Тажрибанинг илк босқичида Наманган шаҳри ва Қарши тумани, Андижон вилояти Марҳамат туманларида эксперимент тариқасида бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади.
Қисқартирилаётган штат бирликларини эгаллаб турган юридик хизматлар ходимлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда мутахассислигига мувофиқ ишга жойлаштирилишига кўмаклашилади.
Марказлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун уларни бир ой муддатда адлия органлари ва муассасаларининг биноларига жойлаштирилиши таъминланади. Марказлар танлов асосида ўзларига юклатилган вазифалар ижросини юқори касбий даражада таъминлай оладиган малакали кадрлар билан тўлдирилади.
Марказ юридик шахс ҳисобланмайди ва туман (шаҳар) адлия бўлимларининг таркибий бўлинмаси сифатида фаолият юритади ҳамда бевосита тегишли вилоят адлия бошқармасига бўйсунади. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан марказ билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган буйруқлар, фармойишлар, шартнома ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
2020 йил 25 сентябрга қадар эксперимент доирасидаги туман(шаҳар)ларда марказлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ўзаро ишни ташкил қилишнинг ягона электрон тизими ишга туширилади.
Марказлар фаолиятини доимий тарзда таҳлил қилиб, уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини қатъий назоратга олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига юклатилди.
Қарор билан шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларида қисқартирилаётган юридик хизматлар штат бирликлари рўйхати ҳамда Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.