Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш” 2026 йил учун давлат дастуримизнинг тўртинчи устувор йўналиши сифатида белгиланиб, бутун дунёда жадал кечаётган рақамли трансформация жараёнлари “бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ”лиги, эндиликда “мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур” экани таъкидланган. Ҳақиқатан, 2026 йилга келиб рақамли трансформациялар оддий технологияларни жорий этишдан воз кечиб, сунъий интеллект, агентлик тизимлари ва маълумотлар хавфсизлигига асосланган интеграциялашган экотизимларни яратишга қаратила бошланди. Мазкур шароитда асосий урғу нафақат рақамлаштириш, балки жараёнларни инсон эҳтиёжларига мослаштириш ва барқарор ривожланишга берилмоқда. 

РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯЛАР ТРЕНДЛАРИ

Бугунги кунда тарихан ўта қисқа муддатларда рақамли трансформацияларнинг етакчи трендига айланиб улгурган сунъий интеллект (СИ) энди фақат ёрдамчи восита эмас, балки стратегик қарорлар қабул қилиш қатламига ҳам айланмоқда. Бир-бири билан боғлиқ ҳолда ишлайдиган ва бизнес жараёнларини мустақил бошқарадиган агентлик тизимлари (Автоном СИ-агентлари) кенг тарқалмоқда. СИнинг робототехника ва дронлар каби жисмоний объектларга интеграцияси кучайиб, улар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланмоқда, улар жисмоний СИ деб аталмоқда. Генератив СИнинг кенгайиши тоборо ортиб, тажриба босқичидан кенг миқёсда қўллаш босқичига жадал ўтмоқда.

Табиийки, рақамли трансформациялар мослашувчан ва хавфсиз инфратузилмани талаб қилади. Шу ўринда, хусусан, бошқарув нуқтаи назаридан маълумотларни марказий серверларда эмас, балки манбага яқин жойда қайта ишлаш тезкорликни оширади, буни эса Edge Computing (Чет тизимли ҳисоблашлар) технологиялари таъминлай олади. Корхоналарда эса хавфсизлик ва кенгайиш имкониятини мувозанатлаш учун бир нечта булутли платформалардан – гибрид ва multi-cloud (кўп булутли) тизимлардан фойдаланмоқда. Қолаверса, корхоналар маълумотлар омборларидан маълумотларга асосланган маҳсулот экотизимларига ўтмоқда. 

Рақамли технологиялар янада мураккаблашгани сари хавфсизлик масалалари марказий ўринга чиқмоқда. Таҳдидларни улар содир бўлишидан олдин аниқлайдиган ва бартараф этадиган тизимлар (Preemptive Cybersecurity), шунингдек,  СИдан фойдаланишда шаффофлик, одоб-ахлоқ қоидалари ва ҳуқуқий нормаларга риоя қилишни таъминловчи инстурментлар (AI Governance) ҳамда маълумотлар махфийлигини таъминлаш технологиялари (Privacy Tech) хавфсизлик стратегиясининг асосий ташкил этувчиларига айланмоқда.

БЎЛАЖАК РАҚАМЛИ КАСБЛАР

Юқорида тилга олинган рақамли трансформациялар трендлари (СИ агентлари, маълумотлар хавфсизлиги, булутли тизимлар) меҳнат бозорида мутлақо янги ва юқори даромадли касбларни юзага келтирмоқда. 2026–2030 йиллар оралиғида энг талабгир бўладиган рақамли касблар ҳақида тўхталамиз.

СИ нафақат ускуна, балки "рақамли ҳамкасб"га айлангани сари, мазкур соҳада, яъни сунъий интеллект ва автоном тизимлар соҳасида қуйидаги мутахассисларга эҳтиёж ортади: СИ агентлари архитектори (AI Agent Architect) – мустақил қарор қабул қилувчи ва жараёнларни бошқарувчи СИ тизимларини лойиҳалайди; промпт-инженер (Prompt Engineer) – СИ билан самарали мулоқот қилиш ва ундан аниқ натижа олиш учун сўровларни шакллантиради; СИ этикаси бўйича мутахассис (AI Ethicist) – СИнинг қарорлари адолатли бўлишини, камситиш ва нохолисликка йўл қўймаслигини назорат қилади; машинавий ўқитиш (ML) инженери – СИ моделларини яратиш ва уларни доимий такомиллаштириш билан шуғулланади. 

Маълумотлар ва киберхавфсизлик соҳасида ҳам бир қанча рақамли касблар пайдо бўла бошлади. Маълумотларнинг “янги нефть”га ва “янги олтин”га айланиши уларни ҳимоя қилиш ва бошқаришни муҳим касбга айлантирди, жумладан, киберхавфсизлик таҳлилчиси – СИ ёрдамида амалга ошириладиган ҳужумлардан тизимларни ҳимоя қилади ва хавфсизлик тизимларидаги заиф нуқталарни аниқлайди; маълумотлар бошқаруви бўйича мутахассис (Data Governance Specialist) – маълумотларнинг сифати, махфийлиги ва қонуний ишлатилишини таъминлайди.

Инфратузилма ва бизнес трансформацияси соҳасидаги рақамли касб эгаларига мисол сифатида булутли тизимлар архитектори (Cloud Architect) корхона маълумотларини хавфсиз булутли платформаларга кўчириш ва бошқаришни ташкил қилса, Edge Computing инженери маълумотларни манбага яқин жойда, масалан, “ақлли” қурилмаларнинг ўзида қайта ишловчи тизимларни яратади. Корхонанинг бизнес-моделини рақамли технологиялар асосида тўлиқ қайта қуришдаги стратегик раҳбарликни рақамли трансформация менежери амалга оширади. 

Бугунги кунга келиб шиддат билан кечаётган рақамли трансформациялар шароитида мамлакатимиз ривожи учун рақамли касбларнинг долзарблиги янада яққол сезилмоқда. Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган стратегик мақсадларини, хусусан, СИ бўйича топ-50 таликка кириш ва “рақамли ҳукумат”ни ривожлантириш каби мақсадларни инобатга олсак, яқин йилларда қуйидаги рақамли касб эгаларига талаб кескин ортади, булар – давлат сектори учун рақамли хизматлар дизайнери; “Катта маълумотлар” (Big Data) таҳлилчиси; миллий СИ моделларини ишлаб чиқувчи мутахассислардир.

РАҚАМЛИ КАСБЛАРНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Рақамли трансформациялар трендлари туфайли юзага келаётган рақамли касбларнинг истиқболлари нафақат юқори маош, балки меҳнат бозорининг тубдан ўзгариши ҳамда аниқ иқтисодий ва технологик омиллар билан белгиланади. Жаҳон иқтисодий форуми (WEF)нинг 2025-йилги ҳисоботига кўра, 2030-йилгача дунё бўйлаб 170 миллион янги иш ўрни яратилади, уларнинг аксарияти айнан рақамли технология ва СИ соҳасида бўлади. 

Мамлакатимизда эса “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида рақамли иқтисодиёт улушини ошириш ва рақамли технологияларни ривожлантирган ҳолда мамлакатни минтақавий IT хабга айлантириш, хусусан, IТ-хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу дегани, маҳаллий мутахассислар учун нафақат ички бозорда, балки глобал миқёсда масофадан ишлаш имкониятлари кенгаяди.

Келажакда СИ ва автоном тизимлар соҳасида фаолият юритувчилар тизимларни нафақат бошқаради, балки уларнинг “фикрлаш” доирасини белгилайди. СИ агентлари архитектори СИ моделларининг хавфсизлиги, ишлаш харажатлари ва бизнес жараёнларига интеграцияси учун масъул бўлади. Промпт-инженер касби оддий сўров ёзишдан мураккаб “СИ билан ўзаро алоқа архитектураси”га айланади. Промпт-инженерлар СИнинг инсон ниятини тўғри тушуниши ва хатосиз (галюцинацияларсиз) ишлашини таъминловчи тизимларни яратади. Европа Иттифоқининг СИ тўғрисидаги қонуни (EU AI Act) тўлиқ кучга кириши билан, СИ этикаси бўйича мутахассис касбига талаб кескин ортади. Ҳар йили 100 000 дан ортиқ бундай мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлиши кутилмоқда. Машинавий ўқитиш (ML) инженерлари нафақат IT, балки банк, тиббиёт ва логистика каби соҳаларда ҳам яқин келажакда муҳим масалаларни ҳал этишга кенг жалб этиладилар.

Маълумотлар ва киберхавфсизлик соҳасининг истиқболида СИ ҳам ҳимоячи, ҳам ҳужумчи ролида намоён бўлади. 2030 йилга келиб киберхавфсизликдаги СИ бозори 93 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда, бу эса киберхавфсизлик таҳлилчиси касбининг долзарблигига етарлича аргументдир. Маълумотлар хавфсизлиги ва шахсий дахлсизлик талаблари кучайиши натижасида эса маълумотларни қонуний ва ахлоқий ишлатилишини назорат қилувчи маълумотлар бошқаруви мутахассиси касби стратегик аҳамият касб этади.

2030 йилга бориб АТ соҳасидаги ишларнинг 75 фоизи инсон ва СИ ҳамкорлигида амалга оширилади. Инфратузилма ва бизнес трансформацияси соҳасида булутли тизимлар архитекторлари СИ моделларини корпоратив дастурлар билан хавфсиз интеграция қилувчи асосий “мия дизайнерлари”га айланади. Рақамли трансформация менежерлари эса ўзларида техник ва бизнес кўникмаларни бирлаштиради, СИ технологияларини компания ичида жорий қилишда юзага келадиган бошқарув муаммоларини ҳал қилиш ва СИдан реал фойда олишни таъминлаш уларнинг асосий вазифаси бўлиб қолади. Келажакда IoT, автоном транспорт воситалари ва “ақлли” шаҳарлар ривожланиши билан Edge Computing инженерларининг аҳамияти янада ортади.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ёшларимиздаги келажакка бўлган интилиш, шижоат ҳамда тафаккурни қўллаб-қувватлаб, ўзининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Бу йил IT, финтех, сунъий интеллект каби йўналишлардаги маҳаллий стартапларга хориждан 270 миллион доллар инвестиция жалб қилдик. Кейинги йилдан “Рақамли стартаплар” дастурини кенгайтириб, стартап ғоясидан то экспортгача кўмаклашадиган янги тизимни йўлга қўямиз. Бунда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда берилади”, деб таъкидладилар. Давлатимиз раҳбари баён этган бу стратегик мақсад ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодиётини сезиларли даражада юксалтиришга қодир бўлган янги рақамли касбларнинг ёшларимиз томонидан эгалланишига ва ривожланишига замин яратувчи омиллардандир.

 

Каримов Акрамжон,
ТДЮУ Ҳуқуқ, жамият ва маданият шўъбаси профессори в.б.