Самарқанд! Соҳибқирон Темурбек Кўрагон ўз салтанатининг пойтахти бўлган бу табаррук тупроқни севарди. Инсониятга йўлланган илк эзгу қадамлар шу тупроқдан бошланган, деб биларди. Самарқанд сўзи шарафли сўз, бу сўз инсонга ғурур бағишлайди, дерди. Қадимий ва навқирон шаҳарнинг қуёшни елкалаб кетаётган барсли тасвирига соатлаб термуларди. Қуёшни елкалаган шаҳар, деб атарди. Афсоналар шаҳри, ишқ шаҳри, устоз шаҳар, деб биларди.
…Қуёшга қарагил – олам тўла сир,
Саид Бараканинг тонглари отар.
Оламни титратган буюк жаҳонгир,
Устознинг пойига бош қўйиб ётар…
Устозга бундай эҳтиром фақат Самарқандда бор!
Самарқанд бағрида оқаётган дарё қуёшни сочиб оқади, азиз-авлиёлар, гадолар, подшолар шу шаҳар томон интилган, унга келган гадо бой бўлиб кетган, келган подшо давлат тузган, келган авлиё унинг бағрини макон тутган, бу шаҳардан кетмаган.
Тарих саҳнасидан менга кўзлар боқарди. Усмон Носир қувилган мактаб шу шаҳарда ғиштини тўкиб йиғларди. Усмон Носирнинг ҳам энг гўзал шеърлари шу шаҳарда ёзилган эди. Икки дарё оралиғидаги илк театр, илк журнал шу шаҳарда пайдо бўлган эди. Беҳбудий Ватан фарзандларини маърифатли этишга жонини нисор қилган фидойи эди. Ҳожи Муин Туркистон ижодкорларининг бошини силаган, бағри дарвозасидай ланг очиқ футувват соҳиби эди. Бу шаҳар илм-фан шаҳри, бешиги эди.
Бу шаҳар байт билмаган мирзони мирзо санамаган, мирзолар хитобларини байт билан айтган. Хат ёзишса, патқаламни томирига санчиб байт билан ёзишган. Ҳар бир Абу Лайс самарқандликман, дейди. Мажнун деб билганимиз Қайс шеърларию пойқадами Самарқандга етган, машҳур Есенин ҳозирги темир йўл вокзали атрофида бир ойдан ошиқ қолиб ижод қилган.
Жомий меҳридан баҳра олиб, Лутфий лутфи билан гапириб, Шоҳ Анвар Қосим шеърларидан таъсирланиб, ўн саккиз ёшли Мирзобекнинг “Кўзинг не бало қаро бўлубдур, Ким жонға қаро бало бўлубдур” матлаили ғазалларини ўқиб, Самарқанд шоирлари ичида улғайиб, Самарқанд таҳсилини кўриб Амир Алишер Навоий бўлган эди. Ғазалдаги бу ўйноқи усул “Савти Самарқанд” деб аталади. Буни зуллисонайн шоир Жамол Сирожиддин Хумий айтган эди. Кўзини бағишлаб илк бор аруз сеҳрини Рўдакий Самарқандда бошлаб берган эди.
Самарқанд шоирлар шаҳри эди, шеърият шаҳри эди.
Бу ерда битта мозорни етмиш пир қўриқларди, ялангоёқ кезганда руҳлар чорларди. Али Қушчи бўлиб фалакка термулса, феруза осмон бағрида балқиб турган сирли ой ҳам Самарқанд қизи бўлиб кўринарди. Қадим йўлаклардан “ҳувво-ҳув” дея қаландарлар зикри эшитиларди. “Излар кишим борми?” деб Намангандан афтода келганида Машрабга “шоҳ”лик мақомини берган, уни Шоҳ Машраб деб атаб тўн ёпган шу шаҳар эди.
Машрабшунос олимлар юрти эди.
Қаландарлар, дарвешлар шаҳри эди.
Имом Бухорий топиниб келган шаҳар эди. Хожа Аҳрор Вали, Мотурудий шу шаҳарда эди. Майсаларининг устига ҳадис ҳам, ҳикмат ҳам сеп ёйган эди.
Валийлар шаҳри эди.
Темурбек салтанатига машварат қилиш учун дунёнинг етти иқлимидан подшолар, уларнинг элчилари келарди. Амир Темур узоқни кўра оладиган моҳир дипломат сифатида Испания қироли Энрико III, Франция қироли Карл VI, Англия қироли Генрих IV ва бошқа ҳукмдорлар билан алоқа боғлади. Уларга элчилар йўллади, мактублар ёзди, мактублар олди. Ўз навбатида, испан, француз, инглиз, хитой ва бошқа хорижий мамлакатлар элчилари унинг саройига тез-тез ташриф буюрадиган бўлди.
У улкан давлат арбоби сифатида Европа ва Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ягона макон яратиш чораларини қидирди. Бунда ўзаро савдо-иқтисодий муносабатлар ўрнатилишига катта эътибор берди. Жаҳоннинг бир тарафдан Хитой, Ҳиндистон, иккинчи тарафдан Франция, Англия, шунингдек, Усмонлилар империяси, Испания, Италия, Миср ва бошқа нуфузли давлатлари билан яхши алоқаларни йўлга қўйди. Соҳибқирон олий мартабали меҳмонларни барча иззат-ҳурматини жойига қўйган ҳолда кутиб олиш ва машваратлар ўтказиш учун Бобур Мирзо “Бир машҳур ўланг Конигил ўлангидир. Самарқанд шаҳридин шарқ тарафидур”, деб таърифлаган Конигилда улкан сайилгоҳ барпо қилдирди.
Мирзо Бобур Самарқанд тахтига юз кун ўтириб, ўзини олам подшосидек сезган эди. Ялангтўш Баҳодир илмда тенгсиз эди. Устозининг пойига бош қўйган Баҳодир эди. Етти ёшли бола шу шаҳарда оқ кигиз устига чиқса, подшо бўларди.
Самарқанд подшолар шаҳри эди.
Клавихо ва бошқа элчилар сайёҳлар шаҳрида кўп қолган сайёҳ эди. Самарқанд абадий мезбон эди.
Улуғбек бўйнида қон ҳирқирарди, Спитамен бўйнида қон ҳирқирарди.
Бу майдон, бу мадрасалар не жангу жадаллар кўрмади, пештоқларига қанчалаб бошлар осилди.
Шаҳидлар шаҳри эди.
Бошини дорга тиккан одамлар шу шаҳарда эди.
Сарбадорлар шаҳри эди.
Сўз муқаддас қурол эди, деворларда шамширлар изи эди: туркийларнинг бош шаҳри эди. Эркаклар жангга кетганда аёлин бошида эрнинг ковуши бўларди. Фалакни кўтариб турган минораларга, нақшин деворларнинг рангин жилосига кўзларида ҳайрат тўлиб термуларди.
Бу само тилсимлари кўмилган ватан эди.
Самовий шаҳар эди.
Бундай шаҳарни севмаслик мумкин эмас эди.
Шоирлар уйида, шоҳлар уйида Самарқанд тасвири меҳробдек осиқ турарди. Ислом шайхлари келиб юз босган, халифа қони сачраган “Қуръон” Хоним масжидида турар эди. Ичида шароби йўқ қадаҳдек бўлиб лаҳв қолди. Уни олиб кетиша олмади. Олиб кетиш учун Алп Эр Тўнганинг, Алпам Шаҳнинг, Алп Манаснинг, Алп Онгишнинг кучи керак эди. Қуръоннинг ўзини олиб кетишди.
Тупроқ кавласанг тош санамлару тош ҳайкаллар чиқади.
Буту санамлар шаҳри эди.
Самарқандни жоҳиллар, золимлар, олимлар, арбоблар, босқинчилар талаб кетган эди. Ҳануз таларди, бу ҳақда Лондон музейи, Эрмитаж ёки хусусий коллекционерлар гувоҳлик бера оларди.
Бу илоҳий шаҳар эса дарди ичида, йиғлаб яшарди.
Кўмилган китоблар, ёнган китоблар, сотилган қўлёзмалар шаҳри эди бу.
Боғи Шамолга завод қурса, Боғи Шимолга пахта экди. Боғи Дилкушога буғдой… Боғи Беҳиштга молбозор қурди. Бу очкўз одамларга Самарқандда ер камдек эди. Булар Ширинбека, Шодимулк, Такина Хоним, Биби Хоним қиссаларини билмаган оми одамлар эди. Билганлари эса боши хам ҳолда Равшан Файздай борса келмас йўллардан кетар эди.
Бу шаҳарнинг ёйган сояси Кармана, Жиззаху Шаҳрисабз узра тараларди.
Шаҳри дилором, шаҳри барно, соявор шаҳар эди.
Умаршайх Мирзодан то Шукур Холмирзаев боболарининг ҳам суяклари шу тупроққа қўшилиб ётар эди.
Бу шаҳар қанча-қанча босқин-истилоларни кўрди. Ҳар сафар гулхан қаъридан чиққан самандар қушдай қайта-қайта қад ростлади, машҳурлиги олам қадар бўлди. Самарқанд кўп асрлар мобайнида Европадан Хитойгача мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирди.
Аждодлар тафаккурининг уйғоқлиги ва азиз-авлиёларимизнинг узилмас силсиласи мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тоши қўйди. Соҳибқирон Амир Темур ҳукмдорлар билан машварат ўтказиш учун Конигилда улкан сайилгоҳ барпо қилдирган бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этадиган олий даражадаги меҳмонлар учун 200 гектардан зиёд майдонда “Боқий шаҳар” мажмуасини бунёд қилдирди. Бу ерда миллий ҳунармандлик устахоналари, миллий услубдаги чойхоналар, Чорсу шарқ бозори, халқаро сайёҳлик маркази қурилди. Марказ ҳудудида жами 10 та объект бунёд этилди, 5 юлдузли меҳмонхона 2 та, 4 юлдузлиси 6 та, конгресс холл, карвонсарой комплекси меҳмонлар хизматида.
Аждодлар руҳи давлатимиз раҳбарига ишонч, куч-қудрат ва жасорат бахш этди. Алп Эр Тўнга, Темурбеклар шуҳратини оламга шоён қилган, қуёшни елкалаган Самарқанд бугун олий даражадаги ҳукмдорлар машварат ўтказадиган, минтақадаги хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилиш учун қулай майдон сифатида олий даражадаги меҳмонларни қабул қилмоқда.
Самарқанд шаҳри кўчаларига ШҲТ ва унга аъзо мамлакатлар байроқлари, саммитга бағишланган афишалар илинган, қадимий кент янада улуғворлик касб этган. ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўлди.
Қуёш шаҳри Самарқанд, янги мартаба муборак!
Талантбек ПРИМОВ,
шоир