу ерлик аҳоли бир зум ҳам вақтини бекор ўтказмайди, — дейди ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Давлатов. — Маҳалламизда чорвачилик, тўқувчилик, боғдорчилик ва асаларичилик яхши ривожланган. Ҳамма ўз иши билан машғул, қишлоқда бирорта бекорчини тополмайсиз. Шундан бўлса керак, сўнгги йилларда бу ерда бирон марта оилавий ажралиш ёки жиноят ҳолати қайд этилмаган. Ҳозир ҳудудимизда 3 та оилавий меҳмон уйлари ишлаб турибди. Тоғ ён-бағридаги Лашкерак сойи, баланд чўққидан тушадиган шаршара ва жилғалар, қалин арчазор ва дарахтзор ёзда дам олишга келувчи меҳмонларнинг баҳру дилини очади. Айни шу боис, бу жойлар гавжум бўлади. Хонадонма-хонадон юриш жараёнида маҳалла аҳли ва ёшларининг яшаш шароити, ечилмаган муаммолари, орзулари ва режаларини ўрганиб чиқдик. Уларнинг таклифлари асосида ҳудудни янада ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқдик. Яқин йилларда қишлоғимизни чорвачилик ва тўқувчилик бўйича энг ривожланган ҳудудга, шунингдек, туризмнинг энг қайноқ гўшасига айлантиришни режа қилганмиз. Бунинг уддасидан, албатта, чиқамиз.

Баҳор нафаси борлиғимизни қамраб олди

Лашкеракликларнинг оддийгина яшаш шароити билан танишар эканмиз, борига қаноат қилиб яшаётган бу соддадил, меҳнаткаш одамларга, тўғриси, жуда ҳавас қилдик. Қишлоқ аҳлининг турмушидан розилиги, аҳил ва иноқлиги барчамиз учун ибрат бўлгулик.

— 18 ёшдаман, болалигимдан бери жун пайпоқ тўқийман, — дейди Шаҳноза. — Биласизми, бу ернинг ҳавоси жуда тоза, суви ширин, шифобахш, меваларимиз ундан-да тотли, асалимиз эса кони фойда.

Айтишларича, шаҳар ҳокими қишлоққа тез-тез келиб, уларнинг ҳолидан хабар олар, муаммоларига ечим топиб, камчиликларини бартараф этишга ёрдам берар экан.

Қишлоқ аҳолиси қувноқ, хушчақчақ, мазмунли умргузаронлик қилмоқда. Бу ерда барча маросим ва тадбирлар, байрамлар ҳамжиҳатлик, аҳил-иноқлик билан ўтказилади. Буни маҳалла оқсоқолининг таклифи билан сумалак пишаётган хонадон эгалари — 5 фарзанд, 16 неваранинг бобоси ва бувиси Маматали ота ва Гулинисо аянинг хонадонига борганимизда ҳам кўрдик.

Оила-аъзолари, қўни-қўшнилар ­бизни қадрдонлардай самимий кутиб олиб, қозон бошига етаклади. Нуроний онахонлар ва қишлоқнинг сулув аёллари, жажжи болажонлар даврасида эзгу тилакларимизни кўнглимизга жамлаб, қозон атрофида сумалак ковладик. Кексаларнинг дуосини олдик. Уларнинг ниятларига шерик бўлиб, ибратли матал ва ҳикоялар эшитдик. 

Атрофга ажиб ифорларини таратиб кириб келган баҳор нафаси борлиғимизни қамраб олгандай таассурот уйғотди. Қутлуғ қадамлари билан кириб келган баҳорнинг илк ташрифи, ёқимли ифорини оппоқ қорли қишлоқда ҳис қилдик.

Қуёш ётоғига кириб, тун пардасини ёпишга шайланаётган маҳал биз шаҳарга қайтиш тараддудига тушдик. Ҳавонинг изғиринли, аёзли шабадаси этимизни жунжиктирса-да, руҳиятимиз жуда енгил, дилимиздаги неча йиллик ғуборлар тарқаб кетгандек эди.

Йўл-йўлакай хаёл оғушида кетар эканмиз, Лашкерак тарихи, одамларининг турмуш тарзи, ўй-хаёлларини бир мақолада очиб бера олмаслигимиздан кўнглимиз озгина хира тортди. Яқин орада бу ерда қурилган оилавий меҳмон уйлари, Лашкераксой суви тарихи, ўзи очилиб ёпиладиган ғаройиб ғорлар, шаршара ва тошли жилғалар ҳамда йирик кумушқўрғошин кони бўлган қишлоқ тарихи ҳақида кейинги мақолаларимизда ёзишни кўнгилга тугиб, бир оз хотиржам тортдик.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири