Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жойларда қурилиб фойдаланишга топширилган ва қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларда жамоатчилик назорати тартибида кузатув ишларини давом эттирмоқда, деб хабар беради федерация ахборот хизмати.

Жумладан, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида қурилиб фойдаланишга топширилган ва бугунги кунда қурилиш ишлари давом эттирилаётган (бино, иншоот, тураржой, енгил турдаги ва вақтинчалик қурилмалар) қурилиш объектларининг қурилиш норма ва қоидалари, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослигини ўрганиш бўйича жамоатчилик назорати тартибида ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш ишлари қатор ўринларда камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

“Фар Кенагас” КМК МЧЖ Муллазоир даҳасидаги иккита беш қаватли уйни қуриш ишларида банд бўлган ишчиларни махсус кийимлар ва махсус бош кийим (каска), ҳимоя камарлари билан таъминламаган. Бу ҳолат туман ҳудудида қурилиш ишларини олиб бораётган “Кенагас мукаммал қурилиш” хусусий фирмаси, "Данғара махсус сув пудрат" хусусий фирмаси, “Қўқон агро қурилиш” МЧЖ, “Уч-Бинокор” МЧЖ, "Водий савдогар парвози" МЧЖ, “Фарғона Дифин” хусусий корхонасига қарашли объектларда ҳам кузатилди.

Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, аҳоли фойдаланиши учун барпо этиладиган бино ва иншоотларга барча бирдек кириб чиқиши учун шароит яратиш, хусусан, ногиронлар учун махсус йўлак (пандус) ҳам аввалбошдан қурилиш ишлари лойиҳасига киритилиши лозим. Лекин ўрганиш ишлари билан қамраб олинган ҳамда бугунги кунда қурилиш ишлари олиб борилаётган “Фар Кенагас” КМК МЧЖ, “Кенагас мукаммал қурилиш” хусусий фирмаси, “Қўқон агро қурилиш” МЧЖ, "Водий савдогар парвози" МЧЖ, “Фарғона Дифин” хусусий корхоналари томонидан олиб борилаётган қурилиш объектларида махсус йўлак (пандус)ларнинг лойиҳада ҳам назарда тутилмаганлиги кузатилди.

“Кенагас мукаммал қурилиш” хусусий фирмаси томонидан Муллазоир массивида олиб борилаётган кўп қаватли уйларни қуриш ишларида бинонинг биринчи қаватидаги хонадонлардаги электр тармоқларини монтаж қилиш ишлари белгиланган тартибда бажарилмаётганлиги кузатилди.

"Данғара махсус сув пудрат" хусусий фирмаси томонидан 11-мактабгача таълим муассасаси биносини мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш жараёни кузатилганда бинонинг техник ҳолати бўйича Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Фарғона вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан хулоса берилганлиги, унга кўра, бинонинг ҚМҚ 2.01.03-96 (қурилиш меъёрий қоидалари) зилзилавий худудларда қурилишнинг 3.5-банди талабларига жавоб бериши зарурлиги кўрсатилган бўлсада, ҳозирги бинонинг демонтаж ишларида сейсмик бойламлари йўқлиги кузатилди. Қўшимча қурилаётган биноларнинг асос қисмидаги бетон қопламаларни қуйишдан олдин бажариладиган сақичли намликдан ҳимоялаш қопламалари ётқизилмаган.

Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчаси почта бўлими рўпарасида фуқаро Фахриддин Каримов томонидан уч қаватли, ҳозир фаолият тури номаълум бўлган бино қуриб битказилмоқда. Бинонинг қурилишида тегишли ташкилотлар томонидан бериладиган ҳужжатлар расмийлаштирилмаган, яъни ноқонуний равишда амалга оширилмоқда.

“Нурли давр” МЧЖ Муллазоир даҳаси ҳудудида жойлашган туман захира ер майдонлари ҳисобидан 2021 йилда аҳолининг уй-жойга муҳтож қатламини уй-жой билан таъминлаш учун тўртта беш қаватли 160 хонадондан иборат тураржой биноси қурилиши учун жами 0,50 гектар ер майдони ажратилган. Тураржойларни қуриш ишлари бошланиб, бетон қисми қуйилган бўлса-да, ҳозирги кунда ишлар тўхтатилганлиги кузатилди.

Ўрганиш ишлари доирасида қурилиш объектлари масъулларига ва фуқароларга ҳар бир фуқаро қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуққа эга эканлиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, ёнғинга қарши ҳамда санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этилиши, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги жамоатчилик назорати жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик экспертизаси шаклларида ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкинлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.