Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси органлари томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, яқинда Россия Федерацияси Бош ҳарбий прокуратурасининг амалий кўмаги туфайли Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага катта ҳисса қўшган, мислсиз жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатган халқимизнинг ардоқли ўғлони генерал-майор Собир Умар ўғли Раҳимовнинг Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Марказий архивида сақланаётган шахсий йиғма жилдидаги зарур ҳужжатлардан нусхалар олиниб китоб ҳолида мамлакатимизга келтирилиши муҳим аҳамиятга молик воқеа бўлди.
Тўпламнинг ноёблиги шундаки, ундаги ҳужжатлар генерал-майор Собир Раҳимовнинг ҳаёти ва ҳарбий хизматдаги фаолиятига доир юртимиздаги мавжуд тарихий материалларни янги маълумотлар билан янада бойитади.
Шу нуқтаи назардан, улуғ аждодимизнинг ҳаёти ва фаолиятини, жанггоҳларда кўрсатган бемисл жасоратини чуқур ўрганишга кенг имконият яратиш мақсадида ушбу манба пойтахтимизда барпо этилаётган “Ғалаба боғи” ҳудудидаги “Шон-шараф” музейи экспозициялари фондига жойлаштириш учун ишчи гуруҳга топширилди.