Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар ҳамда минерал сувларнинг турли касалликларни даволаши ҳақидаги рекламалар кенг тарқалмоқда.

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, айрим рекламаларда мазкур маҳсулотлар диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония ва бошқа касалликларни даволашда самарали восита сифатида тарғиб қилинмоқда. Бу эса истеъмолчиларда уларни дори воситаси сифатида қабул қилиш ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишига олиб келиши мумкин.

Ваҳоланки, ваколатли органлар хулосасига кўра, биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришдан иборат. Улар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган.

Шу сабабли биологик фаол қўшимчаларни даволовчи восита сифатида талқин қилиш ҳамда уларнинг шифобахш хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш амалдаги қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида бир қатор талабларга риоя қилиниши шарт.

Хусусан, бундай реклама:

  • маҳсулот дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга деган таассурот уйғотмаслиги;
  • одамларнинг даволангани ёки аҳволи яхшилангaни ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилмаслиги;
  • фуқароларнинг миннатдорлик билдиришлари ёки тавсияларини ўз ичига олмаслиги;
  • соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
  • тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтгани ҳақидаги маълумотлар орқали маҳсулотнинг дори воситаларидан устунлиги ҳақида тасаввур уйғотмаслиги керак.

Шунингдек, ҳар бир ҳолатда реклама «Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас» мазмунидаги огоҳлантириш билан берилиши шарт.

Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.