Ўшанда у менга япон ёзувчиси Ясунари Кавабатанинг, “Гўзаллик билан учрашувдан завқланганингда сен дўстларинг ҳақида бутунлай бошқача ўйлайсан, улар билан қалбингда жўш урган қувончингни баҳам кўришни истайсан. Яъни, гўзаллик юрагингда кучли ҳамдардлик ва муҳаббат уйғотади, ана ўшанда “дўст” сўзи “инсон” сўзига айланади”, деган сўзларини таъкидлаб ўтган эди. Гарчи бугунги замонавий имконлар туфайли у  билан ижтимоий тармоқ орқали сўзлашган бўлсам-да, Она Ўзбекистонимизга муҳаббати кучли бу ёш ижодкор юрагининг ич-ичида порлаётган Юрт меҳрини, чин фарзандлик масъулиятини ҳис қилдим. 

Нодирахон, яқинда биз ўзбек тили байрамини нишонладик. Байрам куни сиз Япониядан қўнғироқ қилиб бу йилги байрамга ажойиб туҳфа тайёрлаганингизни айтиб бизни ҳам хурсанд қилдингиз.

– 2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон  Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Қонунга кўра, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Ушбу қонун айнан севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий таваллуд топган кунда имзоланиши мени жуда қувонтириб юборган эди. Ўз юртингдан олисда туриб бундай хабарни эшитиш одамга бошқача таъсир қилар экан. Ўша куни келгуси йилда нишонланадиган байрамга, албатта, муносиб туҳфа тайёрлашни кўнглимга тугиб қўйган эдим. Тўғриси, болаларим ёш бўлганлиги боис орада режалаштирилган ишларим бироз ортга сурилди. Лекин уларнинг бир қисмини бўлса-да, амалга оширганимдан жуда хурсандман.  Яъни ўзбек халқ эртакларини япон тилига ўгиришга муваффақ бўлдим. Ўнта энг машҳур ўзбек халқ эртакларини саралаб олдим. Уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида расмли китоб ҳолида нашр қилдирмоқчиман. Бу жараёнда менга япониялик рассом Ямада Мичико катта ёрдам беряпти. Унинг таъкидлашича, ўхшаш эртакларимиз жуда кўп экан. Мисол учун “Зумрад ва Қиммат” эртаги японларнинг “Огикубо моногатари”эртагига жуда ўхшаб кетади.

    Байрам куни Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг, “Мен алоҳида мамнунлик билан айта оламанки, Японияда ҳам ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизикиш тез ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки қадимий Буюк ипак йўли орқали ўзбек ва япон халқлари маданий ва савдо алоқалари қилганлар. Бу икки дўст халқнинг тили ва маданиятида ўзаро ўхшашликлар мавжудки буни сизлар янада кенгроқ тадқиқ этасизлар деб умид қиламан”, деган сўзлари мени янада руҳлантириб юборди. Янада кўпроқ изланишга, ижод қилишга аҳд қилдим.

– Айни пайтда Токио хорижий тиллар университетида 50 га яқин япон талабаси ўзбек тилини ўрганаётган экан. Сиз она тилимизни, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни тарғиб қилиш борасидаги қатор лойиҳалар муаллифи сифатида ўзбек тилига қизиқиш билан қараётган япон ёшлари билан қандай ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш истагидасиз?  

Ҳа, катта мақсадларни олдимга қўйганман. Турмушга чиқишдан олдин докторлик учун илмий тадқиқотлар курсини битириб, JICA лойиҳаси бўйича таржимон ва япон тилини ўргатадиган муаллим сифатида фаолият олиб бордим. Фарзандларим туғилгач, уйда ўтириб, уларнинг тарбияси билан банд бўлдим. Бироқ ана шу жараёнда вақт ва имкон топиб азалий орзуим бўйича Ўзбекистон-Япония маданият маркази лойиҳасини ишлаб чиқдим. Ушбу марказдаги таржимонлик бўлимида икки давлатнинг энг машҳур асарлари тарғиб қилинади. Кимоно бўлимида эса японларнинг миллий либослари ўзбегим адрасларига уйғунлаштирилиб янги урфда тикилади.  Таъкидлаганингиздек, ушбу марказда бир нечта лойиҳа бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик қилинади. Японияда кичик Ўзбекистон ташкил қилиш мақсадим анча йиллардан сўнг бўлса ҳам амалга ошганидан ниҳоятда хурсандман.

 Ўзбекистон маданияти Марказий Осиё халқларининг кўп асрлик анъаналари ва трумуш тарзи билан боғлиқ бой тарихга эга. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган юртимиз ҳудудида кўплаб меъморий ёдгорликлар, қадимий қалъа ва қасрлар, сирли ва ноёб табиат ёдгорликлари ва халқ оғзаки ижодининг ноёб элементлари сақланган бўлиб, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари томонидан муҳофаза қилинмоқда. Ушбу маданий-тарихий меросимизни япон халқига таништириш менга фахр ва ғурур бағишлайди.     

Марказимиз томонидан юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришни мақсад қилганмиз.  Миллий маданий марказ қошида “Ўзбек тили ва маданияти” курслари ҳамда “Ўзбек якшанба мактаблари” фаолият олиб боради.

Шунингдек, она Ватанимиз нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишлар ва лойиҳалар амалга оширилади. Японияда мураккаб вазиятга тушиб қолган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, иш билан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши менга янада куч-қувват ва ғайрат бағишлади. Чунки ушбу қарорда бизнинг орзуларимиз ва режаларимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлган муҳим вазифалар белгиланган  экан. 

Шу билан бирга Япония телевидениеси билан шартнома тузганмиз. Айни келишувга кўра мен ўзбек тили, маланияти ва қадриятлари ҳақида ҳикоя қилувчи қизиқарли лавҳалар тайёрлаб бораман. Япон дўстларимиз кўпроқ миллий таомларимизни тайёрлашни ва истеъмол қилишни ёқтиришади.

Японияга келган илк дамларимда ош дамлаган кунларим косага солиб қўшниларга тарқатишни яхши кўрар эдим. Мазали пишириқларимдан ҳам кўп бора баҳраманд бўлишган. Патир нонни ҳам тез-тез газ патнисида бўлса ҳам пиширишни канда қилмайман. Мен тайёрлаган таомларнинг мазаси ҳақида қўшниларим телевидениеда ишлайдиган журналистга роса мақтаб гапиришибди. Кўрсатувга таклиф қилишганида уларнинг ҳар бирини тайёрлаб кўрсатдим. Бир куни нон ва нон маҳсулотлари тайёрланадиган корхона директори ходимлари билан мени йўқлаб келди. Улар ўзлари тайёрлайдиган маҳсулотлар рўйхатига ўзбек патирини ҳам киритишибди. Роса хурсанд бўлдим ва уларга патир нонимизнинг турлари ҳақида гапириб бердим.

Мен ўзим япон таомларидан сушини жуда яхши кўраман. Айни пайтда бу таомни бемалол ўзим тайёрлай оламан.  

– Сизни  Япония ва япон тили билан боғлаган самимий ришталар қачон пайдо бўлган?  

Хабарингиз бор, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Сибир томондан юборилган япон аскарлари Ўзбекистоннинг бир нечта шаҳар ва вилоятларидаги қурилиш ишларига жалб этилган. Бувам Алишер Навоий номидаги катта академик театри қурилишида иштирок этган. Ва ана шу жараёнда япон қурувчилар билан дўстлашиб қолган.  Улар ҳақидаги ёрқин хотираларини гоҳ кўзда ёш, гоҳ табассум билан менга сўзлаб берган. Япон дўстлари ҳақидаги ҳикояларига бўлган қизиқишимни кўриб, бувам шундай насиҳат қилган: “Катта бўлсанг, япон тилини пухта ўрганиб, Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, албатта, ўз ҳиссангни қўшасан.”  

Шунинг учун мен болалигимдан репетитор ёрдамида япон тилини ўргана бошлаганман. Кейинчалик эса Ўзбекистон давлат Шарқшунослик институти лицейида, мазкур институтнинг бакалавр ва магистр босқичларида япон тилини ўргандим. Япониянинг Осака Кансаи институти, Токио жаҳон тиллари университети ва Цукуба университетининг магистр ва докторлик курсларида ҳам таҳсил олдим.

– “Ўзбекистон, Япония ва мен” деб номланган иншолар танлови сизнинг ҳаётингизда муҳим ўрин тутган экан...

Ушбу танлов менга кунчиқар давлатга олиб борадиган эшикларни очиб берди. Ўшанда биринчи курс талабаси эдим. Япония элчихонаси томонидан 18 ёшдан 55 ёшгача бўлганлар ўртасида танлов ўтказилаётганини эшитиб роса хурсанд бўлганман. Ушбу танловга 187 нафар ўзбекистонликлар ўз иншоларини жўнатишган. Танлов кенг миқёсда ўтказилгани боис ғолиб бўлишни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Шунинг учун ота-онамга тақдирлаш маросимига борманглар, ўрин олмаган бўлсам, хафа бўлиб қоласизлар, деганман. Буни қарангки, кутилмаганда мен ёзган иншога 1-ўринни беришди.  Тақдирлаш маросимида иншони титроқ овоз билан ўқиганимда бутун зал, ҳатто элчи жаноблари ҳам кўзда ёш билан тинглагани ҳеч ёдимдан кетмайди.

  – Илк сафарингиз чоғида ушбу давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги қандай ютуқлар сизни ҳайратга солди? Японларнинг хотин-қизларни қадрлаш бобидаги қайси фазилатларини айта оласиз?

– Тарихдан маълумки, Япония давлати давлат Иккинчи жаҳон урушида катта инқирозга учраган. Аммо 1966 йилда олимпия ўйинлари ўтказилганида Япониянинг  жуда тез суръатларда ривожланганини кўриб, бутун дунё лол қолган экан. Бу ерда кун ора содир бўладиган зилзилалардан чўчимай муҳташам ва осмонўпар бинолар барпо этишганига тан бермасдан иложингиз йўқ.

Японияда инфраструктура ҳам ниҳоятда оқилона тузилган. Шаҳар қурилиши ва ундаги ҳар бир нарсанинг ўз вазифаси бор. Айниқса, ногиронларга яратилган қулайликларни кўриб ҳавасингиз келади. Автобус ва метроларда махсус жой, улар бемалол чиқиб-тушишлари учун махсус ишчилар шай туришади. Кўзи ожизлар учун турмуш ҳаётнинг барча жабҳаларида махсус мослама ўқилма ва махсус йўлакчалар қилинган.

Япония давлатида ҳам хотин-қизларга бўлган эътибор юртимиздаги каби қадриятга айланган. Эътироф этишга арзирли ишлардан бири, метрода аёллар учун махсус вагонлар ажратилган. Ва бу вагонлар чиройли, нафис  безаклар билан сайқалланган.

Жамиятнинг турли жабҳаларда ҳам қулайликлар бисёр. Фарзандли аёллар ҳам бемалол ишлашлари учун иш жойининг ўзида бепул боғчалар ташкил қилинган. Оналар болаларини эрталаб ишга бирга олиб кетадилар.

Ҳомиладор аёллар учун ҳам аҳамиятга молик имтиёзлар белгиланган. Ҳомиладор аёллар рўйхатдан ўтганидан сўнг ҳокимият томонидан улар учун берилган махсус брилокни сумкасига осиб олишади. Бу ҳолат орқали ҳомиладор аёлларга ҳар томонлама имтиёз яратилади. Иш жойларида эса иш соатлари қисқартириб берилади.

Фарзандларингизни тарбиялашда япон аёлларидан нималарни ўрганяпсиз? Турмуш ўртоғингиз сиз амалга ошираётган ишларга қандай муносабат билдиради?

– 2014 йилда юртдошим Шуҳрат Норбоевга турмушга чиқдим. Биринчи суҳбатимизданоқ Шуҳрат ака иқтисодчи бўлишларига қарамай тил ва адабиёт, мусиқа, таржима борасидаги мулоҳазалари билан мени ҳайратга солган. Қизимиз Самиахон 6 ёшда. Ўғлим Мустафо эса 3 ёшга кирди. Турмуш ўртоғим билан дунёқарашимиз ва қизиқишларимиз жуда мос келган. Шуҳрат ака ҳар бир соҳадаги ишларимни тўри тушуниб, мени қўллаб-қувватлайдилар. Мен жуда бахтли аёлман. 

Японларнинг ўзлари таълим-тарбиядаги кўҳна усулларни ягона тўғри усуллар деб ҳисоблашмайди. Сўнгги вақтларда ғарб қадриятлари уларнинг анъаналарига катта таъсир кўрсатмоқда. Бироқ менга японча ёндашувнинг асосий тамойили маъқул бўлган. Бу усул болаларга сокинлик, сабр ва меҳр билан ёндашувни ўргатади. 

Япон адабиётидаги жанрлар ва асарлар ўзбек адибларини ҳамиша қизиқтириб келган...

Аксарият таржималар япон тилидан, яъни аслиятдан ўгирилмаган. Бироқ  Ўзбекистон халқ шоирлари Рауф Парфи ва Хуршид Даврон, ёзувчи Олим Отахон ва шоира Ойгул Суюндиковаларнинг таржималари аслиятга жуда яқин эканлигидан ҳайратланганман.

Нацуэмэ  Сосэкининг “Қалб” романи нима учун сизни ўзига жалб этди?

– Биринчи марта Японияга келганимда китоб дўконидан китоб сотиб олмоқчи бўлганман. Бир неча китоблар орасидан “Кокоро” сарлавҳаси диққатимни тортган. Чунки бу сўз мен бувамдан ўрганган биринчи японча сўз эди. Шундай қилиб япон тилида ўқиган биринчи асарим Нацуэмэ Сосэкининг “Қалб” романи эди. Ва бу асарни илмий ишим мавзуси учун асос қилиб танладим. Романнинг лигвопоэтик хусусиятларини ўрганиш учун астойдил таржима қилдим. Мазкур асарнинг ўзига хослиги шундаки, меҳр-оқибат, дўстлик, қариндошлик ришталари, ота-она ва фарзанд, устоз ва шогирд муносабатлари ҳакида гап боради. Ёзувчи асарда шундай савол қўяди:  инсон учун қай бири даҳшатлироқ – маънавий етишмовчиликми ёки моддий етишмовчилик? Албатта, маънавий томондан қашшоқлик ҳамма нарсадан ёмон.

Мен таржима жараёнида ёзувчининг фикри ва ҳиссиётларини бузмаган ҳолда ўзбек китобхонига тушунарли бўлган халқчил сўзлардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ва аслиятдан қилинган таржима мен учун катта аҳамиятга эга.

–   Айни пайтда қайси асар таржимаси билан бандсиз?

– 2018 йилнинг август ойида япон тилида ёзилган ҳикояларимни бир китобга жамлаб, япониялик болаларга тақдим этдим. Ушбу китоб “Ўзбек ва япон аскарининг дўстлиги” деб номланади. “Яна бир бор сакура гулини кўриш насиб этармикан?” деб номланган ҳикоямни япониялик болалар жуда катта қизиқиш билан ўқишди. Телевидение, радио ва газеталарда бу ҳикояга қайта-қайта муносабат билдиришганига хурсанд бўлдим. Ўз юртини соғинган япон аскарининг кечинмаларини ўзим ҳам кўзимда ёш, юрагимда эса чексиз муҳаббат тафти билан қоғозга туширганман. Бу тарихий ҳикоя апрель ойидан бошлаб Японияда бошланғич синфлар дарсликларига киритиладиган бўлди. Япониядаги боғчалар кутубхоналарига ҳам тарқатилди. Мазкур ҳикоянинг ўзбекча матнини  ўзимизнинг болажонларга ҳам тақдим этиш ниятим бор.

Жорий йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу борада она юртимида ўтказилаётган барча тадбирлар ва тантаналарни катта қизиқиш билан кузатиб бордим. Шу билан биргаликда Алишер Навоий ғазаллари ва рубоийлари борасидаги асосида видеосабоқлар тайёрлаб уларни турли ўқув масканларида намойиш қилдим. Япон ёшлари мумтоз шеъриятимизнинг чуқур фалсафага ва мушоҳадага чорлагувчи намуналарини ҳайрат билан тинглашди. Айниқса, Soka университетида қурилган Алишер Навоий ҳайкали ёнида ташкил этилган мушоира иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.    

 Келгусида Алишер Навоий асарларини пухта ўрганиб, қурбим етганича япон тилига таржима қилиш ниятим ҳам бор. Бу жараён катта масъулиятни ва билимни талаб қилади. Шу боис астойдил изланиб бобомиз асарларини ўрганишга аҳд қилганман.  

– Бир суҳбатингизда японлар ўзбек тўйларига жуда катта қизиқиш билан қарашларини айтиб ўтган эдингиз. Япониядаги тўй маросимлари қайси жиҳатлари билан сизда катта таассурот қолдирди?

– Японияда тўй маросимлари жуда ихчам ва шинам ўтказилади. Атиги 50 нафар одам иштирок этади. Тўй-маросим харажатлари ота-она эмас, балки икки ёш пешона тери билан ишлаб топган маблағ ҳисобига қопланади. Куёв бўлмиш янги оила учун уй-жойни қуриб ёки сотиб олиб, барча жиҳозларини ҳам ўзи ҳозирлайди. Шунинг учунми ажрашишлар жуда кам учрайди. Одатда японлар 18 ёшга тўлиши билан ўз устида ишлаб ўқишдан ташқари меҳнат қилиб ота-оналари қанотига киради. Эътиборли жиҳатларидан бири, эрта турмуш қуриш ҳола ти умуман учрамайди. Аёллар учун 28-30 ёш, эркаклар учун 30-35 ёш белгиланган.

Тўйлар миллий ва замонавий қисмларга бўлинади. Дастлаб келин ва куёв миллий либос ҳисобланган кимонони кийиб, ибодатхоналарга боришади. Замонавий қисмида эса оқ кўйлак ва костюм-шим кийиб яқинлари билан зиёфат қилишади. Ана шундай маросимларда қатнашганимда ўзимизнинг юртимиздаги тўйлар ва маросимларнининг файзи барибир бошқача эканлигига амин бўламан.    

–  Яна қандай лаҳзаларда Ўзбекистонимизни соғинасиз?

– Биласизми,  сакура гулларига боққанимда ҳовлимизда қийғос гуллаган бодом ва олча гуллари ёдимга тушади. Турмуш ўртоғим билан фарзандларимизни етаклаб юрган чоғларимизда ширин хотираларимни қайта-қайта ҳикоя қилиб бераман. Раҳматли отам ва онам гуллаган олча дарахтлари тагига стол қўйиб биз болаларга эртаклар ўқиб берган лаҳзаларни қўмсайман. Дадам раҳматли Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини баланд овозда бизга фахр билан ўқиб берганлари ҳалигача қулоғим остида янграйди. Биз ёдлашимиз зарур бўлган шеърлар рўйхати эса ҳалигача кўз ўнгимда туради. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Она тилим” деб номланган шеърини ҳар гал дадамга чучуккина тилларим бидан ёддан ўқиб берганимда, “Она тилим, сен борсан, шаксиз”, деган мисраларини адаштириб юборар, “Она тилим, сен борсан, шукй” деб айтган чоғимда дадам, “Бу гапинг ҳам тўғри, қизим, шундай бетакрор ва гўзал тилимиз бўлмаганида нима бўлар эди. Шукрким, Алишер Навоийдек боболаримиз бизга шундай бебаҳо хазинани мерос қилиб қолдирган экан”, деб сочларимни силаб қўярдилар.  

 Суҳбатимиз сўнгида япон шоири Мёэнинг мана бу мисраларини эсладим: “Юрагимнинг ичидан ёрқин нур таралмоқда. Бу ёғду балки ойга ўз аксидай кўринаётгандир.”Нодира ҳам ушбу мисраларни ёқтиришини таъкидлаб, биласизми ҳозир мен сиз билан қандай гаплашяпман, бир қўлимда ўғлимни кўтариб, бир қўлим билан қизалоғимнинг сочларини силаяпман,юрагимда эса Ватан соғинчи ва муҳаббатидан тўлишган Ой бор,  деди.  

 Ҳа, юртдан олисда туриб Ватан ҳақида ўйлашнинг, одамларга бу муқаддас заминнинг тарихи, тили,урф –одатлари ва бугунги кунидан ҳикоя қилишнинг завқи, салмоғи бошқача бўлади. Нодира Аминова Ўзбекистон фарзанди эканлигидан фахрланади, эртанги кунини ушбу юрт равнақи ва ёруғ хаёли билан кўради. Шу боис ҳам уни ҳамиша ғолиблар сафида деб билишга ҳақлимиз. 

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Мухтасар Тожимаматова суҳбатлашди.