Адлия вазирлиги “Янги Ўзбекистон” университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича “Ректорлар мактаби” дастури доирасида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3897, 13.07.2026 й.).
Мазкур ҳужжатга кўра, Дастур доирасида 30 ёшга тўлган, камида магистр академик даражасига ва олий таълим соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, шу жумладан, 2 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаган номзодлар очиқ танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг «Янги Ўзбекистон» университетида «Ректорлар мактаби» дастурини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2026 йил 16 апрелдаги 177-сон қарорининг 3-банди «в» кичик бандига асосан давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар фақат Дастурни муваффақиятли тамомлаган ва олий таълим ташкилотлари ректори (директори) захирасига киритилган шахслар орасидан танлаб олинади.
Қабул жараёни қуйидаги 4 та босқичда ташкил этилади:
1) ҳужжатларни қабул қилиш ва ўрганиш;
2) тест синовлари;
3) психологик баҳолаш;
4) суҳбат.
Номзодлар тест, психологик баҳолаш ва суҳбат натижалари бўйича тўплаган умумий баллари асосида рейтинг шакллантирилади ҳамда қабул квотаси доирасида ўқишга тавсия этилади.
Шунингдек, Низом билан ҳужжатларни топшириш, баҳолаш мезонлари, натижаларни эълон қилиш, апелляция тартиби ҳамда қабул жараёнининг шаффофлигини таъминлаш механизмлари белгиланган.