Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, видеоконференция кун тартибида коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатларини баҳолаш билан боғлиқ масалалар, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан глобал инқироз ҳодисаларининг республика аҳолиси ва иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди. Конференция иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 апрель куни “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан қабул қилинган Инқирозқа қарши чоралар дастури самарадорлигига юқори баҳо берди.
Шунингдек, Ривожланиш бўйича ҳамкор ташкилотлар жумладан, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Ислом Тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги вакиллари Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги воқеалар оқибатларини тезкор бартараф этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.
Бу ёрдам грантлар, кредитлар, гуманитар ёрдам ва техник кўмаклашиш кўринишида берилади.