Россия Федерациясининг турли ҳудудларида яшовчи ҳамюртларимиз билан бирга Мустақиллик байрамини қутлаш учун борган Фарғона вилояти делегацияси Свердловск областидан сўнг Тюмен областига, Тоболск шаҳрига етиб борди.
Шаҳардаги «Водник» маданият уйи Тюмен ва унга қўшни вилоятларда яшовчи фарғоналик талабалар, меҳнат мигрантлари ҳамда у ерда яшовчи ўзбек диаспораси вакиллари билан тўлди.
Юрт соғинчи билан орзиққан қалблар ватандошлар дийдорини кўриб севинди. Хурсандчилик ҳислари билан тўлган байрам тадбирида сўз олганлар Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар катта бўлаётганлигини, хорижда ишлаш ҳам вақтинча эканини, давлатимизнинг эътибори туфайли Россияда ўзларига муносабат ўзгарганини, меҳнат қилишларига қулай шарт-шароитлар яратилаётганлигини алоҳида таъкидладилар. Мустақиллик байрами арафасида ташкил этилган ушбу байрам тадбири орқали Ватан тафтини, қадрини олис ерларда яна бир бор ҳис қилганларини мамнуният билан тилга олдилар.
Тадбирда куй-қўшиқлар авжига чиқди. Йиғилганлар шўх тароналарга мириқиб ўйнадилар. Бундай учрашувлар ҳаётларида шижоат ва ғайрат беришини, она Ватанга садоқат, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисларини оширишини барча бирдек айтиб ўтди.
Концерт дастуридан сўнг меҳмону мезбонларга миллий таом - палов тарқатилди, деб хабар беради Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.