Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий каби буюк адибларимиз асарларининг ўқувчилари тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Халқаро миқёсдаги бундай юксак эътиборни Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ижоди, хусусан, унинг “Қутлуғ қон” романи мисолида ҳам айтишимиз мумкин.

Яқинда мазкур асарни Туркияда Евроосиё ёзувчилар уюшмасининг “Bengü” нашриёти турк тилида чоп этди. Уни Туркияда яшаб илмий изланиш олиб бораётган ҳамюртимиз, таниқли тилшунос ва таржимон Замира Ҳамидова (Ўзтурк) турк тилига ўгирган. Олима 2014 йилдан эътиборан Туркия Республикаси Президенти Админстрациясининг Коммуникациялар бошқармасида таржимон, илмий ходим сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Айтиш мумкинки, ушбу таржима адабий, маданий-гуманитар соҳаларда хорижий мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётганининг яна бир ифодасидир.

“Қутлуғ қон” романи шу кунга қадар араб, форс ва МДҲ халқлари тилларига таржима қилинган. Евроосиё ёзувчилар уюшмаси раҳбари профессор Ёқуб Умар ўғли раҳбарлигида Анқарада нашр этилган мазкур таржима 430 бетдан иборат. Асарни нашр этиш жараёнига малакали мутахассислар, муҳаррир ва дизайнерлар гуруҳи жалб этилган. Китобга Туркиянинг таниқли журналист-муҳаррири, айни пайтда Туркия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик ва иқлим вазири матбуот котиби Лайло Гунеш хоним масъул муҳаррирлик қилган. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Наим Каримов илмий ва адабий маслаҳатчиси сифатида “Ойбек ва унинг “Қутлуғ қон” асари ҳақида” номли сўзбоши ёзиб, китоб таржимасининг бадиий аҳамиятини янада оширган.  Айни пайтда адиб ҳаёти ва ижоди, мазкур романининг ёзилиш тарихи билан боғлиқ турли воқеалар ҳақида турк китобхонларига қимматли маълумотлар улашган.

Н.Каримовнинг таъкидлашича, Ойбек 1963 йилда нашр қилинган “Шеърлар” тўплами учун ёзган “Таржимаи ҳол”ида ушбу романнинг дунёга келиш тарихига оид қуйидагича маълумот берган: “1937 йилда “Қутлуғ қон” романини ёза бошладим. Бу романни ёзиш учун материал йиғиб ўтирмадим, болалигимдан ҳаётни кузатишни севганлигимданми, кўнгилдан, хотирамдан “Қутлуғ қон” романи қуйилиб келаверди. Романни қисқа фурсатда ёзиб тугатдим”.

“Эл хизматида“ (1965) сарлавҳали мақоласида эса Ойбек асарнинг яратилиш тарихи тўғрисида кенгроқ баён қилиб, шундай ёзган: “...Унда (романда – Н.К.) ўзбек халқининг революциядан олдинги ҳаёти, халқнинг ўз ҳуқуқлари учун курашга интилиши ва бу курашнинг машҳур 1916 йил қўзғолонига қўшилиб, кучайиб бораётганлиги тўғрисида ҳикоя қилмоқчи эдим. Гарчи мен роман воқеалари юз берган даврда ҳали бола бўлсам ҳам, энди мен буни ўз кўзим билан кўрмаганлигимни айтиш учун етарли ҳаёт тажрибасига эгаман, деб айта олардим. Болалик чоғларимда мен халқ турмушини кўрдим, камбағаллар ва авом халқнинг қоронғи ва дим уй-жойларини, бойларнинг атрофи баланд-баланд деворлар билан ўралган ҳашаматли иморатларини, муздек ҳовузи бўлган боғларини кўрдим. Ёшлигимда бой боғини кўриш учун бир неча марта дарахтларга чиққанман. Мен бошқаларнинг турмушини чанқоқлик билан кузатдим ва кейинчалик романимда тасвир этилган ижтимоий муносабатларнинг кўпгина томонларини ўша вақтдаёқ тушунган эдим... 1938 йилда ёзиб тугалланган “Қутлуғ қон” романим шундай туғилди”.

Таъкидланганидек, Ойбек умрининг илм махзанини йиғиш фасли икки тарихий давр тўқнашган йилларга тўғри келди. У ҳаётининг илк даврида, оз фурсат бўлса-да, мадрасада ўқиб, араб ва форс тиллари билан ошно бўлди, инқилобий бўронлар билан бошланган янги даврда эса эътиборини кўпроқ шу даврнинг муҳим ижтимоий масалаларига қаратди. Адиб қаттол тизим даврида яшаса-да, сермаҳсул ижод қилди. Унинг насрий мероси “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” ва “Улуғ йўл” каби беш роман, “Шонли йўл”, “Hyp қидириб”, “Болалик хотираларим” ва “Бола Алишер” номли тўртта қисса ҳамда бир қанча ҳикоя ва очерклардан иборат тарзда шаклланган.

Унинг роман жанридаги дастлабки тажрибаси — “Қутлуғ қон” ёзувчи ҳаётининг энг таҳликали кезларида, яъни 1938 йилда, қисқа муддатда ёзилган ва 1940 йилда нашр этилган. Адибнинг болалик хотиралари билан тўйинган бу асарида ўзбек халқининг Биринчи жаҳон уруши арафасидаги машаққатли ҳаёти қаламга олинган. Бу даврда, бир томондан, мустамлакачилик сиёсати, иккинчи томондан, ўлкага кириб кела бошлаган капиталистик муносабатлар туфайли меҳнаткашлар оммаси ғоят қашшоқлашган эди. Шундай вақтда сабр косаси тўлган халқнинг норозилик намойиши билан чиқиши ёки қўзғолон кўтариши табиий эди. Чор ҳокимиятининг Ўрта Осиё аҳолисини мардикорликка олиш тўғрисидаги фармони (1916 йил) қўзғолонининг гуруллаб ёниши учун бир туртки бўлди. Ойбек романда Йўлчи каби  меҳнаткашлар, Мирзакаримбой бошлиқ бойларнинг ўзаро муносабатларини тасвирлаш орқали мазкур қўзғолоннинг келиб чиқиш сабабларини бадиий таҳлил этди. Жамиятнинг шу даврдаги қутблашган ҳолатини таъкидлаб кўрсатиш мақсадида ва совет мафкурасининг талаби билан бойлар образини, айниқса, Мирзакаримбой образини яратишда қора бўёқлардан кўпроқ фойдаланди.

Китобдаги адиб ҳаёти ва ижодига доир алоҳида маълумотлар туркиялик китобхонларга Ойбек ҳақида яна ҳам тўлиқ тасаввур беради. Таржимада ёзувчи ҳаёти ва ижоди мисолида XX аср ўзбек адабиёти ҳақида ҳам кенг тушунча бериб ўтилган.

 “Қутлуғ қон”нинг турк тилига таржима қилиниши бежиз эмас. Ойбек ўтган асрнинг 20-йилларида Тошкентдаги “Турон” кутубхонаси фондидаги турк шоирларининг мажмуалари ва “Сарвати фунун” журналида босилган асарларини мутолаа қилиш жараёнида содда услуби ва ёниқ туйғулари билан анъанавий ўзбек шеъриятидан кескин фарқ қилган турк шеъриятига меҳр қўйган. У ҳатто Зиё Кўкалп таъсирида машҳур “Ўзбекистон” шеърини ёзган. Совет мафкурачилари таъбири билан айтганда, пантуркизм ғоялари билан суғорилган бу шеърнинг бадиий шакли Ойбекка ўзбек лирикасининг гўзал намуналаридан бирини яратиш севинчини бағишлаган. Агар Зиё Кўкалп ўз шеърида турк тилини шарафлаган бўлса, Ойбек ўз шеърида она Ватани –Ўзбекистонни кўкларга кўтарган.

Ўйлаймизки, “Қутлуғ қон” асари ўзбек-турк адабий алоқалари тарихида Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Лутфий, Атойи, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби алломаларимиз асарларининг турк тилидаги таржималаридан кейинги қимматли нашр сифатида қадрлидир.

Таржимон китобда адиб Ойбек тили ўта жозибали эканлигини ва бу  унинг  асарларига янада файз ва нафосат бағишлаганини алоҳида таъкидлаб ўтади. Шу боис таржима жараёнида ойбекона тил ва услуб гўзаллигини имкон қадар сақлаб қолишга интилган. Бу асар таржимаси таржимоннинг қарийб ўн йиллик меҳнатлари самарасидир.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори