Ушбу тиббиёт муассасасида бир йилда 2 000— 2 200 га яқин жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бунинг 30 фоизи юқори технологик операциялардир. Филиалда 98 нафар шифокор, 459 нафар ҳамшира фаолият кўрсатади. Бу ерда 1 нафари тиббиёт фанлари доктори ҳамда 4 нафар тиббиёт фанлари номзоди илмий даражаларига эга шифокорлар хизмат вазифаларини ўтаб келяпти.
Филиал хизмат кўрсатиш сифати ва технологик салоҳиятини янада ошириш мақсадида замонавий тиббий ускуналар билан таъминланяпти. Куни кеча марказнинг тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи MINDRAY компанияси ҳамда «Медико-инновацион технологиялар» масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлган янги тиббий техника воситалари билан жиҳозланиши ҳам шулар жумласидандир.
Натижада тиббиёт муассасасида инновацион тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида оғир аҳволдаги ёки жарроҳлик амалиётидан чиқарилган беморларнинг саломатлигини таъминлаш ва мониторинг қилиш анча қулайлашди. Инсон соғлиғи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишда «олтин соат» оралиғида биринчи ёрдам кўрсатиш имконияти кенгайди.
Эндиликда марказда бош мия жароҳатидан тортиб, қорин бўшлиғи ҳамда кўкрак қафасида ўтказилиши лозим бўлган юқори технологик жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш мумкин бўлади.
Ўрнатилган техникалар беморларни парвариш қилишнинг сифати ва самарадорлигини оширишга, интенсив терапия бўйича барча маълумотларни бирлаштириш орқали асоратлар хавфини камайтиришга, оғир шароитларда беморларнинг самарали мониторингини таъминлаш ва барча тиббий маълумотларга керакли жойда ва тезкор киришни таъминлашга қаратилган, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.