Рақобат қўмитасига истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, ўзини «савдо-дилерлик корхонаси ходими» сифатида таништирган шахслар фуқароларга қўнғироқ қилиб, «катта чегирма ва бонусларга эга бўлдингиз» деган ваъдалар билан уларни харидга ундаётган ҳолатлар кўпайган.

Маълумотларга кўра, бундай шахслар маҳсулотлар хусусиятларини бўрттириб мақташ орқали фуқароларни тезкор қарор қабул қилишга мажбур қилмоқда. Маҳсулот эса кўп ҳолларда ёки ҳақиқий таъсирга эга эмас, ёки сифати паст ва жуда қиммат бўлиб чиқмоқда.

Қўмита қайд этишича, айрим ҳолларда фуқароларга «бонус» сифатида қўшимча маҳсулотлар ваъда қилиниб, маблағи етмаса, кредит орқали харид қилиш таклиф қилинмоқда. Бу жараёнда фуқаролар шахсий маълумотларини бериб, шартномаларга имзо қўймоқда, бироқ кейинчалик маҳсулотлар қайтариб олинмаслиги ва фирма ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаслиги каби муаммолар юзага келмоқда.

Шу кабилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларга қуйидаги тавсияларни берди:

  • сотувчи ва маҳсулот ҳақидаги маълумотларни синовдан ўтказинг;
  • маҳсулот ҳақиқатдан зарурми ва молиявий ҳолатингизга зарар келтирмайдими – ўйлаб кўринг;
  • тиббий ускуналарни шифокор маслаҳатисиз харид қилманг;
  • шахсий маълумотларни ҳеч кимга берманг;
  • шубҳали шартномаларни имзоламанг ва ҳаволаларга кирманг;
  • фирибгарликка олиб келувчи ҳар қандай шубҳали таклифлардан эҳтиёт бўлинг.

Аҳолига турли савдо найрангларига учмаслик ва огоҳ бўлиш тавсия этилмоқда.