Оғир ҳолатдаги юрак қон-томир касалликлари ва коронавирус инфекцияси пандемияси даврида цереброваскуляр касалликлар сонининг кескин ошганлиги натижасида вилоятда ягона ихтисослаштирилган бўлим ҳисобланган кардиотерапевтик ва нейрореанимация бўлимларининг тиғиз режимда, катта юклама билан фаолият юритишига олиб келди.  

Бу эса Бухоро вилоятнинг барча ҳудудидан эҳтиётсизлик натижасида куйиш жароҳатини олганлар, заҳарланганлар, оғир ҳолатдаги ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга ихтисослашган ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш, даволашнинг сифат самарадорлигини яхшилаш, ўткир буйрак етишмовчилиги ҳамда экстрокорпорал токсикация билан оғриган беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ўз вақтида стандартлар бўйича ташкиллаштиришда қатор ноқулайликларни келтириб чиқаргани ҳам муболаға эмас.

Шу боисдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги тузилма кўринишида филиалнинг комбустиология бўлими биносида янгидан 6 ўринга мўлжалланган комбустиологик токсикология реанимацияси бўлими ташкил қилингани тиббий персоналнинг самарали фаолият юритиши учун қулай имконият бўлди. Янгидан ташкил қилинган бўлим очилишида филиал мутасаддилари ва шифокорлари билан бирга, вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдулхаков ва бошқа муассасалардан ҳамкасблар иштирок этдилар.

Комбустиологик токсикология реанимацияси бўлими мудири лавозимига кўп йиллик тажрибага эга мутахассис, филиалнинг олий тоифали реаниматолог врачи Яшнар Олимов тайинланди. Муҳими, эндиликда юқоридаги каби бахтсиз ҳодисаларга учраб, оғир жароҳат олиб касалҳонага ётқизиладиган беморларни имкон қадар тез фурсатда даволаб, оёққа турғазишда мазкур бўлим аҳамияти катта, албатта. 

РШТЁИМ Бухоро филиали ахборот хизмати