Бугунги кунда юртимизда 78 фоиз ўлимнинг сабабчиси юқумли бўлмаган, аниқроғи, юрак-қон томир, эндокрин, хавфли ўсма касалликлари эканлиги ва бунинг 53 фоизи айнан юрак қон-томир касалликларига тўғри келаётгани қайд этилди. Юқумли бўлмаган, хавф омилига кирувчи ана шу касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг тажрибаси босқичма-босқич ҳудудлардаги филиалларда қўлланилади. Ихтисослаштирилган кардиология хизматларини ҳудудгача тушириш, хизматлар турини 15 тадан 35 тага етказиш фуқароларнинг ўзи яшаётган жойда тиббий ёрдам олиш имкониятларини оширишга хизмат қилади. Жойлардаги марказларда юқори технологик операция ва муолажалар ўтказиш йўлга қўйилади, улар зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланади. Соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ҳам зиммамиздаги муҳим вазифадир. Вилоят марказларида бу борада амалга ошириладиган ишларни туманларга татбиқ этиш, уларнинг географик жойлашуви, аҳолининг касалланиш кўрсаткичини инобатга олган ҳолда, кардиология бўлимлари ташкил қилинади.
Бирламчи мурожаат қилган фуқароларга ихтисослашган тиббий ёрдам жойида кўрсатилади. Бунда беморнинг пойтахтга келишдаги оворагарчилигини, унга кетадиган сарф-харажатларни камайтириш, ўзи яшаётган жойда тиббий хизматдан фойдалана олиш имкониятини яратиш назарда тутилган.
Йиғилишда аҳолининг 85 фоизи мурожаат қиладиган бирламчи тиббий санитария ёрдамига алоҳида эътибор қаратилди. Бирламчи санитария тиббий ёрдами яхши ишламас экан, стационар муассасаларга юкламалар кўпаяверади. Мана шу масалаларда ҳам ечим кўрсатилди. Жойларда шифокорлар таъминоти бўйича муаммолар мавжуд. Мана шунинг учун ҳам 2000 дан зиёд бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида махсус кўрикхоналар ташкил қилинади. Унда ҳамшираларга 10 дан зиёд касалликларга ташхис қўйиш, скрининг тадбирларини ўтказиш ва шу орқали нафақат оила шифокорини, балки кардиолог, эндикринолог, невропотолог, онколог каби мутахассислар юкламаларини камайтириш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу эса, шифокор вақтини кўпроқ бемор билан ишлашга йўналтиришга хизмат қилади. Айнан шу йўналишда республикада ташкил қилинган 14 мингдан зиёд тиббий бригадалар ходимларини махсус курсларда ўқитиш ва 2022 йилдан бошлаб бу амалиётни йўлга қўйиш керак бўлади.
Инсоннинг носоғлом турмуш тарзи, одатларига боғлиқ юқумли бўлмаган касалликлар муаммоси ҳамон кўпчиликни ўйлантираётган масаладир. Ҳар қандай касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши. Асосий мақсад, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, умр давомийлигини ошириш, соғлом кексаликни таъминлашдир. Зеро, фақат соғлом миллат баркамол авлодни яратишга қодир бўлади.
Сўнгги беш йилда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича амалий ишлар қилинди. Президентимиз томонидан имзоланган қатор қарор ва фармонлар, қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган. Мисол учун, ҳар битта маҳаллага спорт инструктори бириктириб берилди. Ёки ҳар битта маҳаллада фитнес клублар очилиши, саломатлик йўлакчалари барпо этилиши, фуқаронинг пиёда юргани учун маблағ ажратилиши инсон саломатлигига қаратилаётган юксак эътибордан далолат.
Мутахассислар бугунги кунда инсон соғлом турмуш тарзига амал қилиши орқали 100–120 ёшгача умр кўриши мумкин, деб ҳисоблашмоқда. Бунда, албатта, озиқ-овқат таъминоти, дам олиш, сифатли тиббий хизмат, яшаш ва ишлаш учун етарли шарт-шароит билан таъминланиш каби омиллар муҳим ўрин тутади. Доим ҳаракатда бўлган инсонни турли хасталиклар четлаб ўтиши ҳам бор гап. Агар инсон кунига 8 қаватга зинадан кўтариладиган бўлса, мия фаолиятининг яхшилангани ҳисобига альцгеймер касаллиги хавфи 45 фоизга камаяркан. Кунига 30 дақиқа пиёда юриш орқали ҳам эрта ўлим хавфини 20 фоизга камайтирган бўламиз.
Шундай экан, ҳар бир инсон ўз соғлиғи, оиласи, фарзандлари саломатлигига эътиборли бўлиши шартлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Барно Одилова,
соғлиқни сақлаш вазирлиги
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш
ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори,
II даражали “Саломатлик” ордени соҳиби.