Аммо у эътибордан четда эмас. Маҳаллада эҳтиёжмандлар рўйхатида тургани учун ғалладан бўшаган майдондан унга бир гектар ажратилди. Қолаверса, фермерлар томонидан кўмак сифатида дон берилди. Айни вақтда у ўзига ажратилган ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, даромад олиш мақсадида.

Бутун юртимизда бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам қишлоқ хўжалигининг айни мавсумда ризқ-рўзимиз бўлмиш ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиб олиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди ва мўл ҳосил олинди. Эндиликда ғалладан бўшаган майдонлардан самарали фойдаланиш, такрорий экин экиб, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу, ўз навбатида, Одил Қўлдошев каби фуқароларга қўшимча даромад олиш учун яхши имкониятдир.

Навоий вилоятида бу йил 950 га яқин фермер хўжалигида 38 минг гектардан ортиқ майдонда бошоқли дон етиштирилди. Суғориладиган ғалла майдонларининг ҳар гектаридан ўртача 80 центнердан, жами 290 минг тоннадан ортиқ ҳосил олинди. Унинг 47 000 тоннаси давлат заҳираси учун дон қабул қилиш масканларига топширилса, 39 000 тоннадан зиёди фермерлар томонидан  биржа савдолари орқали сотиш учун вақтинча сақлаш омборларига келтирилди. Келгуси йил ҳосили учун эса 8800 тонна уруғлик дон жамғарилади.

Республикамиз аҳолисини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва фермер хўжаликлари иқтисодини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган такрорий экин экиш кўзда тутилган. Айни вақтда вилоятда бу жараён қизғин паллага кирган.

Жараённи Навбаҳор тумани мисолида таҳлил этадиган бўлсак, ҳудудда жорий йил ҳосили учун 189 та фермер хўжалиги 8 400 гектардан ортиқ майдонда дон етиштирди. Ғалладан бўшаган ушбу ерларнинг 7400 гектаридан ортиғига такрорий экин экилиши режалаштирилган. Жумладан, 360 гектарга сабзавот, 150 гектарга полиз, 154 гектарга мойли экинлар, 1480 гектарга дуккакли экинлар, 1300 гектарига эса шоли, 2797 гектарга эса чорва учун озуқа экинлари ва 1135 гектарга тариқ экилади. Шу мақсадда фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга такрорий экин етиштириш учун тегишли ер майдонлари ажратилди.

Албатта, халқимиз азалдан ерни ардоқлайдиган, меҳнаткаш, асл соҳибкорлар, бир сўз билан айтганда, миришкор деҳқондир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича жуда катта тажрибага эга.

Карманаликлар ҳам азалдан ер билан тиллашиш ҳадисини олган. Хусусан, Шибзон, Жалоир ва Арабхона каби маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли ҳар қарич экин майдонидан самарали фойданиб, ички бозорни йил бўйи зарур турдаги сабзавотлар билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Хусусан, ғалладан бўшаган ер майдонларига ҳам ҳудуд аҳолиси томонидан сабзи, шолғом, лавлаги ва бошқа турдаги сабзавотлар ҳамда дуккакли экинлар экилади. Бу йил ҳам Шибзон маҳалласида ижтимоий дафтарларда турувчи фуқароларга 50 сотихдан бир гектаргача ер майдонлари такрорий экин учун ажратилди.

 — Маҳалламизда доимий банд бўлмаган 272 нафар фуқарога аукцион орқали такрорий экин учун ер ажратиб берилди. Асосан сабзи, қизил лавлаги ва картошка экиляпти. Бунинг учун уларга ҳар томонлама шароит яратилиб, кўмак кўрсатилмоқда. Фермерларнинг мавжуд техниклари томонидан ерларга агротехник хизматлар кўрсатилди ва уруғлар ҳам экиб берилди. Мутахассислар томонидан экинларни етиштириш бўйича мунтазам тавсиялар бериб борилмоқда.

Дилдора Облоқулова ҳам оилавий шароити туфайли “Аёллар дафтари”да рўйхатда туради. У эндиликда ўзига ажратилган 50 сотих ерда оиласи билан сабзавот ва дуккакли экинлар етиштириб, рўзғори бутлигини таъминлашни мақсад қилган.

— Икки нафар фарзандим бор, ишсизман. Ҳовлимдаги 9 сотих томорқамга ҳам помидор ва бошқа маҳсулотлар экканман. Доим ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ғалладан бўшаган ердан менга 50 сотих ер ажратиб берилгани айни муддао бўлди, — дейди Дилдора Облоқулова.

Аслида йилнинг қайси бир даври бўлмасин, халқимиз ерга ўзгача меҳр билан қараган. Шу боис, бободеҳқон қалб қури билан етиштирган неъматлар йил бўйи дастурхонимиз, бозорларимиз тўкинлигини таъминламоқда. Албатта, оиласи фаровонлиги ва  моддий эҳтиёжига интилган инсон эса ҳеч вақт муҳтож қолмайди.

Қизилтепа туманида ҳам жорий йил ҳосили учун 9200 гектар майдонга экилиб, мўл хирмон кўтарилди. Ушбу ерлар ишсиз фуқаролар учун тўлиқ такрорий экин учун ажратилди. Жумладан, Арабон ҳудудида 1027 гектар майдонга такрорий экинлар экиш режалаштирилган бўлиб, шундан 62 гектарига сабзавот, 63 гектарига мойли экинлар, 236,4 гектарига шоли, 248 гектарига чорва учун озуқа ва 418 гектарига тариқ экилди. Дуккакли экинларни, айниқса, мош, ловия экишда сочма усулдан фойдаланилди. Чунки бу усул сув танқис бўлган ерларда яхши самара беради ва 1 гектар ерга экилган уруғдан 20 центнергача ҳосил олиш мумкин.

Шу ўринда тан олиб айтиш керак, бу йил қишлоқ хўжалигига ҳам бир мунча синовли келди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, табиат инжиқликлари фермер фаолиятига сезиларли даражада ўз ҳукмини ўтказди. Меҳнатнинг самарасини эса фермерларимизнинг ғалла ҳосили бўйича белгиланган режани ортиғи билан бажарганидан ҳам кўриш мумкин. Такрорий экин етиштириш ҳам бу каби машаққатлардан ҳоли эмас. Аммо,  ҳар қандай роҳат меҳнат ортидан келишини тўғри англаган деҳқонлар бугун далада жавлон ураяпти. Энг муҳими,  уларда тажриба янада ортиб, бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга интилмоқда. Қишлоқ хўжалигидаги бу каби амалий ишлар эса аҳолининг ишсиз қатлами бандлигини таъминлаш, фаровонлигини ошириш ва юртда тўкинчилик бўлишига хизмат қилади.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири