“Қустанайда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг экспорти Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма лойиҳасининг ривожидаги навбатдаги қадам бўлди. Эришилган келишувлар шартларига кўра, оммавий сегментдаги Chevrolet автомобиллари Қозоғистон ичида сотилишидан ташқари, Белорусь ва Россия Федерацияси бозорларига экспорт қилинади”,- дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 28 мартда “СариаркаАвтоПром”да Chevrolet автомобилларининг кенг қаторини ишлаб чиқариш бошланганди. Заводнинг қуввати General Motors талабларига мувофиқ маҳсулотлар чиқариш ва, яқин келажакда, ишлаб чиқарилаётган моделлар қаторини кенгайтириш имконини беради.

Қайд этиш ўринлики, Қозоғистонда ҳозирда Chevrolet Nexia, Cobalt, Tracker, Malibu, Damas ва Trailblazer автомобиллари сотилмоқда.

“Биринчи босқичда Қозоғистонда конвейердан чиққан Chevrolet Nexia ва Cobalt билан бирга, Россия салонларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Chevrolet Spark ҳам тақдим этилади. Ушбу автомобилларнинг муҳим рақобат афзалликлари нарх, жиҳозланганлик ва сифатнинг мутаносиблиги саналади”,- таъкидлайдилар Chevroletнинг Россия бозоридаги расмий дистрибьютори – “Келес Рус” (“Келес Дистрибушн” тармоғининг шўъба ташкилоти) вакиллари.

Бугунги кунда, Россия ҳудудини бир текисда қамраб олиш мақсадида, ушбу мамлакат ҳудудидаги йирик шаҳарларда жойлашган ўнлаб номзод-корхоналар оммавий сегментдаги Chevrolet дилерлигига даъво қилмоқдалар. Улардан биринчилари Оренбург ва Вологдада сотувларни бошлаб юборишди, яқин орада эса, Москва, Санкт-Петербург, Краснодар, Ростов-Дон ва бошқа, аҳолиси миллиондан ошувчи шаҳарлардаги шериклар туфайли дилерлик тармоғи кенгаяди.

Экспортга йўналганик, маҳаллийлаштиришни ривожлантириш билан бир қаторда, автомобиль ишлаб чиқарувчилар учун энг муҳим вазифалар сирасига киришини қайд этамиз.