2020 йил 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда  ташкил этилган  давра суҳбати шу мавзуга бағишланди.

Маълумки, жорий йил 5 октябрда Президентимиз томонидан миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда давлатимиз раҳбари мазкур йўналишни ривожлантириш ва барқарорлигини таъминлаш юзасидан соҳа мутахассисларига муҳим вазифа ва топшириқлар белгилаб берган эди. Қолаверса, почта соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари ҳам тадбир кун тартибидан ўрин олган эди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири – бу соҳаларни рақамлаштириш ҳисобланади. Бу ўз навбатида, почта соҳасига ҳам замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этишни тақозо этади.

Давра суҳбатида почта алоқаси соҳасида тизимли ислоҳотларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Умумжаҳон почта иттифоқи далолатномаларидан келиб чиқувчи мажбуриятлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ахбороти тингланди.

Таъкидланидек, бугунги кунда почта алоқаси бозорида кучли рақобатли муҳит вужудга келган. Почта ва курьерлик хизматлари 575 та маҳаллий хусусий компания ва халқаро даражадаги йирик компаниялар томонидан кўрсатиб келинмоқда. Статистик маълумотларга кўра, мазкур корхоналар томонидан 2019 йилда 260,0 миллиард сўмлик почта ва курьерлик хизматлари тақдим этилган.

Тадбир давомида тизимдаги камчилик ҳамда муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, “Ўзбекистон почтаси” АЖ тизимида мамлакатимизнинг барча ҳудудини қамраб олган 2 мингдан зиёд бўлинма бўлиб, уларда 7 минг нафар ходим фаолият юритиши лекин йиллар давомида соҳага эътибор берилмагани сабабли почта хизматининг ўрни пасайиб кетгани айтиб ўтилди. Жумладан, сўнгги ўн беш йилда 1 минг 300 та почта бўлинмаси ёпилган. Ўтган йили хориждан келган 6 минг тонна жўнатмаларнинг атиги 10 фоизи, курьерлик хизматларининг 30 фоизи миллий почта ҳиссасига тўғри келган холос.

Почта соҳаси истиқболига хизмат қиладиган  қонунчилигимизни такомиллаштириш масалалари ҳам иштирокчилар эътиборида бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси почта соҳасида асосий халқаро шартномаларга қўшилган ва амалиётда уларнинг нормаларини қўллаб келмокда. Қолаверса, Ўзбекистон ушбу йуналишда икки томонлама давлатлараро ҳамкорликни мунтазам равишда ривожлантириб келмоқда.